Тўйдан маст чиққан 60 ёшли эркак автобусни олиб қочди

Тўйдан маст чиққан 60 ёшли эркак автобусни олиб қочди

Сурхондарё вилояти Ангор туманида тўйдан маст ҳолда чиққан 60 ёшли эркак ғалати жиноятга қўл урди. У ободонлаштириш бошқармасига тегишли автобусни олиб қочиб, бошқа тумангача ҳайдаб борган.

Маълум бўлишича, эркак тўйга бориб, спиртли ичимлик истеъмол қилган. Кейин ташқарига чиққан вақтида яқин атрофда турган “Isuzu” автобусини кўрган.

Автобус Ангор тумани ободонлаштириш бошқармасига қарашли бўлган. Ҳайдовчи ишчиларни манзилга олиб келгач, автобус эшигини очиқ қолдириб, уларнинг олдига кетган. Калит ҳам транспорт воситасида қолган.

Ҳайдовчи бироздан сўнг автобусни бегона киши бошқариб кетаётганини кўриб қолган. Уни тўхтатишга улгурмаган ва зудлик билан “102” рақамига хабар берган.

Шундан кейин ички ишлар ходимлари қидирув ишларини бошлаган. Автобус Музработ тумани ҳудудида йўл тўсилиб, тўхтатилган.

Қайд этилишича, қочиш вақтида эркак автобусни ҳатто қарама-қарши йўналишда бошқарган. У судда айбига иқрор бўлган ва ўша куни маст бўлгани сабабли қилган ҳаракатларини тўлиқ эслай олмаслигини айтган.

Суд эркакни транспорт воситасини олиб қочишда айбдор деб топди. Унга 4 йил муддатга озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланди.

Изоҳлар 0

…

Мавзуга оид янгиликлар