Ангренда ҳаракатдаги Isuzu юк автомобили ёниб кетди

Фото: Тошкент вилояти Йўл ҳаракати хавфсизлиги бошқармаси
Бугун, 12 май куни Тошкент вилоятининг Ангрен шаҳри ҳудудида юк автомашинасида ёнғин содир бўлди. Ҳодиса Тошкент вилояти Йўл ҳаракати хавфсизлиги бошқармаси томонидан тасдиқланди.
Маълумотларга кўра, соат тахминан 05:00 атрофида А-373 “Тошкент–Ўш” автомобил йўлининг 91-километрида 1985 йилда туғилган ҳайдовчи бошқараётган Isuzu русумли юк автомобилида ҳаракатланаётган вақтда юкхона қисмида ёнғин чиққан. Оқибатда транспорт воситасининг бир қисми аланга олиб, қисман шикастланган.
Қайд этилишича, ёнғин тезкор равишда бартараф этилган ва йўл ҳаракати иштирокчиларининг саломатлигига зарар етмаган.
Ҳозирда ҳолат юзасидан Ангрен шаҳар Фавқулодда вазиятлар бўлими томонидан текширув ишлари олиб борилмоқда. Мутахассислар ёнғиннинг аниқ сабабларини ўрганишмоқда.
Фавқулодда вазиятлар хизмати бундай ҳолатларнинг олдини олиш учун транспорт техник ҳолатини мунтазам текшириб бориш муҳимлигини таъкидламоқда.
“Zamin”ни Telegram'да ўқинг!