Тест тизимидан воз кечиш керакми?

  • 20 ноябрь 2019, 18:12
  • 1 070
  • Жамият
  • Тест тизимидан воз кечиш керакми?
    «Тест тизимидан бутунлай воз кечиб, абитуриентлар ўқишга фақат суҳбат, савол-жавоб асосида қабул қилиниши керак деб ҳисоблайман ва бу ўзини оқлайди», деган Кушербаев.
    Бугун, 20 ноябрь куни Давлат бошқаруви академиясида ўтказилган «Ёшларда ижтимоий фаолликни шакллантиришнинг замонавий муаммолари: лидерлик, ижодкорлик, инновациялар» мавзусидаги конференцияда депутат Расул Кушербаев тез тизимидан бутунлай воз кечиш кераклиги ҳақида гапирди.

    Тадбир иштирокчиларидан бири бугунги кунда болалар психологлар тавсияси асосида лаёқатига қараб мактабга қабул қилинаётгани, бу уларнинг қобилияти юза чиқишига катта ёрдам бераётганини таъкидлаб, бу тажрибани олий таълим тизимига, хусусан, педагогларни тайёрлаш жараёнига ҳам жорий этиш лозимлиги, чунки абитуриентлар тест синовларидан ўтиб, талаба бўлгани билан уларда кўп ҳолларда болаларга дарс бериш, ўқувчилар билан ишлаш лаёқати етишмаётгани, бунинг оқибатида педагогика йўналишида ўқиган йигит-қизларнинг кўпчилиги бошқа соҳаларига ўтиб кетаётганига эътибор қаратди. Мутасаддилардан юқоридаги омилларни инобатга олиб, кириш имтиҳонларидан олдин абитуриентларни психологик суҳбатдан ўтказиб, уларнинг танлаган соҳаси бўйича лаёқатини синовдан ўтказиш жорий этилиши эҳтимоли бор-йўқлиги сўралди.

    Расул Кушербоев бу саволга жавобан тест тизими маълум бир қолипдаги савол-жавоблар билан абитуриентга олий таълим муассасаларига ўқишга киришига кафолат бериши мумкинлиги, лекин бу тизим номзоднинг дунёқараши, психологик дунёси қай даражада эканини аниқлаб бермаслиги ҳақида гапирди.

    «Тест тизимидан бутунлай воз кечиб, абитуриентлар ўқишга фақат суҳбат, савол-жавоб асосида қабул қилиниши керак деб ҳисоблайман ва бу ўзини оқлайди.

    Нафақат педагогика, балки ҳамма йўналишлар номзодлар бўйича олий таълим муассасаларига савол-жавоб ва суҳбат асосида ўқишга қабул қилиниши керак. Савол-жавоб қиладиган, суҳбат оладиган ҳалол, адолатли, коррупцияга йўл қўймайдиган мутахассисларни топа олсак, масала шу ерда. Мен шундай ҳисоблайман. Тест тизими ҳеч қачон ўзини оқламайди», дейди Расул Кушербаев.

    Мазкур масала юзасидан президент маслаҳатчисининг биринчи ўринбосари, Ёшлар иттифоқи марказий кенгаши раиси Алишер Саъдуллаев ҳам ўз муносабатини билдириб ўтди.

    «Бу ёшлар учун ҳақиқатан ҳам оғриқли савол. Агар хорижий тажрибага қарайдиган бўлсак, маълум бир белгилаб қўйилган стандарт тестлар бўлади. Ривожланган давлатларга қарасангиз, GMAT, SAT, GRE деган алоҳида тест тизимлари бор. Бу тест тизимлари давлатдан мустақил равишда асосан хусусий сектор вакиллари томонидан бошқарилиши кўзда тутилгани учун ҳам тест жараёнидаги ноҳақликларнинг, мисол учун, қанақадир тушунмовчиликларнинг олди олинган. Масалан, Америка мактабларида SAT тестидан яхши баҳо олган бола автоматик равишда ўқишга кириб кетади», дейди Алишер Саъдуллаев.

    Унинг таъкидлашича, суҳбат жараёнида бир абитуриент билан 5 дақиқа гаплашиб, унга ўқишга кириш ҳақида тавсия берса, бошқаси билан 10 дақиқа гаплашсаю у имтиҳондан йиқилса, саволлар янада кўпаяди.

    «Шунинг учун ҳам хорижий тажрибага қаралса, адолат мезони алоҳида битта имтиҳон тестига боғлиқ бўлади. Бу тест айнан тест бўлиши шарт эмас. Оддий SAT тест тизимини олиб қарасак, уларнинг маълум бир қисмида кичкина тестлар бор. Унақа кенг тестлармас. Бизнинг тизимдагидек кўп тест берилмайди. Уларда 4-синф боласига куз ва баҳор акс этган 2та расм берилиб, улар ўртасида фарқни топиб бериш ва мазкур икки сурат ўртасидаги боғлиқликни акс эттирувчи бошқа бир сурат чизиб бериш сўралади. Миянинг бир қисми мантиқ, бир қисми ижодий ёндашувга жавоб беради дейишади. Хориждаги тест саволларига ана шу омиллардан келиб чиқиб жавоб бериш талаб этилади.

    Янги нарсани кашф қилиш керакмас. Халқаро тажрибани ўрганиш керак. Давлат тест маркази томонидан CEFR тестини муваффақиятли топширганлар инглиз тили имтиҳонларидан озод қилиниши ҳам бу борадаги ижобий қадамлардан бири. Фикримча, битта йўналишга стандартлашган биз ҳам ўтсак керак. Чунки хусусийлаштиришга бу нарса ўтилса, унда ҳам яхши бўларди. Фақат бизда тест тизимини сифатли амалга ошира оладиган кадрлар етармикан, деган савол очиқ қолади», деган Алишер Саъдуллаев.

    Facebook орқали авторизация
    Маълумот

    Посетители, находящиеся в группе Гости, не могут оставлять комментарии к данной публикации.
    » » Тест тизимидан воз кечиш керакми?