22:38 / 17.12.2018
3 328

Филнинг калласидек пора. 50 000 долларга нечта костюм беради?

Филнинг калласидек пора. 50 000 долларга нечта костюм беради?
Хабарнинг сарлавҳасиёқ кўп нарсалардан далолат бериб турибди: «25 минг доллар пора билан қўлга тушган Олий суд ходимига ҳукм ўқилди». Яъники, ўн йилдан зиёд вақтдан бери Ўзбекистон Республикаси Олий судида ишлаб, судьялик у ёқда турсин, катта консультантликдан нарига кўтарилмаган ходим бир ишни «ҳал қилиш» учун фуқародан 50 минг (!) доллар пора сўрабди ва сумманинг тенг ярмини олаётган пайтида қўлга тушибди!

Албатта, консультант тайини йўқ одам эмас: иш жойи аниқ, нимага қўл ураётганини билмайдиган даражада аҳмоқ деб ҳам бўлмайди! Қўрқмай-нетмай отнинг... йўқ, филнинг калласидек пора сўраши эса унинг довюраклигидан кўра тажрибали эканини мантиқан тасдиқлаб турибди. Бу мантиқ эса адолатнинг олий қўрғони бўлиши шарт бўлган даргоҳдаги «олди-олдилар» ҳақидаги гап-сўзлар бежиз эмаслигини ҳам англатиб турибди... «Балиқ бошдан бижиши» ёдга олинса, туман, шаҳар, вилоят судидаги аҳволни тасаввур қилаверинг! Президент куни кеча судларда ҳали-ҳамон адолатсиз ҳукмлар чиқарилаётгани ҳақида куйиб-пишиб гапирганини ҳамма эшитди. Бу гаплар замирида айрим судьяларнинг профессионал салоҳиятигина эмас, тизимда вабодек тарқалган (буям Юртбошининг таъбири) коррупция ётмайдими?!

Бир ҳолатдан бошим қотиб юрганди шу кунларда. Ўқувчиларнинг ёдида бўлса керак: Иштихон туман судида Самарқанд шаҳар ИИБ терговчилари ва ўша замондаги МХХ ходими томонидан тасаввурга сиғмас қийноқлар эвазига ўзларига «керакли кўргазма» беришга мажбур қилиниб, натижада бир йигит олти йилга қамалгани ҳақида ёзгандим. Ўша йигит Жиззах судида оқланганини ёзар эканман, мақолам сўнгида Самарқанд шаҳар ИИБ терговчилари ва ҳалиги ходим ўз ишларини «брак» қилган Жиззах вилоят судининг оқлов ҳукмини йўққа чиқариш учун Олий судга чопиши эҳтимоли юқори эканиниям қайд этиб ўтгандим. Ёмон башорат ўзини оқлади: оқлов ҳукми Олий судда бекор қилиниб, иш Қашқадарё вилоятига юборилди. Тергов пайтида қийноқлар эвазига олинган кўрсатмалар асосида олти йилга кесилган фуқаронинг судда оқланиши терговчи-ю прокурорнинг курсиси қимиллаб қолишиниям билдиради. Оддий фуқародан кўра орган ходимларининг дасти узун келиши сир бўптими?! Модомики, Олий судда «ишни тўғрилаш»нинг имкони мавжуд экан, бу имкониятдан нега фойдаланмаслиги керак?!

Энг қизиғи, бу болани қамоққа олиш ҳақида қоғоз берган, кейинчалик ишини судга оширган Самарқанд вилоят прокурорининг ўринбосари бугунги кунда Қашқадарё вилоят прокурори бўлиб ишлаяпти.

Ундан ҳам қизиғи, судланган боланинг ҳимоячиси шу важни кўрсатиб, ишнинг Қашқадарё вилоят судида кўрилишига «отвод» бергани борганда вилоят суди раисининг ўринбосари вилоят прокурорини танимаслигини айтиб, «Улар бизга босим ўтказа олмайди, биз ишни адолат билан кўрамиз», дебди.

Бу гапга ишончдан кўра умид кўпроқ. Негаки, мен ҳам Юртбошим айтганидек, ноқонуний ҳукм-қарорлар чиқараверилгани сабаб судларга нисбатан ишончи йўқолиб бораётган фуқаролардан биттасиман-да.

...Барибир хаёл тутқич бермайди: Олий суднинг оддий консультанти оғзининг бир четидан 50 минг доллар чиқиб кетаверса? Нима, суд ходимлари бурнидан тортсанг, йиқиладиган аҳволдами? Оиласидагилар ойда бир кило гўшт емай, қийналиб қолишяптими? Битта янги костюм ололмай, ҳалиям талабалигида кийган костюми билан судда ишлаб юришибдими?

Дарвоқе, 50 000 долларга нечта костюм беради ўзи?
Манба: Xabar.uz

Ушбу рукнда берилаётган мақолалар Zamin.uz нашрининг қарашини ифодаламаслиги мумкин.

Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Фикрлар (0)


Янгиликлар » Жамият » Филнинг калласидек пора. 50 000 долларга нечта костюм беради?