Ёшларни давлат хизматига қабул қилиш тартиби енгиллаштирилади

2026 йил 1 июлдан Ўзбекистонда ёшларни давлат хизматига қабул қилиш жараёнларида янги тартиблар амал қила бошлайди. Ўзгаришлар танловларни очиқ ва шаффоф ўтказиш, шунингдек, ёш мутахассисларнинг давлат идораларида иш бошлаш имкониятларини кенгайтиришга қаратилган.
Янги тартибга кўра, давлат хизматига қабул қилиш бўйича танловнинг суҳбат босқичида бериладиган саволлар олдиндан эълон қилиниши шарт. Саволлар тегишли давлат органининг расмий веб-сайтига суҳбат ўтказилишидан камида бир ой аввал жойлаштирилади.
Муҳими, белгиланган муддатда эълон қилинмаган саволларни номзодларга бериш тақиқланади. Бу талаб суҳбат жараёнида барча иштирокчилар учун тенг шароит яратиш ва кутилмаган саволлар орқали номзодларга босим ўтказилишининг олдини олишга хизмат қилади.
Шунингдек, ички танлов ўтказиш талаб этилмайдиган лавозимлар ҳамда номзодлардан умумий ёки махсус иш стажи сўралмайдиган вазифаларнинг алоҳида рўйхати тасдиқланади.
Иш тажрибаси талаб қилинадиган лавозимлар учун ҳам аниқ чеклов белгиланмоқда. Бундай ҳолатларда номзоддан кўпи билан икки йиллик умумий ёки мутахассислик бўйича иш стажи талаб қилиниши мумкин. Демак, кўп йиллик тажрибага эга бўлмаган ёшлар учун ҳам давлат хизматига кириш имкониятлари ортади.
Янги тартиблар давлат идораларига билимли ва салоҳиятли ёш кадрларни жалб қилиш, танлов жараёнида ягона ёндашувни таъминлаш ҳамда ишга қабул қилиш тизимини янада адолатли ташкил этишни кўзда тутади.































Изоҳлар 0
…