20:56 / 31.01.2019
3 744

Марказий банк «Пойтахт банк»нинг фаолияти қонуний эканлигини тасдиқлади

Марказий банк «Пойтахт банк»нинг фаолияти қонуний эканлигини тасдиқлади
Марказий банк «Пойтахт банк» кузатув кенгаши аъзолари Тошкент ҳокимлиги ходимларидан ташкил топганлиги учун уни қайтадан кўриб чиқишни талаб қилган. Бу ҳақда Kun.uz мухбири билан суҳбатда Марказий банк раисининг биринчи ўринбосари Тимур Ишметов маълум қилди.

У Ўзбекистонда давлат бошқарув органлари муассислик қилиш ҳуқуқига эга бўлмаса-да ҳокимлик банк муассиси эканлигини қонуний деб атади.

«Ҳа, қонунга кўра давлат бошқарув органлари қонунчиликда белгилангандан ташқари ҳолларда банк муассиси бўла олмайди. Давлат органи банк муассиси бўлишга қарор қилса – қарор бўлиши керак. У ўзи мустақил тарзда бундай қила олмайди. «Пойтахт банк» борасида 2017 йилда президент қарори чиқарилган. Ўшанда қарор оддий сабаб билан бажарилмаган – маблағ бўлмаган», – деди Ишметов.

«Қонунчилик нуқтаи назаридан бу ерда қонун бузилиши мавжуд эмас», – таъкидлади у.

Ҳокимлик ходимларининг кузатув кенгаши таркибида бўлишлари қонунчиликка зид бўлиб, Марказий банк унинг таркибини қайта кўриб чиқишни талаб қилган.

«Биз лицензия берганимизда кузатув кенгаши таркибини тўлиқ қайта кўриб чиқишни тавсия қилганмиз. Биз кенгаш таркибининг ярмидан ортиқ аъзолари банкда ишлайдиган малакали шахслар бўлиши ва давлат хизматчиси бўлмаслиги талабини қўйдик», – деди Ишметов.

Унинг сўзларига кўра, ҳокимлик мазкур талабни бажариш учун қабул қилган. Ушбу ҳолатни тўғрилаш учун банкка уч ой муддат берилган.

«Менга маълум бўлишича, улар шу кунларда кенгашнинг янги таркибини тақдим этишмоқчи. Агарда бу бизни қаноатлантирмаса, уни ўзгартиришни талаб қиламиз, аммо ўйлайманки, улар барчасини тўғрилашади. Банк бошқаруви бўйича эса саволларимиз йўқ», – деб қўшиб қўйди у.

Ўзбекистон Марказий банки бошқаруви 2018 йил 29 декабрда “Пойтахт банк” акциядорлик жамиятига банк операцияларини амалга ошириш ҳуқуқини берувчи лицензия бериш тўғрисида қарор қабул қилганди.

Банкнинг устав капитали 100 млрд сўм миқдорида белгиланган бўлиб, 100 фоиз Тошкент шаҳар ҳокимлиги томонидан шакллантирилган.

«Пойтахт банк» Тошкентда кўп қаватли уйларни қуриш ва таъмирлаш билан шуғулланувчи ихтисослашган пудратчи ташкилотларга кредитлар ажратиш ва лизинг хизматларини кўрсатиш, муҳандислик инфратузилмалари сифатини яхшилашни кўзда тутувчи лойиҳаларни ишлаб чиқиш ва амалга оширишни молиялаштириб, инвестицион фаолият олиб боради.

arenda kvartira tashkent


Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Жамият » Марказий банк «Пойтахт банк»нинг фаолияти қонуний эканлигини тасдиқлади