00:12 / 28.08.2020
2 160

Самарқандда фуқарони карантин қоидасини бузишда айблаб, унинг пулларини қўлга киритган сохта ИИБ ходимлари қўлга олинди

Самарқандда фуқарони карантин қоидасини бузишда айблаб, унинг пулларини қўлга киритган сохта ИИБ ходимлари қўлга олинди
Фото: Самарқанд вилоят ИИБ
Самарқанд вилоятида ўзини ИИБ ходимлари дея таништириб, товламачилик қилган уч нафар шахс қўлга олинди. Бу ҳақда вилоят ИИБ ахборот хизмати маълум қилди.

Хабар берилишича, 2020 йил 23 август куни Нуробод туман ИИБга, туманнинг «Кечкелдик» маҳалласида яшовчи, 20 ёшли фуқаро Ф. ариза билан мурожаат қилиб, ўзини ИИБ ходимлари дея таништирганлар унинг 462 минг сўм пулларини олиб қўйганини маълум қилган.

Фуқаро аризасида таъкидланишича, у 2020 йил 19 август куни соат 23:00 да Нуробод туман ҳокимлиги биноси олдида пиёда кетаётган вақтида «ВАЗ-2106» русумли автомашинадан уч киши тушиб келиб, ўзларини ички ишлар бўлимидан дея таништирган. Улардан бири фуқарога қизил рангли гувоҳнома кўрсатиб, улар билан ИИБга боришини талаб қилиб, уни автомашинага миндирган.

Фото: Самарқанд вилоят ИИБ
«Мендан карантин қоидаларини бузиб, тунги вақтда нима мақсадда кўчада юрганлигимни сўрашди, маъмурий баённома тузиб, энг кам ойлик иш ҳақининг 10 баравари миқдорида жарима жазосига тортишларини айтишди. Мен қўйиб юборишларини илтимос қилганимда, мендан пул талаб қилишди», — деган 20 ёшли фуқаро Ф.

Фуқаро Ф. уларга «Майли қанча пул керак бўлса, ёнимда борини бераман» — деб айтган вақтида улардан бири қўл телефонига унинг гапларини ёзиб олиб, «Сен бизга пора бермоқчимисан? Мана энди шу гапинг учун ҳам ўзингни ‘пора бериш’ жинояти билан жиноий жавобгарликка тортамиз», деб қўрқитиб уни автомашинада Нуробод тумани ИИБ биносига яқин жойгача олиб борган.

ИИБга мурожаат қилган фуқаро ўша уч нафар шахс уни жавобгарликка тортмаслик эвазига товламачилик йўли билан ёнидаги 462 минг сўм пулларини олиб қўйганини ёзиб, уч нафар номаълум шахсларга қонуний чора кўрилишини сўраган.

Нуробод туман ИИБ ходимлари томонидан ўтказилган тезкор-қидирув тадбирлари давомида ушбу товламачилик жиноятини туманнинг «Ш.Юлдузи» маҳалласида яшовчи, 1997 йилда туғилган Д., 1997 йилда туғилган Т. ва Нуробод тумани Амир Темур номидаги маҳаллада яшовчи 2002 йилда туғилган Ш. содир қилганлиги аниқланган. Улардан қизил рангли, ташқи қисмида гербли тамғаси бўлган гувоҳнома, телефон аппарати ва 240 минг сўм пул далилий ашё сифатида ҳужжатлаштирилиб олинган.

Ҳолат юзасидан туман ИИБ ҳузуридаги Тергов бўлими томонидан Жиноят кодексининг 165-моддаси 2-қисми «в» банди (бир гуруҳ шахслар томонидан олдиндан тил бириктириб содир этилган товламачилик) билан жиноят иши қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.

Самарқанд вилоят ИИБ фуқаролардан шу каби ҳолатларга дуч келган вақтда зудлик билан ИИВнинг 1102 ишонч телефонига қўнғироқ қилишларини сўраган.

arenda kvartira tashkent


Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Жамият » Самарқандда фуқарони карантин қоидасини бузишда айблаб, унинг пулларини қўлга киритган сохта ИИБ ходимлари қўлга олинди