00:20 / 14.09.2020
2 471

Юлий Юсупов: «Давлатни ислоҳ қилмагунимизча, бошлаб қўйган кўплаб ислоҳотларимизни тугата олмаймиз»

Юлий Юсупов: «Давлатни ислоҳ қилмагунимизча, бошлаб қўйган кўплаб ислоҳотларимизни тугата олмаймиз»
Юлий Юсупов
Видеодан кадр

Давлат – барча учун, жумладан, бизнес ва иқтисодиёт учун ҳам ўйин қоидаларини белгилаб, уларга амал қилинишини назорат қиладиган тузилма. Агар ўйин қоидалари ёмон бўлса, иқтисодиёт нормал ишлай олмайди, дейди Иқтисодий ривожланишга кўмаклашиш маркази директори Юлий Юсупов.
«Hoshimov iqtisodiyoti» дастури доирасида Беҳзод Ҳошимов Иқтисодий ривожланишга кўмаклашиш маркази директори Юлий Юсупов билан «Давлатни ислоҳ қилиш Ўзбекистонга нима учун муҳим?» мавзусида суҳбат уюштирди.

– Айтингчи, бизга ривожланишимизнинг ҳозирги босқичида давлат институтларини ислоҳ қилиш нима учун зарур?
– 2017 йилдан бошлаб тизимли, комплекс ислоҳотларни бошладик. Биз деярли бир иқтисодий тизимдан бошқасига ўтяпмиз. Кўп нарсани амалга оширишга улгурдик: валюта бозори, ташқи савдонинг либераллаштирилиши, банк, пул айланмаси тизими ислоҳотини бошладик. Кўпинча тадбиркорлар билан суҳбатлашганда улардан: «Ҳеч нарса ўзгармади-ку», деган гапни эшитиб хайрон қоламан. Уларга 5 йил аввал сизларда текширувлар, конвертация, нақд ва нақдсиз пул, ташқи дунё билан мулоқот қилишда қандай муаммолар бўлганини эслаб кўринг, дейман.

Шу йиллар давомида етарли даражада иқтисодий ислоҳотларни амалга оширдик. Ана шу ислоҳотларни кузатаётган одамлар бир нарсага гувоҳ бўлишлари мумкин: кўпинча ислоҳотларни амалга оширамиз, бироқ қандайдир кўринмас деворга дуч келамиз ва олдинга қараб ҳаракатлана олмаймиз.

Фикримча, ҳозирда шуғулланиш керак бўлган асосий жиҳат, бизга ҳаракат қилишга халақит қилаётган кўринмас девор бу – давлатнинг ўзи. Биз иқтисодиётни ислоҳ қиляпмиз, бироқ шу йиллар давомида давлатнинг ўзини яхши ислоҳ қилмадик.

– Давлатни ислоҳ қилиш нима учун муҳим?
– Биринчидан, давлат – бош ислоҳотчи. Мамлакатимизда ислоҳотларни асосан у амалга оширади. Қандайдир микро ислоҳотларни маҳаллий даражада амалга ошириш мумкин. Бироқ асосан, 95 фоиз ислоҳотларни давлат амалга ошириши керак.

Иккинчидан, давлат барча, жумладан, бизнес ва иқтисодиёт учун ҳам ўйин қоидалари ва уларга амал қилинишини белгилайдиган тузилма. Агар ўйин қоидалари ёмон бўлса, иқтисодиёт нормал ишлай олмайди.

Учинчидан, давлат томонидан ҳар қандай иқтисодиёт учун кўрсатиладиган кўплаб хизматлар мавжуд. Агар бу хизматлар сифатли бўлмаса, у ҳолда мазкур ҳолатдан иқтисодиёт азият чекади.

Менимча, биринчи банд энг муҳими. Давлатни ислоҳ қилмагунимизча кўплаб ислоҳотларни тугата олмаймиз ёки айримларини бошлай олмаймиз. Чунки улар ислоҳ қилинмаган давлатга бориб тақалади.

– Давлатни ислоҳ қилиш атамасидан фойдаланганда нимани назарда тутяпсиз?
– Бу жуда кенг тушунча. Иккита асосий жиҳатни ажратиб кўрсатган бўлардим. Техник жиҳатдан олиб қараганда, бу административ ислоҳот деб аталади – ихчам, самарали давлат аппаратини яратиш, қайси идора нима билан шуғулланиши, унинг мажбуриятлари, бошқа идоралар билан қандай ҳамкорлик қилиши, иқтисодиётга таъсир қилишнинг қандай инструментларидан фойдаланишини аниқ белгилаш. Бу – административ ислоҳот деб аталади.

Яна бир муҳим, сиёсий-ҳуқуқий жиҳат бор. Бу – давлат механизмларининг фақат аппарат сифатида эмас, ўзаро ва жамият билан ҳамкорлиги. Бу нима дегани? Бу – ҳокимиятларни тақсимлаш масаласи. Улар бекорга ўйлаб топилмаган-ку, улар давлат самарали бўлишида жуда катта роль ўйнайди.

Бу – сиёсий рақобат, қонунлар бевосита кучга эга бўлиши учун ҳуқуқни таъминлаш масалалари. Ана шу сиёсий-ҳуқуқий тўплам – иккинчи томон. Биз административ-ҳуқуқий ислоҳотни ўтказишимиз ва супер ихчам ҳамда самарали аппаратни ташкил этишимиз мумкин, бироқ у жамият томонидан назорат қилинмаса, мувозанат тизими, суд тизими яхши ишламаса, фақат бир киши – президент назорат қилса, буни энг самарали тизим деб бўлмайди. Шунинг учун ҳар иккиси – ҳам административ, ҳам сиёсий-ҳуқуқий ислоҳотни амалга ошириш керак.

– Яъни айтмоқчисизки, ривожланиш, ўтказилаётган ислоҳотлар барқарор бўлиши учун иккита ислоҳот зарур. Биринчиси, бу административ ислоҳот – ҳукумат, ижро этувчи ҳокимият самарадорлигини ошириш. Бунда ҳокимиятни қўллаб-қувватловчи институтлар бу – Конституциямиз бўйича суд, қонун чиқарувчи ҳокимиятлар ҳеч бир ҳокимият жамиятда хукмронлик ролини ўйнамаслиги учун ижро этувчи ҳокимиятни тийиб туриши устида иш олиб бориш керак.
– Мен бу ҳокимиятларга фуқаролик жамияти ва оммавий ахборот воситаларини ҳам қўшган бўлардим. 2017 йилдан бошланган ислоҳотлар ўтказилган йилларда биз бу йўналишда эришган муҳим нарса – ҳақиқий фуқаролик жамияти куртаклари, муаммони муҳокама қилиб, унинг ҳал бўлишига таъсир ўтказишга ҳаракат қиладиган одамлар, фақатгина интернетда учрашса ҳам жамоалар, ҳақиқатан ҳам мустақил бўлган электрон ОАВ пайдо бўлди.

Ижтимоий тармоқлар кўп жиҳатдан ана шу вазифани бажаряпти. Фикримча, ислоҳотларнинг олға боришида бу жуда муҳим қадам. Албатта, бунинг ўзи етарли эмас. Суд, қонун чиқариш ҳокимиятларида ислоҳотларни амалга ошириш керак. Бу жиҳатдан давлатнинг барча тизимларини қайта ташкил этиш лозим.

arenda kvartira tashkent


Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Жамият » Юлий Юсупов: «Давлатни ислоҳ қилмагунимизча, бошлаб қўйган кўплаб ислоҳотларимизни тугата олмаймиз»