Германияда бепул уй бериладиган ишнинг ғайриоддий шарти маълум бўлди

Германияда ғайриоддий иш таклифи пайдо бўлди. Мамлакатнинг Бад-Вимпфен шаҳрида жойлашган қарийб 900 йиллик тарихий Кўк минорага янги қаровчи қидирилмоқда. Энг қизиғи, ушбу лавозимни эгаллаган номзодга миноранинг ўзида жойлашган 53 квадрат метрли хонадон бепул тақдим этилади. Бироқ бўлажак ходим коммунал хизматлар учун тўловларни мустақил равишда қоплаши керак бўлади.
Тахминан 1170 йилда барпо этилган ва баландлиги қарийб 58 метрни ташкил этадиган Кўк минора шаҳарнинг энг муҳим тарихий рамзларидан бири ҳисобланади. Илгари у Штауфенлар сулоласининг императорлик қароргоҳи таркибига кирган бўлиб, бугунги кунда ҳам тарихий аҳамиятини сақлаб келмоқда.
Янги қаровчининг вазифалари фақат минорада яшаш билан чекланмайди. У тарихий обидага келадиган сайёҳлар ва ташриф буюрувчиларни кутиб олиши, кириш чипталарини сотиши ҳамда бинода тартиб ва хавфсизликни назорат қилиши лозим. Шунингдек, чипталар савдосидан тушадиган даромаднинг маълум бир қисми қаровчининг ўзига берилади.
Минорадаги турар жой 53 квадрат метр бўлиб, унда битта хона, ошхона ва ҳаммом мавжуд. Бироқ бу хонадонда яшашнинг ўзига хос қийинчиликлари ҳам бор. Уйга етиб бориш учун ҳар сафар 134 та зинапоядан кўтарилишга тўғри келади. Сабаби тарихий бинода лифт ўрнатилмаган.
Шу боис иш берувчилар бўлажак номзоддан яхши жисмоний тайёргарлик, масъулият, одамлар билан хушмуомала муносабат ўрната олиш ва шаҳар тарихига қизиқишни талаб қилмоқда.
Ҳозирда Кўк минорада 75 ёшли Бланка Кнодел қаровчи сифатида фаолият юритади. У 1996 йилдан буён мазкур минорада истиқомат қилиб, унинг тарихий қиёфаси ва кундалик фаолиятини назорат қилиб келмоқда. Қолаверса, у уч нафар фарзандини ҳам айнан шу минорада тарбиялаб вояга етказган.
Бланка Кнодел 2027 йил 10 январь куни ўз вазифасини якунлайди. Шу сабабли янги қаровчини топиш ва уни ишга тайёрлаш режалаштирилган бўлиб, номзод 1 мартга қадар аниқланиши кутилмоқда.
Қайд этиш жоизки, Германияда тарихий бинолар билан боғлиқ ғайриоддий савдо ва иш таклифлари аввал ҳам кузатилган. Масалан, яқинда Саксония федерал еридаги Бад-Дюбен шаҳрида жойлашган 800 йиллик Шнадитс қасри атиги 1 еврога сотувга қўйилган эди. Бироқ бундай арзон нархнинг ўзига хос шарти бор: харидор тарихий иншоотни қайта таъмирлаши ва тиклаши керак. Мутахассислар қасрни тўлиқ таъмирлаш учун тахминан 20 миллион евро сарфланишини баҳолаган.
Бундан ташқари, Саксония-Анхалт ҳудудидаги Тангерҳютте шаҳрида XIX асрда қурилган собиқ завод ҳам 1 еврога аукционга чиқарилган. 1842 йилда ташкил этилган мазкур корхона ўз вақтида Япония, Миср ва Аргентина каби давлатларга маҳсулот экспорт қилган йирик ишлаб чиқариш масканларидан бири бўлган.
Бироқ Германия Демократик Республикаси тугатилганидан кейин завод ўз фаолиятини тўхтатиб, аста-секин ташландиқ ҳолга келган. Уни сотиб олишни истаган шахс эса тарихий бинога эътибор қаратиши, хусусан, фасадларини мустаҳкамлаши ва иншоотни келажак авлод учун сақлаб қолиши шарт.
Обуна билан реклама бўлмайди
Zamin Premium — ойига 4 900 сўм
Мавзуга оид янгиликлар
































Изоҳлар0
…