21:07 / 27.12.2019
4 233

Очилиш маросимида журналист нега йиғлади?

Очилиш маросимида журналист нега йиғлади?
Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев Абдулла Қодирий номидаги ижод мактаби ва музейни бориб кўрди.
Мазкур мактаб ўзбек тили ва адабиётини, бадиий ижод сирларини чуқур ўрганишга ихтисослашган.

Президент бу ерда яратилган шароитлар билан танишди, ўқитувчи ва ўқувчилар билан суҳбатлашди.

Қодирий яшаб, ижод қилган ҳовли уй-музейга айлантирилди. Абдулла Қодирий номидаги маданият ва истироҳат боғига кираверишда адиб музейи барпо этилди. Мазкур бинога “Турон” кутубхонаси ҳам жойлаштирилди. Бу нафақат адибнинг ворислари, балки адабиёт, маънавият ва маърифат аҳлини, бутун халқимизни чексиз қувонтирди.

Ёзувчи ва шоирлар, адабиётшунос олимлар, ёш ижодкорлар билан суҳбатда давлатимиз раҳбари Эски шаҳарда Абдулла Қодирий номидаги ижод мактаби, адиб музейи ва кутубхона қурилгани ушбу гўшага яна барака қайтаётганидан далолат эканини қайд этди.
*****
Абдулла Қодирийнинг хотирасига бундай юксак эътибор юртдошларимизнинг хурсандчилигига сабаб бўлди. Шу билан бирга айрим зиёлилар ижтимоий тармоқлардаги саҳифаларида ўз кечинмалари билан ўртоқлашди. Қуйида уларнинг айримларини эътиборингизга ҳавола этамиз.
****
Ҳозиргина Абдулла Қодирий боғида "Турон" кутубхонасида Президентнинг адиблар билан учрашувини ўқиб қолдим.
Аттанг, Дўрмонда ётиб бехабар қолибман, акс ҳолда, албатта борар эдим...
...Лекин барибир бораман, кўрганимни эссе қилиб ёзаман. "Агар қатағон бўлмаганда биз бугун бошқа Ўзбекистонда яшаган бўлар эдик" деган сўз туртки берди.
Ўразбой Абдураҳмонов,
Ўзбекистон ва Қорақалпоғистон Халқ ёзувчиси (70 ёш)

*****
«Жасорат битган эди, тил кесилган эди...»
Қодирийнинг бу сўзлари афсуски доим долзарб. Айни дамда Қодирий уйининг очилиш маросимидаман.
Йиғлаяпман...
Кеча уй-музейи масаласида интервью беришга вақт ажратишни истамаган Сирожиддин Саиднинг маъруза ўқишини кўриб йиғлаяпман... Уларга музей қилишни сўраб қанча хат ёзиб кутилмади.

30 йилдан бери Музей масаласини чўзиб юрган, амалга оширишга шошилмаган Хайриддин Султоновнинг тантанавор маъруза ўқишини кўриб йиғлаяпман...
Абдулла Қодирийга пул йўқ, деб хат берган Камила Акилованинг гердайиб туришини кўриб йиғлаяпман...
Афсуски, бугунги тантанада Паҳлавон Содиқ, Аслиддин Суюнов иштирок этишмаяпти...

Анора Содиқова,
журналист

Таҳририятдан: ушбу хайрли маросимда қатнашиш учун маънан ҳақи бор, аммо мутасаддилар таклиф этмаган зиёлилар орасида миллатпарвар ёзувчи Набижон Боқий ҳам бор. Ваҳоланки, у Абдулла Қодирийнинг КГБ (ҳозирги ДХХ) архивида сақланаётган “дело”сини йиллаб титкилаб, “Қатлнома” деган ҳужжатли қисса ёзганини бугун ҳамма ҳам билавермайди. Чунки мазкур асар қарийб 25 йилдан бери қайта нашр этилмаётир...

arenda kvartira tashkent


Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Жамият » Очилиш маросимида журналист нега йиғлади?