Янгиқўрғонда 423 туп каннабис етиштирилгани фош этилди

«Хавфсиз ва соғлом юрт» тезкор-профилактик тадбирлари доирасида Хоразм ва Наманган вилоятларида гиёҳванд моддалар билан боғлиқ икки ҳолат аниқланди.
Давлат хавфсизлик хизмати, ички ишлар ва божхона органлари ходимлари ҳамкорлигида Хоразм вилоятининг Урганч туманида тезкор тадбир ўтказилди.
Тадбир давомида муқаддам судланган шахс Россия Федерациясидан такси орқали юборилган жўнатмани қабул қилиб олаётган вақтда тўхтатиб текширилган.
Текширув натижасида жўнатма ичидаги 10 дона шоколад пакетига яширилган жами 967 грамм гашиш моддаси топилган. Ушбу модда ашёвий далил сифатида расмийлаштирилди.
Иккинчи ҳолат Наманган вилоятининг Янгиқўрғон туманида қайд этилган. ДХХнинг Наманган вилояти бўйича бошқармаси ва ички ишлар органлари ҳамкорлигида ўтказилган тадбирда маҳаллий фуқаро ўз ер майдонида 423 туп каннабис ўсимлигини етиштириб келаётгани аниқланган.
Маълумотга кўра, у ушбу ўсимликларни кейинчалик сотиш мақсадида парвариш қилган. Ҳолат процессуал тартибда расмийлаштирилган.
Ҳозирда ҳар икки фуқарога нисбатан жиноят ишлари қўзғатилган. Тергов ҳаракатлари давом этмоқда.































Изоҳлар 0
…