19:53 / 26.08.2018
6 613

Синглисининг ор-номуси учун етти йил озодликдан маҳрум қилинган ака қисмати

Синглисининг ор-номуси учун етти йил озодликдан маҳрум қилинган ака қисмати
2017 йил июль ойида Дилшод Самадов (мақоладаги исми-шарифлар ўзгартирилган) ишлаш учун Россия давлатига кетади. Шу йил ноябрь ойида Сурхондарё вилояти Бойсун туманида жойлашган яшаш уйига қайтиб келгач, маҳалладошларидан синглисининг ҳаракатлари ва ўзини тутиб туриши бежо эканлиги ҳақида турли хил гаплар эшитади. Д.Самадов синглиси ўзи билан бир қишлоқда яшовчи А.Саидов билан учрашиб юришини билиб қолади. Онаси ҳам бу гап-сўзларни тасдиқлаб, ўғлига “А.Саидов билан гаплаш, нияти жиддий бўлса, совчи юборсин, одамлар гап қиляпти” дейди.

Бир неча кун ўтгач Д.Самадов синглисининг ошиғи А.Саидовни қишлоқда учратиб қолиб, унга “Ука, бундай юришинг яхши эмас. Қўни-қўшни гап қиляпти. Совчиларингни юбор, катталарнинг рози-ризолигида синглим билан бошингизни боғлаб қўяйлик» деб Аҳмадга маслаҳат солади. Аммо йигит пинагини ҳам бузмай бу ҳақда кейинроқ ўйлаб кўришини айтади.

Шу аснода кунлар ўтиб, вазият чигаллашгач Д.Самадов А.Саидов билан синглиси С.Самадова ишқий муносабатда бўлиб келганлигини билиб, А.Саидовга совчи қўйиб, синглиси билан кейин гаплашишини айтади. Шунга қарамасдан, улар мунтазам учрашиб, ўзаро интим муносабатда бўлиб келади. 2017 йил 18 декабрь куни соат 17:00 ларда А.Саидов С.Самадова билан телефонда гаплашиб бир-бирларини ҳақорат қилаётганини гувоҳи бўлгач, синглисидан телефонни олиб қўяди ва А.Саидов билан сухбатлаша бошлайди. А.Саидов С. Самадовнинг синглиси билан бўлган воқеани айтиб қизнинг акасини камситади.

А.Саидов унга “Эркак бўлсанг Асомиддин тўйхонасига кел, мен шу ердаман ” деб айтганидан сўнг, Д.Самадов А.Саидовни қасддан ўлдириш мақсадида, яшаш уйи ошхонасида бўлган оқ дастали ошхона пичоғини ўзи билан олади ва пичоқни ўнг қўлининг енг қисмига солиб, соат 19:15 ларда Асомиддин тўйхонасига боради. Тўйхона ичида А.Саидовни қидириб топиб, тўйхонада фуқаролар орасида, жамиятда юриш-туриш қоидаларини қасддан ошкора менсимасдан, синглиси С.Самадова билан ишқий муносабатда бўлиб келган А.Саидовни ўлдириш учун ўзи билан олиб келган ошхона пичоғини чиқаради.

А.Саидовни икки маротаба чап қўлининг билак сохасига, бир маротаба орқа томонидан қорин бўшлиғининг чап томонига санчиб олган вақтда тўйхонада йиғилган фуқаролар томонидан А.Саидовга ёрдам бериш учун келиб, қутқариб қолинганлиги натижасида, жабрланувчи А.Саидовнинг ҳаёти сақлаб қолинади. Д. Самадов ўзига боғлиқ бўлмаган ҳолда қасддан одам ўлдириш жиноятини охирига етказа олмаган.

Мазкур жиноят иши жиноят ишлари бўйича Сурхондарё вилоят Бойсун туман суди раиси Ж.Худойбердиев раислигида очиқ суд мажлисида кўриб чиқилиб, 2018 йил 15 майдаги ҳукмига кўра судланувчи Д.Самадовга нисбатан жазо тайинлашда унинг чин кўнгилдан пушаймонлигини, оилавий ахволи оғирлигини, яшаш жойидан ижобий тавсифланганлигини, жабрланувчининг даъвоси йўқлигини, муқаддам судланмаганлигини жиноятнинг ижтимоий хавфлилик даражасини жиддий камайтирувчи ҳолат деб бахолаб, Ўзбекистон Рееспубликаси ЖК 25,97-моддаси 2-қисмининг “л” банди билан шу Кодекс 57-моддасини қўллаб, мазкур модда санкциясида назарда тутилганидан ҳам камроқ 7 (етти) йил муддатга озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланди.

Содир этилган жиноят юзасидан бўлиб ўтган суд мажлисида А.Саидов А.Самадова билан қай тариқа танишгани, у билан бир неча маротаба жинсий алоқада бўлганлиги сўзлаб берди. Бўлиб ўтган воқеалардан сўнг А.Саидов билан А.Самадова унаштирилган. Бебош қиз ниятига етди, у энди севиклиси билан турмуш қуради. Аммо акасининг қамалишига сабаб бўлган сингил бахтли бўла олармикан? Акаси озодликка чиққач, қандай қилиб кўзларига қарайди? Куёв-чи, у бу оилада ҳурмат топа оладими? Буниси бизга ноъмалум. Билганимиз, ўйламай ташланган қадам бир инсон умрининг заволига сабаб бўлди.

Манба: Hordiq.uz

arenda kvartira tashkent


Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Жамият » Синглисининг ор-номуси учун етти йил озодликдан маҳрум қилинган ака қисмати