07:47 / 14.06.2020
6 034

Ўзбекистонликларга хориждан шубҳали қўнғироқлар бўлаётганлиги маълум қилинди

Ўзбекистонликларга хориждан шубҳали қўнғироқлар бўлаётганлиги маълум қилинди
12 июнь куни ижтимоий тармоқларда кўплаб ўзбекистонликлар ўзларига турли хорижий телефон рақамларидан қисқа қўнғироқ бўлганини маълум қилишди. «Ўзкомназорат» давлат инспекцияси бу қўнғироқлар хорижий фирибгарлар тмонидан қилинган бўлиши мумкинлигини айтиб, уларга қайта қўнғироқ қилмасликни тавсия этди.

Инспекциянинг огоҳлантиришча, коронавирус пандемияси даврида мобиль алоқа операторларининг абонентларига нисбатан фирибгарлик қилиб, ҳисоб рақамларидан пул ечиб олиш билан боғлиқ ҳолатлар учраган ҳамда бу ҳолат ҳануз такрорланмоқда.

Жумладан, «Вангири» фирибгарлиги. Яъни хориж рақамидан қисқа қўнғироқ қилиб, абонент ушбу рақамга қайтиб қўнғироқ қилганидан кейин унинг ҳисобидан катта маблағ ечиб олиш ҳолатлари кузатилган. Фирибгарлар абонентга қўнғироқ қилгач, гапирмасдан алоқани узиб қўяди. Айрим одамлар эса хориждан қўнғироқ қилинган ва ўтказиб юборилган бегона рақамга қайтиб қўнғироқ қилиш оқибатида уларнинг ҳисобидан маблағ ечиб олинади.

Шунингдек, мобиль алоқа операторларидан олинган маълумотларга кўра, карантин даврида пластик карталарни электрон тизимлар орқали бошқарилишида учраган шубҳали ҳаракатлар мониторинг килиниб, фирибгарликнинг олдини олиш борасида тегишли чоралар кўрилмокда.

«Ўзкомназорат» давлат инспекцияси бу каби салбий ҳолатларнинг олдини олиш учун бегона хориж рақамидан қўнғироқ бўлган ва у ўтказиб юборилган бўлса, ўша рақамга қайтиб қўнғироқ қилмаслик, пластик карта рақами, паспорт серияси ва бошқа шахсий маълумотларни бегоналарга ошкор қилмаслик, ижтимоий тармоқларга жойлаштирмасликни тавсия қилади.

Маълумот учун, «Вангири» япон тилидан олинган сўз бўлиб, киберфирибгарлик усулларидан бири ҳисобланади. Фирибгарлар турли усуллар билан абонентни пулли рақамга (premium-rate number) қўнғироқ қилишга мажбур қилади ва унинг ҳисобидан маблағ ечиб олади. Фирибгар пулли рақамдан қисқа қўнғироқ қилади ва абонент қўнғироқни кўтаришга улгурмасидан тезда алоқани узади. Хориждан муҳим қўнғироқ кутаётган фуқаро эса билиб-билмай мазкур рақамга қайтиб қўнғироқ қилади ва ўз ҳисобидаги маблағнинг ечиб олинишига шароит яратиб беради.

arenda kvartira tashkent


Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Жамият » Ўзбекистонликларга хориждан шубҳали қўнғироқлар бўлаётганлиги маълум қилинди