09:24 / 04.09.2018
4 932

Саудиялик ўзбеклар вақфи 2019 йил 3000 зиёратчининг Ҳаж харажатини қисман кўтаради

Саудиялик ўзбеклар вақфи 2019 йил 3000 зиёратчининг Ҳаж харажатини қисман кўтаради
Тақдир тақозоси туфайли ўтган асрнинг 20-30-йилларида ўзбек миллати вакилларидан минглаб кишилар хорижий мамлакатларга, жумладан, Саудия Арабистонига чиқиб кетишга мажбур бўлган.

Улар Саудиянинг Макка, Мадина ва Тоиф шаҳарларида таълим, тижорат ва бошқа муҳим жабҳаларда фаолият юритиб, катта ҳурматга сазовор бўлишган. Жумладан, Макка ва Мадинадаги икки ҳарам – Масжид ул-Ҳаром ва Расулуллоҳ (с.а.в) масжидлари атрофида кўплаб ерларни сотиб олиб, вақф сифатида авлодларга қолдирган. Вақф бу, диний атама бўлиб, ислом йўлида фойдаланилиши ёки сарфланиши учун ажратилган ҳар қандай мулкдир. У асрлар оша қиёмат куни қадар ҳеч кимнинг мулкига айлантирилмай, фақат ҳақдорлар тамонидан эзгулик йўлида тасарруф этилади. Макка ва Мадина шаҳарларида Саудиядаги ўзбеклар томонидан вақф қилинган 300 дан зиёд иморат, бино, мадраса-ю масжид фаолият юритмоқда.

Олдинроқ хабар қилинганидек, Мустақиллик байрами арафасида Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Дин ишлари бўйича қўмита раиси ўринбосари, “Ҳаж-2018“ мавсумининг ишчи гуруҳ раҳбари Нуриймон Абулҳасан Ўзбекистоннинг Жидда шаҳридаги консуллиги ва Саудия университетларида таълим олаётган талабалар билан ҳамкорликда аждодларимизнинг маънавий – илмий меросини юртимизга қайтариш бўйича кўплаб дастурлар ишлаб чиқиб, амалий чоралар олиб бораётган эди. Ушбу дастур ва лойиҳаларнинг натижаси ўлароқ нафақат илмий меросни юртга қайтариш балки аждодларимиз юртимиз учун вақф қилган мулкларни ҳам ҳақдорларга тасарруф этиш бўйича музокаралар ташкил этилди. Жумладан, куни кеча Нуриймон Абулҳасан Жидда шаҳрида Мавароуннаҳр вақфлари қўмитаси раиси доктор Ҳабиб Мирза Бухорий ва ушбу қўмита раиси ўринбосари Муҳаммад Амин Мирза Бухорий билан учрашиб, аждодларимиз томонидан қолдирилган вақфларни уларга энг ҳақли бўлган авлодлар – Ўзбекистон фуқаролари учун ҳам сарфланиши масаласида келишувга эришди. Бу ҳақда қўмита Матбуот хизмати хабар бермоқда.

Музокаралар давомида доктор Ҳабиб Ўзбекистонда олиб борилаётган кенг кўламли ислоҳотлар, хусусан, диний йўналишдаги ижобий қадамларни юқори баҳолаб, саудиялик ўзбеклар вақфларидан тушаётган даромадларни ўз эгалари яъни, Ўзбекистондан ҳаж зиёрати учун келадиганлар учун сарфланиши кераклигини ва вақфларни қолдирганлар васиятлари тақозоси айнан адолатнинг талаби эканлигини таъкидлаб ўтди. Келишувга кўра, Саудия Арабистони Вақфлар қўмитаси уч ой ичида кейинги ҳаж мавсумигача бўладиган даромадларни ҳисоблаб, ўзбекистонлик зиёратчилар учун қанча пул ажратилишини ўрганиб чиқади. Режага мувофиқ, келаси ҳаж мавсумида вақфлар даромадидан тақрибан 3000 га яқин ўзбекистонлик ҳожининг Макка шаҳридаги меҳмонхоналар пули тўлаб берилади. Бу дегани, энди Ўзбекистоннинг тахминан 3000 зиёратчиси учун арзон ҳаж тўловлари дастури ишлаб чиқилади.

“Ҳаж-2018” мавсумининг ишчи гуруҳ раҳбари Нуриймон Абулҳасан бу ҳақда шундай деди: “Бу янгилик, шубҳасиз, Президентимиз Шавкат Мирзиёев бошлаган ислоҳотларнинг натижаси, уларнинг қутлуғ қадами самарасидир. Шу пайтгача мазкур вақф даромади қўшни давлатлар фуқаролари учун сарфланган. Энди эса бу мерос Мустақиллик байрами туҳфаси ўлароқ унинг асл ҳақдорлари бўлган халқимизга ҳам йўналтирилади”.

Нуриймон Абулҳасаннинг таъкидлашича, ўтказилган музокаралар истиқболда янада улкан самара бериши, Саудия Арабистони Вақф қўмитаси тадрижий равишда тўловларни кўпайтириб бориб, ўзбекистонлик барча ҳожиларнинг Макка шаҳридаги шинам ва замонавий меҳмонхоналарда бепул туришларини таъминлаши мумкин.

Ўзбекистон учун ниҳоятда манфаатли ва ўз вақтида ташкил этилган мазкур учрашув сўнггида Нуриймон Абулҳасан Мавароуннаҳр вақфлар қўмитаси аъзоларини, хусусан, қўмита раиси доктор Ҳабиб Мирза Бухорийни Ўзбекистонга таклиф қилди.

arenda kvartira tashkent


Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Жамият » Саудиялик ўзбеклар вақфи 2019 йил 3000 зиёратчининг Ҳаж харажатини қисман кўтаради