Букмекерлик нима? Ставка ўйнаб бойиб кетганлар ва Санта Клаус ўртасида қандай боғлиқлик бор?

  • 06 декабрь 2019, 19:43
  • 1 016
  • Жамият
  • Букмекерлик нима? Ставка ўйнаб бойиб кетганлар ва Санта Клаус ўртасида қандай боғлиқлик бор?
    Мисол учун дўстларинг билан битта амакининг олдига келасанда, ака "Реал" - "Барселона" ўйинига пул тикмоқчимиз дейсан. Амаки эса ўзининг ҳисоб-китобларидан келиб чиқиб, ука "Реал" ғалабасига 100 сўм тиксанг, 200 сўм ютасан, "Барселона" ғалабасига 100 сўм тиксанг, 150 сўм ютасан, дуранг бўлади деб 100 сўм тиксанг, 300 сўм ютасан дейди.

    Сен ва яна 8 нафар Эшмат "Реал" ғалабасига деб 100 сўмдан пул тикасизлар. Бир Тошмат эса "Барселона" ғалабасига деб тикади. Ўйинда "Барселона" ютди. Сизлардан тўпланган 1000 сўм пулдан амаки Тошматга 100 сўм ўзининг пули ва 150 сўм ютуғини беради. Амаки 750 сўм плюсда. Эшматлар эса минусда.

    Энг қизиғи шу ерда бошланади. Пул ютган Тошмат, бундан севиниб кетади, ахир осонгина пул ютди. Яна ютаман деб ўйнайверади. Ютқазган Эшматлар эса ютқазган пулимни ўрнига қўйишим керак деб ўйлаб яна ўйнайверади. Натижада вақт ўтган сари сен уларнинг қулига айланиб бораверасан. Бу фан тилида лудомания дейилади.

    Букмекерлик контораларида жуда катта пуллар айланади. Рекламаларга ҳам пулларни аяшмайди. Сенинг бирон севимли блогеринг шу нарсаларни реклама қилиши мумкин, чунки унга жуда катта пул тўлашади. У эса ўз виждони ва пул ўртасидаги танловда пулга енгилиб, реклама қилиши мумкин.

    Блогосферада спортга ихтисослашган каналлардан ташқари ҳар қандай каналнинг букмекерларни реклама қилиши "зашквар" хисобланади. Яъни бу иш энг пасткаш инсонларнинг иши. Ҳаттоки кун бўйи мардикорчилик қилиб, қора терга ботиб ишлаб ҳам пулини ставкаларда ютқазиб юборадиганлар кўп дунёда. Чунки уларнинг хаёли осонлик билан бойиб кетишда.

    Бизда, сир эмас букмекерлар, ставкалар ўша қарорсиз ҳам бемалол ишлашяпти. Ҳатто ўша машҳур контораларнинг сайтлари ўзбек тилида ҳам бор (мижозга муносабатни қара?) Йигитлар Виза карта очишиб, онлайн ўйнашмоқда. Бу ерда катта пуллар давлат солиғидан қочиб айланади. Балки, давлат шуни тартибга солишни хоҳлар. Бу лойиҳа "пирог шундоқ ҳам юртимизга кириб келиб бўлган бўлса, нима учун уни бир қисмини ўзимиз емаслигимиз керак?" деган савол билан қилингандир.

    Мен бу қарорни бекор қила олмайман, лекин қоралайман. Имконим борича ёшларни бу иллатнинг зарарларидан огоҳлантириб бораман.

    Букмекер конторасини реклама қилган блогерни кўрсам, юзига тупурворсам керак. Рекламасининг пулидан юзини артгани салфетка сотволаверади.

    Кузатишларим бўйича, ҳозир Ўзбекистонда жуда кўпчилик ёшлар футбол, теннис, баскетбол ва бошқа спорт турларини томоша қилишга қизиқишмоқда. Минг афсуски, айримларда бу қизиқишлар шунчаки спортга бўлган мухлислик эмас... Сизга “Букмекер”, “Ставка”, “1 иксбэт” деган сўзлар танишми? Таниш бўлмаса танишга ҳам қизиқманг.

    Сизларга "бу қимор, гуноҳ бўлади" деб насиҳат қилмоқчи эмасман. Шунчаки, бир мисол тариқасида ставкадан ҳеч қачон бойиб кетмаслигингни тушунтирмоқчиман. Масалан, “Капер” деган касб бор, улар спорт ўйинлари таҳлилини қилиб, ўша экспресс ставкалар учун гўёки 100 фоиз аниқ натижа деб, лақмаларга сотади. Сен эса ундан ўша гўёки 100 фоиз аниқ нарсани сотиб оласан, камига унга пул ҳам тикасан. Натижада, икки баравар пул ютқазасан.

    Энди савол! Нима учун каперлар ўзлари 100 фоиз аниқ хулосаси орқали ўзи ўйнамайди? Лекин сенга сотади. Чунки, бу ҳеч қачон 100 фоиз аниқ бўлмайди. Бу худдики фолбинларга ишонишдай гап. Фолбинлар, башоратчи шарлатанлар ҳам бошқаларга эртак тўқиб бергани учун пулини олишади, лекин ўзи қайси лотереяни сотиб олиб, ютиш мумкинлигини билмайди. Чунки улар оддий фирибгар, холос.

    Энди юқоридаги савол: Ставка ўйнаб бойиб кетганлар ва Санта Клауснинг ўртасида қандай боғлиқлик бор? Улар иккаласи ҳам реал ҳаётда йўқ. Боғлиқлик шунда.

    Ҳеч қачон ставкалар орқали бойиб кетган одамларни кўрмадим... Кўрган эканман, ўша “Фонбет”, “1 Икс бэт” ва шу каби букмекерлик контораларини очган ва уни юритувчи одамлар бой бўлишади. Лекин уларни сен ва сен кабилар бой қилади. Бир марта ютган бўлсанг, омад ҳамиша кулиб боқаверади, дегани эмас. Ставка ўйнаб, бойиб кетганларни кўрмасамда, ставка ўйнаб хонавайрон бўлганларни кўрдим.

    Бу азарт, бориб-бориб наркотик каби сени ўз қулига айлантириб олади ва бундан чиқиб кетиш қийин бўлиб қолади. Кўзингни оч, дўстим. Агар бекорчи пулинг бўлса, инвестиция қил, бизнесга тик. Ёки шунчаки эхтиёжманд одамларга яхшилик қил. Бировга қилган яхшилигинг албатта бир кун келиб, ундан бўлмасада бошқалардан қайтади. Мен бунинг кўп гувоҳи бўлганман. Инсонларга яхшилик қилишингдаги уларнинг миннатдор кўзларига қараб туриш ҳам, ўша ставка азартидан кам маънавий кайф бермайди одамга.

    Йигитга берилган омад, бир марта 100 минг сўм пул ютиб олишда сарфланиб кетмасин...
    Нурбек Алимов

    Эслатма: Муаллиф фикри таҳририят нуқтаи назарини ифодаламаслиги мумкин.
    Манба: Sof.uz

    » » Букмекерлик нима? Ставка ўйнаб бойиб кетганлар ва Санта Клаус ўртасида қандай боғлиқлик бор?