Умра бўйича «Ўзбектуризм»дан ўғилбола гап: «Чеклов — муаммога ечим эмас!»

  • 05 декабрь 2019, 17:46
  • 938
  • Жамият
  • Умра бўйича «Ўзбектуризм»дан ўғилбола гап: «Чеклов — муаммога ечим эмас!»
    Фото: «alriyadh.com»
    Ўзбекистон Республикаси Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси Дин ишлари бўйича қўмитанинг «фуқароларни умра визасини сохталаштираётган турфирмалардан огоҳлик»ка чақиришига нисбатан ўз расмий муносабатини билдирди.

    Муносабат дипломатик оҳангда билдирилган бўлса-да, асосий эътибор муаммонинг илдизга қаратилгани билан аҳамиятлидир. Зеро, муборак сафарларга нисбатан чекловлар жорий этиш муаммо устига муаммо туғдиряпти, холос.

    Расмий муносабатда жумладан шундай дейлилади: «...Таъкидлаш жоизки, энг аввало, мамлакатимизда ушбу жабҳада йиллар давомида йиғилиб қолган ва давом этиб келаётган бу каби муаммоли масалаларни тизимли равишда ҳал этиш мақсадга мувофиқ. Жаҳон тажрибасидан маълумки, зиёратчилар учун «Умра» сафарларини ташкил этиш ваколатли давлат органлари томонидан белгиланган талаблар асосида хусусий сектор вакиллари томонидан амалга оширилади.

    Биргина Туркия (156 та), Индонезия (101 та), Малайзия (71 та) ва қўшни Қозоғистон (30 тага яқин) мамлакатларида қонунчилик билан мустаҳкамланган аниқ тартиб-таомил асосида туризм фаолияти субъектлари томонидан «Умра» сафарлари юқори савияда ташкил этиб келинади.

    Бунинг натижасида эса, мазкур зиёратни амалга оширишга қодир бўлган кишиларнинг йиллаб навбат кутиши, сафар нархининг асоссиз кўтарилиши, фуқароларнинг айланма йўллар орқали зиёратни амалга ошириши ва тадбиркорлик субъектларининг яширин иқтисодиёт вакиллари сифатида сафарларни ташкил этиши каби нохуш ҳолатларга барҳам берилган.

    Ўзбекистонда «Умра» сафарларини амалга оширишни хоҳловчилар сонининг кўплиги ҳамда амалдаги тартиб асосида уларнинг хоҳиши тўлақонли қондирилмаётганлиги сабабли минглаб фуқароларимиз мавжуд тартибни четлаб ўтган ҳолда туризм ташкилотлари ва бошқа воситачи шахслар орқали муқаддас зиёратларини ташкиллаштиришига олиб келмоқда.

    Маълумотларга кўра, 2018-2019 йилги мавсумда Ўзбекистон мусулмонлари идораси томонидан қанча фуқароларимиз «Умра» зиёратини амалга оширган бўлсалар, деярли шунча фуқароларимиз Қозоғистон, Қирғизистон, Туркия, БАА каби мамлакатлар орқали «Умра» сафарини амалга оширишган.

    Шуни алоҳида таъкидлаш керакки, бу соҳадаги мавжуд муаммоларни бартараф этиш фақатгина турли чекловларни ўрнатиш орқали эмас, балки фуқароларимизда муқаддас зиёратларни амалга оширишга бўлган эҳтиёжнинг катталигини инобатга олган ҳолда, уларнинг саломатлиги ва хавфсизлигини таъминлаш ҳамда фуқароларнинг мавжуд тартибни четлаб ўтишларини олдини олиш мақсадида «Умра» зиёратларини бозор муносабатлари ва фуқароларнинг эҳтиёжларидан келиб чиққан ҳолда ташкиллаштириш мақсадга мувофиқ ҳисобланади».

    » » Умра бўйича «Ўзбектуризм»дан ўғилбола гап: «Чеклов — муаммога ечим эмас!»