07:30 / 22.07.2018
3 780

Давлат хизматлари агентлиги: қулайликлар кўпаяди... агар тўсиқлар бўлмаса

Давлат хизматлари агентлиги: қулайликлар кўпаяди... агар тўсиқлар бўлмаса
Фото: Давлат хизматлари агентлиги
Давлат хизматлари агентлигида кеча, 21 июль куни кенгайтирилган ҳайъат йиғилиши ўтказилди. Агентликнинг Жамоатчилик ва ОАВ билан алоқалар бўлими «Xabar.uz»га маълум қилишича, ташкилот ўтган 6 ойлик фаолиятини сарҳисоб қилиб, амалга ошириши лозим бўлган вазифаларни белгилаб олган.

Қўшимча хизматлар учун синов

Республикамизнинг ҳар бир ҳудудида жойлашган биттадан жами 14 та Давлат хизматлари марказида синов тариқасида халқимиз талаби юқори бўлган қўшимча хизматлар жорий этилди. Бу эса, одамлар бир масалада бир неча идорага бормасдан, бир жойнинг ўзида керакли хизматлардан фойдаланишини таъминлаяпти.

Бу хизматлар синов тариқасида жорий этилишидан асосий мақсад — улардан талаб энг юқори бўлганларини аниқлаш, керак бўлса улардан фойдаланиш тартибини соддалаштириш, келгусида бу хизматларни республикамизнинг барча туман (шаҳар) марказларида жорий этиш эди.

Давлат хизматлари марказлари 2017 йилда 32 турдаги 120 мингта хизмат кўрсатган, 2018 йилнинг апрель — июнь ойларида, яъни уч ойда 1 млн. 35 мингта ёки 100 турдаги хизмат аҳолига тақдим этилди.

Тўсиқлар ҳам йўқ эмас

Афсуски яратилаётган ана шу қулайликларнинг аҳолига тақдим этилишига тўсиқ бўлаётган идоралар ҳам йўқ эмас. Аҳолига хизмат кўрсатиш жараёнини таҳлил қилишда агентлик ва унинг ҳудудий бошқармалари томонидан 2018 йилнинг 6 ойи давомида 9 829 та қонун бузилиши аниқланди. Буларнинг 5 705 таси ҳокимлик органлари, 776 таси муҳандислик-коммуникация тармоқларига улаш, 538 таси қурилиш ва 47 таси кадастр идораларига тўғри келди.

Аниқланган қонунбузилиши ҳолатлари юзасидан 4 мингга яқин таъсир чоралари қўлланилиб, 183 нафар шахс интизомий жавобгарликка тортиди, 30 нафар шахс вазифасидан озод этилган, 155 нафар шахс эса маъмурий жавобгарликка тортилган.

Хизмат кўпми, демак, одамлар ҳам кўпаяди

Давлат хизматлари марказларида хизмат турларининг ортиши бу ерга одамлар оқими кўпайишига олиб келмоқда. Агар қиёсланадиган бўлса, 2017 йилда марказларга бир кунда ўртача 20 — 40 киши иш билан келган бўлса, 2018 йилда кунлик кўрсаткич 350 — 600 кишини ташкил этмоқда.

Ўз-ўзидан кўриниб турибдики, янги, замонавий, инновацион, келувчилар учун барча қулайликлари бор биноларни тезроқ қуриш керак. Агентлик мутасаддилари айни шу борада иш олиб боришяпти. Аввалига Наманган шаҳрида, кейинчалик Қўқонда барпо этилиб, халққа хизмат кўрсатаётган биноларнинг мантиқий давоми сифатида Андижон, Самарқанд, Нукус, Мирзачўл, Термиз ва Тошкент шаҳарларида ҳам Давлат хизматлари марказларининг инновацион биноларини давлат-хусусий шериклик асосида барпо этишга киришилди.

Йиғилишда таъкидланишича, ҳар бир ходим фаолиятни янада жонлантириш учун масъулиятни ошириши ва ташаббускор бўлиши, энг муҳими, халқимизга тезкор, қулай ва шаффоф хизматларни тақдим этишда сидқидилдан хизмат қилиши зарур.

arenda kvartira tashkent

Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Жамият » Давлат хизматлари агентлиги: қулайликлар кўпаяди... агар тўсиқлар бўлмаса