19:46 / 22.10.2020
3 470

Самарқандда ота-болани ўлдириб, уйни талон-торож қилган шахс ушланди

Самарқандда ота-болани ўлдириб, уйни талон-торож қилган шахс ушланди
Самарқанд вилоятининг Пахтачи туманида ота-бола ўлдириб кетилди, дея хабар бермоқда «Xabar.uz» Бош прокуратура ахборот хизматига таяниб.

Маълум қилинишича, 2020 йил 8 октябрь куни Пахтачи туман «Қарнобота» маҳалласида истиқомат қилувчи С.П. (1975 йилда туғилган, тадбиркор) ва унинг 19 яшар ўғли С.Ў.нинг жасади ўз хонадонида қотиллик аломатлари билан топилган.

Ҳолат юзасидан Жиноят кодексининг 97-моддаси 2-қисми «а», «и» (икки ёки ундан ортиқ шахсни тамагирлик ниятида қасддан ўлдириш) бандлари билан жиноят иши қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари бошлаб юборилган.

Қотиллик юз берган хонадон кўздан кечирилганда 48 миллион сўм, 1400 АҚШ доллари, 2 дона узук, 3 жуфт сирға, 1 дона занжир каби тақинчоқлар ҳамда 1 дона Redmi русумли уяли телефон аппаратини талон-торож қилингани ҳам аниқланган.

Тергов ва тезкор қидирув тадбирларининг олтинчи куни (2020 йил 14 октябрь куни) фожиа юз берган уйга қўшни бўлган хонадоннинг томидан 1 дона Redmi русумли уяли алоқа телефон аппарати топилади. Яхшигина шикаст етган мазкур телефон аппарати марҳумларнинг бирига тегишли экани ойдинлашгач, ашёвий далил тариқасида олинади.

Телефон аппарати судга оид дактилоскопия экспертизасидан ўтказилганда унда фуқаро О. О.нинг (1976 йилда туғилган, икки нафар фарзанди бор, вақтинча ишсиз) бармоқ излари мавжудлигини тасдиқлади. Шундан сўнг ушбу ашёвий далил топилган ҳудуддаги хонадонларнинг том қисмлари кўздан кечирилади ва яна бир қўшнининг тандирхонаси томидан қон доғлари ва соч толалари мавжуд бўлган темир болға топилиб, у ҳам ашёвий далил тариқасида олинди.

Воқеалар ривожида асосий гумон фуқаро О.О.га тушгач, унинг уйда тинтув ўтказилади. Мазкур жараёнда марҳумларнинг хонадонидан олиб чиқиб кетилган 2 дона тилла узук, 3 жуфт сирға, 1 дона занжир, 29 миллион 900 минг сўм пул, шунингдек, қон доғлари мавжуд бўлган (О.О.га тегишли) шим, куртка, оёқ кийими, уйнинг тандирхонаси томидаги шифер остидан 1000 АҚШ доллари топилади.

Топилган моддий қийматликлар марҳумнинг турмуш ўртоғига кўрсатилганда улар ўзлариники эканини тасдиқлайди.

Фуқаро О.О. айбига иқрор бўлган. Унинг тан олишича, у қўшниси С.П.ни ўлдириб, пул маблағларини қўлга киритиш ва шу тариқа бошқалардан бўлган қарзларидан қутулиш учун 2020 йил 8 октябрь куни кечаси темир болға билан қуролланиб, хонадонга бостириб киради ва хонадон эгаси С.П. ва унинг ўғлини болға билан бош қисмига уриб қасддан ўлдиради.

Воқеа жойидан яшириниш пайтида эса марҳумга тегишли телефон ва темир болғани яқин атрофдаги уйлар томига улоқтириб юборади.
Айни пайтда О.О. ҳибсга олинган. Тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.

arenda kvartira tashkent


Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Жамият » Самарқандда ота-болани ўлдириб, уйни талон-торож қилган шахс ушланди