20:00 / 19.09.2020
4 500

Фарзандингизни Исломда тарбияланг

Фарзандингизни Исломда тарбияланг
Бугунги энг катта глобал муаммолардан бири — фарзанд тарбияси. Фарзандни чиройли тарбиялаш бандага берилган энг катта бахт десак хато қилмаган бўламиз. Бугун аксарият ота-оналар фарзандларининг тарбиясидан хавотирда. Ҳатто фарзандидан қўрқиб яшайдиган ота-оналар ҳам бор.

Баъзи кекса ота-оналар ноқобил фарзандларини зикр қилиб: «Шуларнинг боридан йўғи яхшийди. Ёшлигида ўлиб қўя қолмаган экан. Катта бўлса роҳатини кўраман, девдим, қайтага ташвишларим ҳам катталашиб кетди. Булар мани тириклайин гўрга тиқадиган бўлди. Наҳотки, бир парча этлигидан, катта умидлар билан улғайтирсанг-у катта бўлгач ўз фарзандинг ўлимингни кутиб яшаса»…. каби гаплар инсоннинг юрагини оғритади.

У кунда – кексаликда ҳар бир инсон на ўзини мол-дунёси ва мансаби, на фарзандининг мол дунё-ю, мансаб-мартабаси инсонга етарлича хотиржамлик беролмаслигини, фарзанднинг ширин муомаласи, самимий хизмати, меҳрга тўла кўзлари ота-она учун ҳамма нарсадан кўра муҳимлигини англаб етади.

Лекин, минг афсуски, фарзандни ана шундай гўзал инсон бўлишини фақат Ислом дини таълимотларигина таъминлай олишини, у учун ёшлигидан одоб-ахлоққа кўпроқ эътибор бериш лозимлигини кўпчилик ота-оналар кеч тушуниб етишади.

Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Мен сизларга гўзал хулқларни тамомила ўргатиш учун Пайғамбар қилиб юборилдим», – деб бежиз айтмаганлар.

Ҳамма бахт гўзал ахлоқда. Шунинг учун ҳам Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Ҳеч бир ота-она фарзандига гўзал хулқдан кўра фойдалироқ бирор нарсани мерос қолдира олмайди», деганлар.

Ҳа азизлар! Фарзандларимиз гўзал хулқли инсон бўлишини, нафақат ўзимизга балки ортимиздан бошқаларга ҳам кўз қувонч бўлиб, бизга раҳмат эшиттириб юришини хоҳлаймизми? Унда уларга, албатта, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламни танитайлик!

Ул Зотни олтиндан қиммат ўгитларини фарзандларимизга ўргатайлик! Чин мусулмон бўлишига эътибор қаратайлик.

Ислом нажот кемаси, саодат йўли. Уни йўлбошчиси Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам. Ким у кемага чиқса, инсонни ҳалок қилувчи ҳаёт муаммоларида ғарқ бўлмайди. Ким бу йўлда юрса ҳаёт зулматларида қолиб хор бўлмайди… Бундан бошқа нажот йўли йўқ.

Фарзандларимиз айниқса, уларга суяниб қолганимизда ҳақиқий тиргак бўлишлари учун суннат билан суғорилган бўлишлари шарт. Йўқса, кексайганда ана ўша фарзандидан дили оғриган, кўзи ёшланган инсонларнинг бирига айланиб қолишимиз мумкин. Бундай бўлишидан ҳаммамизни Аллоҳ асрасин!

Аллоҳим ҳаммаларимизга аҳли аёл ва бола-чақаларимиздан кўз қувончини ато этсин!

Миршавкат Музаффар

Манба: Azon.uz

arenda kvartira tashkent


Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Жамият » Фарзандингизни Исломда тарбияланг