10:03 / 25 марта 2020
428

«Ижтимоий тадбиркорлик тўғрисида»ги қонун лойиҳаси эълон қилинди

«Ижтимоий тадбиркорлик тўғрисида»ги қонун лойиҳаси эълон қилинди
Норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳалари муҳокамаси порталида “Ижтимоий тадбиркорлик тўғрисида”ги қонун лойиҳаси эълон қилинди.

Ижтимоий тадбиркорликнинг асосий принциплари қуйидагилардан иборат:
- ижтимоий адолат;
- жамият манфаатларининг устуворлиги;
- ижтимоий тадбиркорликнинг ихтиёрийлиги.

Ижтимоий тадбиркорлик фаолиятининг мақсадларига қуйидагилар киради:
- аҳолининг ижтимоий заиф қатламларини иш ўринлари, ижтимоий товарлар ва ижтимоий хизматлар билан таъминлаш;
- аҳолининг ижтимоий заиф қатламларига дори воситалари ёки ижтимоий аҳамиятга эга маҳсулотларини таннархида ёхуд таннархидан паст бўлган нархларда реализация қилиш;
- табиий офатлар, фалокатлар, эпидемиялар, эпизоотиялар ва фавқулодда хусусиятга эга бўлган бошқа ҳолатларни бартараф этиш;
- бошқа ижтимоий мақсадларни кўзлаган фаолиятни амалга ошириш.

Ижтимоий тадбиркорлик соҳасида давлат сиёсатининг асосий йўналишлари қуйидагилардан иборат:
- давлат томонидан ижтимоий тадбиркорлик фаолиятини қўллаб-қувватлаш ва рағбатлантириш;
- ижтимоий тадбиркорликнинг ҳуқуқий асосларини яратиш ва такомиллаштириш;
- ижтимоий тадбиркорлик соҳасида давлат дастурларини ишлаб чиқиш ва амалга ошириш;
- ижтимоий лойиҳалар учун инвестициялар жалб қилишда қулай шарт-шароитлар яратиш.

Юридик шахслар ёки якка тартибдаги тадбиркорлар ижтимоий корхона сифатида қуйидаги мезонлардан бирига ёки бир нечтасига мос келганда, ижтимоий корхоналарнинг реестрига киритилади:

ходимларининг умумий сонида аҳолининг ижтимоий заиф қатламларига мансуб шахслар камида 70 фоизни ташкил этадиган ҳамда аҳолининг ижтимоий заиф қатламларига мансуб шахсларнинг меҳнатига ҳақ тўлаш фонди меҳнатга ҳақ тўлаш умумий фондининг камида 70 фоизини ташкил этадиган юридик шахслар;

ишлаб чиқарадиган товарларини ёки кўрсатадиган хизматларини реализация қилишдан тушган тушум умумий ҳажмининг камида 50 фоизини ижтимоий товарлар реализация қилишдан ёки ижтимоий хизматлар кўрсатишдан тушган тушум ташкил этадиган шахслар;

ижтимоий товар ва ижтимоий аҳамиятга эга маҳсулотларининг камида 50 фоизини мазкур товарларнинг таннархида ёки таннархидан паст бўлган нархларда чакана савдо орқали аҳолига реализация қиладиган шахслар;

фаолиятини табиий офатлар, фалокатлар, эпидемиялар, эпизоотиялар ва бошқа фавқулодда хусусиятга эга бўлган бошқа ҳолатларни бартараф этишга қаратилган товарлар (ишлар, хизматлар) ишлаб чиқаришга ўзгартирган шахслар.

Юридик шахслар ёки якка тартибдаги тадбиркорларнинг ижтимоий корхона мезонларига мос келиши уларнинг чораклик молиявий ҳисоботларини ўрганиш орқали солиқ органлари томонидан аниқланади.

Ижтимоий корхоналарнинг реестрига киритилган шахслар, ўтган молия йилида олинган фойданинг камида учдан икки қисмини кейинги молия йили давомида ижтимоий корхонанинг фаолиятига ёки ижтимоий лойиҳаларга реинвестицияга йўналтириши шарт, асосий фаолиятини фавқулодда ҳолатларни бартараф этишга ўзгартирган шахслар бундан мустасно.
Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Фикрлар (0)