08:50 / 17.07.2020
4 328

Ғаниев карамчи Ҳожиакбарни ўз бағрига босиб, яна "қовун тушириб қўйди"...

Ғаниев карамчи Ҳожиакбарни ўз бағрига босиб, яна "қовун тушириб қўйди"...
Фото: Фарғона вилояти ҳокимлиги матбуот хизмати
Фарғона вилоят ҳокими Шуҳрат Ғаниев 16 июль куни Бувайда туманида бўлган чоғида маҳаллий аҳоли вакилларидан бўлган болани карантин қоидаларига зид равишда бағрига босгани маълум бўлди.

Вилоят ҳокимлиги матбуот хизмати хабарига кўра, Бувайда туманида 2020 йил ҳозиргача 281 гектар ғалладан бўшаган ер оилаларни камбағалликдан чиқаришнинг самарали йўлларидан бири сифатида такрорий экин экиб фойдаланиш учун мактаб битирувчилари, ишсиз ёшлар ҳамда «темир дафтар»даги оилаларга берилган.

Шуҳрат Ғаниев ушбу туманнинг Қўнғирот МТП ҳудудидаги «Қўнғирот замин кўрки» фермер хўжалигининг ғалладан бўшаган майдонларида аҳоли вакиллари, битирувчи ёшлар билан суҳбатлашган.

Вилоят ҳокими дастлаб Иномовлар оила аъзолари билан суҳбатлашган. Оиланинг кенжаси Хожиакбар Иномов дадил-дангал жавоблари билан Шуҳрат Ғаниевни ҳайрон қолдирган. Боланинг сўзларидан кейин карантин қоидаларига зид равишда уни бағрига босган.

«Карамларнинг тури кўп. Гулкарам, тошкарам, салаткарам... Биз тошкарам навидан экдик, — дейди Хожиакбар. – Еримизнинг бир қаторида 280 бош карам кўчати, ажратилган 10 сотихда эса 20 та қатор бор. Демак 5600 бош карам оламиз. Энди, бозорда бир боши 2 минг сўм бўлганида ҳам... ў-ҳў, 10 миллиондан ошар экан даромад. Ҳамма кулиб юборди. Ғаниев Ҳожиакбарни бағрига босди», — дейилади ҳокимлик хабарида.

Эслатиб ўтамиз, Ўзбекистон Санитария-эпидемиология назорати давлат инспекцияси бош инспектори Нурмат Отабеков 3 июнь куни бўлиб ўтган брифингда карантиндан чиққан фуқаро билан қўл бериб кўришиш масаласига ҳам тўхталиб ўтиб, нафақат карантин зонадан келганлар билан, балки бошқа инсонлар билан ҳам қўл бериб, қучоқлашиб, бош уриштириб ва ўпишиб кўришиш мумкин эмаслигини таъкидлаганди.

Соғлиқни сақлаш вазири Алишер Шодмонов «Ўзбекистон 24» телеканали эфирида «Ҳатто оилада ҳам қучоқлашиб кўришманг. Ҳамма билан масофада гаплашинг», — деб айтган эди.

Ўзбекистонда аҳоли орасида коронавирус инфекциясини юқтириб олиш ҳолатлари ортиб бораётган пайтда ССВ карантин қоидаларига, жумладан, ижтимоий масофани сақлаш, яъни қўл бериб ёки қучоқлашиб кўришишдан тийилиш, жамоат жойларида тўпланмаслик, айниқса, ёшларнинг заруратсиз кўчага чиқмаслиги ва бошқа шу каби қоидаларга қатъий амал қилишга чақирган.

«Коронавирус Инфо» канали Ўзбекистон шароитида COVID-19 юқтириб олиш хавфи юқори бўлган масканлар ҳамда машғулотлар ҳақида тўққизлик рейтинг тузиб чиққан, унда қўл бериб ёки қучоқлашиб кўришиш еттинчи ўринга киритилган эди.

arenda kvartira tashkent


Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Жамият » Ғаниев карамчи Ҳожиакбарни ўз бағрига босиб, яна "қовун тушириб қўйди"...