07:58 / 10.12.2019
2 649

Энди шахсни қўлга олишда видеотасвирга олиш мажбурий бўлади

Энди шахсни қўлга олишда видеотасвирга олиш мажбурий бўлади
Шахсни ушлаб туриш, унга процессуал ҳуқуқларини тушунтириш каби жараёнларни, агар у ҳимоячидан воз кечса, бу ҳолатни ҳам мажбурий тарзда видеотасвирга тушириш тартибини ўрнатиш зарур. Бу ҳақда Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев мамлакат Конституцияси қабул қилинганининг 27 йиллиги муносабати билан сўзлаган нутқида билдирди.

Аввалроқ тинтув жараёнини, олинган кўрсатмаларни ҳодиса содир бўлган жойда текшириш, тергов эксперименти каби процессуал ҳаракатларни видеотасвир орқали қайд этиш шартлиги қонуний асосда белгиланган. Эндиликда бу ҳолат, Президентга кўра, шахсни қўлга олиш жараёнига ҳам татбиқ этилиши лозим.

Ўз нутқида ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар ходимлари томонидан ушланган шахс махсус бинога олиб келинганидан кейин бу ҳақда унинг оила аъзолари дарҳол хабардор қилиниши кераклигини ҳам урғулаган Президент буни суриштирувчи, терговчи ва бошқа ваколатли шахснинг мажбурияти сифатида қонунда аниқ белгилаб қўйишни таклиф этди.

Президентимизнинг таъкидлашича, шахсни ушлаб туриш ва унинг ҳуқуқини чеклайдиган бошқа процессуал мажбурлов чораларини қўллаш ҳолатларини ҳисобга олишнинг электрон тизимига ўтиш зарур.

Давлатимиз раҳбари бу борада ўтказилажак ислоҳотлар орасида 2020 йилдан прокурорлар қарори устидан судга шикоят қилиш тартиби ҳам жорий этилишига ҳам эътибор қаратди.

arenda kvartira tashkent


Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Жамият » Энди шахсни қўлга олишда видеотасвирга олиш мажбурий бўлади