Қарздорни топишга собиқ турмуш ўртоғи ёрдамлашди

Мажбурий ижро бюроси Хоразм вилояти бошқармаси қидирув шўъбаси томонидан қидирувдаги шахслар ва мол-мулкларни аниқлаш бўйича тизимли ишлар олиб борилмоқда.
Бошқарманинг туман ва шаҳар бўлимлари томонидан суд қарорларига асосан қарздор деб топилган 288 нафар шахсга нисбатан қидирув эълон қилинган.
Жорий йилнинг ўтган даврида, 96 нафар қидирувдаги шахслар топилиб, кейинги ижро ҳаракатлари амалга оширилди.
Биргина, май ойида қидирувдаги 8 нафар шахслар топилиб, давлат ижрочилари ихтиёрига юборилди. Жумладан, Фуқаролик ишлари бўйича Боғот туманлараро судининг ижро ҳужжатига асосан қарздор С.О.дан ундирувчи Р.М.нинг фойдасига бир нафар фарзандининг моддий таъминоти учун ойлик иш ҳақи ва бошқа даромадларининг 1/4 қисми миқдорида алимент ундириш белгиланган.
Ижро ҳужжати Бюронинг Тупроққалъа тумани бўлими иш юритувига келиб тушган ва ижро ҳаракатларига киришилган.
Бироқ қарздорни яшаш манзилидан топишнинг имкони бўлмаганлиги сабабли қидирув эълон қилинган.
Шундан сўнг, қарздорнинг собиқ турмуш ўртоғи билан бўлган суҳбатда, қарздор яшаб келаётган манзили ҳақида маълумотлар олинди ва Қидирув шўъбаси ходимлари томонидан олиб борилган қидирув тадбирлари натижасида, қарздор Ҳазорасп туманидаги шаръий никоҳидаги турмуш ўртоғининг хонадонидан топилди.
Унинг алиментдан қарзи 01.06.2026 йил ҳолатига 34,4 млн сўм эканлиги аниқланди.
Қарздор С.О.га нисбатан Ўзбекистон Республикаси МЖтКнинг 47-4-моддаси билан маъмурий баённома расмийлаштирилиб, судга оширилган. Жиноят ишлари бўйича Тупроққалаъа тумани судининг қарорига асосан қарздор С.О.га нисбатан 15 сутка маъмурий қамоқ жазоси тайинланди.






























Изоҳлар 0
…