Қашқадарёда тўйдан маст ҳолда қайтган эркак 64 ёшли кишини уриб ўлдирди

Қашқадарёда тўйдан маст ҳолда қайтган эркак 64 ёшли кишини уриб ўлдирди

Қашқадарё вилояти Қарши туманида тўйдан маст ҳолда қайтган эркак йўл четида ўтирган 64 ёшли нотаниш кишини уриб, унинг ўлимига сабаб бўлди. Суд ҳукмига кўра, айбдор 8 йилга озодликдан маҳрум қилинган.

Маълум бўлишича, воқеа жорий йилнинг 4 апрель куни содир бўлган. Суд ҳужжатларида қайд этилишича, эркак Миришкор туманида яшовчи танишининг тўйидан маст ҳолда чиққан. У соат 23:00 атрофида танишларининг автомобилида Қарши туманидаги Ўзбекистон Мустақиллиги маҳалласи ҳудудига келган.

Эркак автомобилдан тушганидан сўнг йўл четида ўтирган, ўзига нотаниш 64 ёшли эркак билан тортишиб қолган. Кейинчалик тортишув жанжалга айланган.

Суд ҳужжатларига кўра, судланувчи жабрланувчининг устига чиқиб, унинг юзи, бурни ва танасининг турли қисмларига қўллари билан бир неча марта зарба берган. Шундан сўнг у оғир аҳволда қолган эркакка ёрдам кўрсатмасдан воқеа жойини тарк этган.

64 ёшли эркак олган оғир тан жароҳатлари оқибатида воқеа жойида вафот этган.

Суд ҳукмига кўра, эркак 8 йил муддатга озодликдан маҳрум қилинган. Шунингдек, ундан марҳумнинг қонуний вакили фойдасига дафн маросими харажатлари учун 30 миллион сўм моддий зарар ундириш белгиланган.

Изоҳлар 0

Мавзуга оид янгиликлар