14:55 / 12.10.2020
1 068

Жиноят кодекси янги моддалар билан тўлдирилмоқда

Жиноят кодекси янги моддалар билан тўлдирилмоқда
ҚҲТБТ порталида «Жиноий фаолиятдан олинган даромадларни легаллаштиришга, терроризмни молиялаштиришга ва оммавий қирғин қуролини тарқатишни молиялаштиришга қарши курашиш тизими такомиллаштирилиши муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида»ги қонуни лойиҳаси муҳокама учун жойлаштирилган.

«Норма»нинг ёзишича, қонун лойиҳаси Бош прокуратура томонидан тайёрланган, у билан Жиноят кодексининг Умумий қисмини саккизинчи бўлим «Мулкий йўсиндаги мажбурлов чоралари» билан тўлдириш таклиф қилинмоқда. У махсус мусодара қилиш тарзидаги мулкий йўсиндаги мажбурлов чоралари суднинг ҳукми ёки ажримига асосан ҳақ тўламаслик шарти билан олиб қўйиш ва давлат фойдасига ўтказиш мақсадида қуйидаги мол-мулкларга нисбатан қўлланилиши мумкинлигини белгилайди.

Бундай мол-мулклар жумласига:
  • жиноят содир этиш натижасида олинган пул маблағлари ва бошқа мол-мулк, шунингдек ушбу мол-мулкдан фойдаланиш орқали олинган ҳар қандай фойда ёки наф;
  • жиноят содир этиш натижасида олинган пул маблағлари ва бошқа мол-мулк тўлиқ ёки қисман бошқа мол-мулкка айлантирилган ёхуд ўзгартирилган ёки қонуний манбалар ҳисобидан олинган мол-мулкка қўшилган пул маблағлар ва бошқа мол-мулк;
  • экстремистик ёки террорчилик фаолиятини, оммавий қирғин қуролини тарқатишни ёхуд уюшган жиноий гуруҳ ёки жиноий уюшмани молиялаштириш ёки бошқача тарзда таъминлаш учун мўлжалланган ёки фойдаланиладиган пул маблағлар ва бошқа мол-мулк;
  • жиноят содир этиш қуроли, нарсалар, ускуналар ёки бошқа воситалар киритилади.

Жиноят содир этиш натижасида олинган ва жиноят содир этган шахс томонидан бошқа шахсларнинг эгалигига ўтказилган мол-мулк ҳам мусодара қилинади.

Жиноят содир этиш натижасида олинган пул маблағлари ва мол-мулк тўлиқ ёки қисман бошқа мол-мулкка айлантирилган ёхуд ўзгартирилган ёки қонуний манбалар ҳисобидан олинган мол-мулкка қўшилган ёки бошқа шахслар эгалигига ўтказилган бўлса, махсус мусодара қилиш жиноят содир этиш натижасида олинган мол-мулк қисмига нисбатан қўлланилади.

Суд махсус мусодара қилишни қўллаш вақтида мусодара қилинадиган мол-мулкни аниқ кўрсатиши лозим бўлади.
Лойиҳа ўзгартирилиши, унга қўшимчалар киритилиши ёки рад этилиши мумкин.
Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Фикрлар (0)