Худоёрхон ўрдасида тадбир ўтказган директор жазоланди

Худоёрхон ўрдасида тадбир ўтказган директор жазоланди

Қўқон шаҳридаги тарихий Худоёрхон ўрдаси ҳудудида тегишли келишувларсиз кўнгилочар тадбир ўтказилган. Ҳолат ортидан “Қўқон” давлат музей-қўриқхонаси директорига интизомий жазо қўлланилди.

Маданий мерос агентлиги маълум қилишича, 3 октябрь куни Худоёрхон ўрдаси ҳудудида “А.клуб” номи остида аёллар иштирокида “Чопон пати” тадбири ташкил этилган. Бироқ мазкур тадбир агентлик билан белгиланган тартибда келишилмаган.

Амалдаги талабларга кўра, давлат музейлари ва музей-қўриқхоналарида ўтказиладиган маданий-маърифий, оммавий ҳамда бошқа тадбирлар олдиндан Маданий мерос агентлиги билан мувофиқлаштирилиши лозим.

Худоёрхон ўрдаси маданий мерос объекти ҳисоблангани боис, унинг ҳудудида ҳар қандай тадбирни ташкил этишда тарихий қиёфани сақлаш, объектни муҳофаза қилиш ва ундан фойдаланиш қоидаларига амал қилиш талаб этилади.

Агентлик хабарига кўра, музей-қўриқхона директори М. Мавлонқулов хизмат вазифаларини лозим даражада бажармагани учун Меҳнат кодексининг 312-моддаси асосида “ҳайфсан” билан жазоланган.

Маданий мерос агентлиги келгусида тарихий объектлар ва музей-қўриқхоналар ҳудудидаги тадбирлар устидан назоратни янада кучайтиришини маълум қилди.

Изоҳлар 0

…

Мавзуга оид янгиликлар