11:26 / 30.03.2018
6 050

"Каптивали аравакашлар" ёхуд пойтахт "киборлар"и бозор-ўчарини қаердан қилади?

"Каптивали аравакашлар" ёхуд пойтахт "киборлар"и бозор-ўчарини қаердан қилади?
ЎзА мухбири Тошкентдаги Олой бозорида бўлиб, у ерда хизмат қилувчи “вип аравакашлар” ва "харажат қилиб берувчилар" билан суҳбат қурди. Қуйида ушбу мақолани тўлиқ келтирамиз.

“Машинангиз ва қўлингиздаги телефондан мени “клиент”ларимга унчалик ўхшамайсиз, соддагина одам кўринасиз. Мени мижозларим казо-казоларда...” деб гап бошлаган арава тортувчи йигит мени менсимаганини очиқ юзимга айтди қўйди. Ахир мен кимсан юқорида танишлари бўлган “вип аравакашлар” билан гаплашаётгандим. Улар билан танишиш шундай бошланди.

Бозор деганда одатда биз одам гавжум бўлиб, пўшт-арава, “опқолинг”, “келиб қолинг” деган бақир-чақир овозлар янграб турган, ерлар писта пўчоқ бўлган жой кўз олдимизга келади. Аммо “Олой” бозорига бу таъриф умуман ярашмайди. Ҳамма ер чиннидай, бир-икки бекорчи қизиқувчини айтмаганда, деярли олармон кўзга кўринмайди. Илк кўринган аравакашни саволга тортаман:

- Арава неча пул ука?
- 10 мингдан бошланади.

- Харажатини ҳам ўзингиз қилиб берасизми?
- Йўқ харажати билан қиладиган йигитлар бошқа хоҳласангиз чақириб бераман, деб йигит менга шундай йигитлардан бирини топиб берди.

Секин телефонимда овоз ёзиш фаолиятини ёқиб у билан суҳбатлаша бошладим. Унга меҳмондорчилик учун ҳаражат кераклигини айтдим ва дидим нозиклигини тушунтириб, мен хоҳлайдиган нозик дидли инсонлар дастурхонига мос харажат қилиб бероласизми, асосан кимларга хизмат қилиб ўргангансиз, дея секин уни саволга тутдим.

- Опа менга бемалол ишонаверинг. Мен унча-мунча одамларга бозорлик қилиб юрадиган йигит эмасман. Ц-1, Ц-2, “Сайрам” бозор тарафда, “Центр луначарский” кўчасида, Чорсу тарафларда, Узумзордаги янги маҳаллаларда нозик мижозларим бор. Шу пайтгача ҳеч ким харажатларимдан нолиган эмас. 500-600 минг сўмлик харажатлардан 30 минг сўмгина оламан, уйингизгача элтиб бераман. Қўшиқчи машҳур мижозларим ҳам бор, уйга, ишхонага, чиройли, бақувват қадоқлаб аэропортга ҳам элтиб берамиз, опа.

- Мижозлариз кўпми? Бир кунда бунақа харажатлардан нечтасини қилиб улгурасиз?
- Бир кунда 2-3 та, гоҳида умуман почин қилмаган кунларим ҳам бўлади. Каттароқ харажатлар бўлса 30 000 сўмдан кўпроқ олаверамиз. Мижозга қарабда, опа. 200 000 берадиган одамларим ҳам бор. Харажатлари шунга яраша бўлади-да. Бундан ташқари долларларда тўлайдиган танишлар ҳам талайгина. Қўлимга бир даста пулни бериб, “списка”ни тутқазишади. Нимани қанчага олганим билан қизиқишмайдиям. Хизмат ҳаққига ҳам яхшигина пул олиб турамиз. Кечасими, сахардами – қачон деса бозорликни уйларига етказиб бераверамиз.

- Айнан, Олой бозоридан харажат қилиш шартми?
- Албатта, шу ердан қиламиз-да. Мана, кўринг қўлимда “списка” билан бозорликни бошлаганман бир мижозимга кечга томон элтиб беришим керак. Уларга сара маҳсулот етказсам бўлди. Бизни мижозлар узумини еб, боғини суриштирмайдиган қатлам одамлардан. Савдолашиб олиш бошқа, пулини шартта тўлаб танлаб-танлаб олиш бошқа. Шунақа бозор қилишларга Олой бозори қулай.

- Шунақа аравакашлик орқасидан, Каптива олганлар ҳам бор дейишади ростми?
- Ҳа, Каптивани айтасиз марказларда уй олганлар ҳам бор. Ишини оддий аравакашликдан бошлаган. Бойларга, бозорлик қилиб бериб юриб, улар орқали таниш-билишчилик орттиради. Қишлоққа пул жўнатиб пулига мол олиб қўяди. Шунга ўхшаш қимирлаган топяпти, опа. Мен ҳам келганимда оддий аравакаш эдим. Эпчиллик қилиб, секин мижозлар орттириб, “тегимга” нексия олдим. Ҳозир мана энди, фақат “бозорлик”ка юраман. Арава тортиб сарғайиб юрганим йўқ.

- Сизга ўхшаган бозорлик қилувчи аравакашлар кўпми?
- Ҳа, кўп. 30 нафарча машинали уйингизга элтиб берадиган аравакашлар бор. Бойла...

- Мижозлар ҳам шунақа кўпми?
- Ҳа, опа 600 нафарча чиқади мижозларимиз. Бой ўзига-тўқ одамлар. Ишхоналарига ҳам вақти келса элтиб берамиз.

- Қайси, ишхонага..? Қизиқсинаб сўрадим. Бирин-кетин берилган саволларимдан кейин аравакаш йигит мендан шубҳалана бошлади.
- Опа, кўринишингиздан ҳеч бозорлик қилдирадиган аёлга ўхшамайсиз. Мободо хавфсизлик хизматида ишламайсизми? Журналистмасмисиз мободо? – шундай деб турганда аравакаш телефонга овоз ёзиб олаётганимни пайқаб қолди. Бозор чеккасида телефон талашиб олишиб кетганимизни айтмаса, аравакаш йигит билан танишувимиз ёмон кечмади. Телефонимни ва ичидаги ёзувларни омон сақлаб қолган ҳолда редакцияга югурдим.

Аравакаш йигитнинг айтишича, “Олой” бозори Тошкент бойларининг бозорлик қилувчи махсус жойига айланган. Йирик супермаркетларга одамлар ўзлари бориб, харажат қилишлари лозим. Бозордаги махсус аравакашлар эса, бойларга янаям қулайлик яратиб сара маҳсулотларни керакли вақтда “чопқиллаб” уйларига элтиб бермоқдалар. Тошкенти азимда бойлар кўпайгани ортидан аравакаш йигитлар ҳам пул топиб, турмушини ўнгламоқда. Бизнинг пешонамизга бойлармиз кўпайсин – дейди аравакаш йигит.

arenda kvartira tashkent

Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Жамият » "Каптивали аравакашлар" ёхуд пойтахт "киборлар"и бозор-ўчарини қаердан қилади?