18:23 / 03.11.2020
5 414

Актриса Гавҳар Шарипованинг ўлимига сабабчи бўлган ҳайдовчига қандай жазо тайинлангани маълум бўлди

Актриса Гавҳар Шарипованинг ўлимига сабабчи бўлган ҳайдовчига қандай жазо тайинлангани маълум бўлди
Фото: Kino-teatr.ru
Ўзбек киносининг таниқли вакили, «Алданган аёл», «Опа-сингиллар» каби ўнлаб фильм ва сериалларда турли даражадаги ролларни ижро этган актриса Гавҳар Шарипова 2019 йилнинг 18 ноябридан 19 ноябрига ўтар кечаси вафот этгани хабар қилинган эди. Шов-шувларга сабаб бўлган ҳолат юзасидан Қашқадарё вилоят ЙҲХБ ахборот хизмати расмий муносабат билдириб, актриса юриб кетаётган автобусдан тушишга ҳаракат қилгани ва кўнгилсиз ҳодиса сабаб воқеа жойида вафот этганини маълум қилганди.

Кейинроқ Гавҳар Шариповага юк машинаси ҳайдовчиси шилқимлик қилгани, шундан сўнг актриса юриб кетаётган машинадан ўзини ташлаб вафот этгани, Жиноят кодексининг 266-моддаси 2-қисми билан жиноят иши қўзғатилиб, фуқаро Ш.Ф.га нисбатан қамоққа олиш эҳтиёт чораси қўлланилгани ҳақида хабар берилган эди.

Гавҳар Шарипованинг вафотига сабаб бўлган ЙТҲнинг юз берганига салкам бир йил тўлган бўлса-да, аммо ўтган вақт ичида тергов ишининг якуни ва ким айбдор, деб топилгани тўғрисида ОАВда бирор гап-сўз тарқалмади. Оммани ҳамон қизиқтириб келаётган суд жараёни ва ким айбдор деб топилгани-ю ким(лар)га қандай жазо тайинланганини билиш мақсадида «Дарё» мухбири Миролим Исажонов Жиноят ишлари бўйича Ғузор тумани суди раиси Нурбек Абдуллаев билан боғланди. Абдуллаев мазкур ҳодиса бўйича ўтказилган суд жараёнига тааллуқли суд ҳукмини тақдим этди.

Суд қарорида ёзилишича, суд 2020 йилнинг 12 июнь куни Жиноят ишлари бўйича Ғузор туман суди биносида очиқ мажлис кўринишида бўлиб ўтган.

Унда қайд этилишича, 30 яшар судланувчи Ф.Ш. 2019 йилнинг 18 ноябрь куни соат 02:20 ларда Isuzu русумли юк автомашинасини А-378 Самарқанд-Ғузор автомобиль йўли бўйлаб бошқариб кетаётиб, Ғузор туманидаги «Карвонсарой» чойхонаси рўпарасида тўхтайди. У автоуловга фуқаро Гавҳар Шариповани йўловчи сифатида миндириб олади. Ф.Ш. Ғузор тумани Ярғунчи қишлоғига яқинлашганида Гавҳар Шарипованинг елка ва қўлларидан ушлаб, тегажоғлик қилади. Шу пайт актриса автомашина эшигини очиб, унга ўзини ташлаб юборишини айтиб, огоҳлантиради.

Аммо Ф.Ш. Гавҳар Шариповани эшикни очиқ ҳолатда ушлаб кетаётганлигини кўриб, унинг автомашинадан ўзини ташлаб юбориши ва бунинг натижасида оғир оқибатлар келиб чиқиши мумкинлигига кўзи етса-да, бироқ бепарволиги туфайли бунинг олдини олмасдан, автомашинани тўхтатиш чораларини кўрмайди. Ф.Ш. автомашинани ўз-ўзига ишониш билан бошқариши натижасида Гавҳар Шарипова юк машинасидан тушиб кетади ва воқеа жойида вафот этади.

Судланувчи Ф.Ш. суд жараёнида айбига қисман иқрорлик билдирган. Унинг ҳикоя қилишича, у 2019 йил 18- ноябрь куни соат 21:00 ларда бошқарувидаги Isuzu автомашинага Сурхондарё вилояти Ангор туманидан турли кўкатларни ортиб, Тошкент вилояти Янгийўл туманига бориш учун йўлга чиқади. Соат 02:15 ларда Ғузор тумани Қўштепа қишлоғидан ўтиб, Ярғунчи қишлоғи томон ҳаракатланиб бораётганида, йўлнинг четида турган 35-40 ёшлар атрофидаги сариқ сочли аёл қўлини кўтариб, «олиб кетинг» ишорасини қилади. Ф.Ш. эса ўша вақтда бошқарувидаги автомашина тезлиги соатига 70-80 километр бўлганлиги боис аёл турган жойдан тахминан 70-80 метр ўтиб тўхтайди.

У йўловчи аёлни миндириш ниятида автоуловни соатига чамаси 5 км/соат тезликда ортга ҳайдайди. Тахминан 20 метрча юрганидан сўнг автомашина орқа томонидан «тақ» этган овоз эшитилади. Ҳайдовчи автомашинани дарҳол тўхтатиб, пастга тушгач, йўловчи аёл автомашинанинг орқа ўнг ғилдирагининг ташқи томонида ерда жонсиз ҳолатда ётганлигини кўради. Уни ўзига келтириш учун юзига 2-3 марта уради. Аммо ўзига келмагач, унинг елкасидан кўтариб, йўлнинг четига олиб чиқади ва 103 га қўнғироқ қилади. Орадан 15-20 дақиқа ўтиб, Ярғунчи ҚВП тиббиёт ходимлари келади ва шифокорлар жароҳатланган аёлни кўздан кечиришади.

Ф.Ш. судда Гавҳар Шариповани автомашинага миндиргани, унга тегажоғлик қилгани ва оқибатда у автомашинадан ўзини ташлаб юборганлиги тўғрисидаги терговдаги илк кўрсатмасини тасдиқламаслигини билдирган. У ўша вақтда шошиб қолгани ва ИИБ ходимлари ушбу жиноятда уни шубҳа остига олишганлиги учун шу мазмунда кўрсатма беришга мажбур бўлганини айтган. Судланувчи марҳумани аслида автомашинанинг орқа томони билан уриб юборгани, ўша вақтда автомашинада ва атрофда ҳеч ким бўлмагани, қилмишидан чин кўнгилдан пушаймонлиги, Гавҳар Шарипованинг оила аъзоларидан кечирим сўраб, эҳтиётсизлиги туфайли бахтсиз ҳодиса рўй берганлиги, марҳумани аввалдан танимаслиги, у билан суҳбатлашмагани, тегажоғлик қилмаганини айтиб, суддан енгиллик беришни сўраган.

Гарчи Ф.Ш. судда терговдаги кўрсатмаларини тасдиқламаслиги ҳақида гапирган бўлса-да, унинг бу важи қуйидаги асосларга кўра рад қилинган:

- Гавҳар Шарипова Isuzu автомашинадан тушиб кетган ва олган тан жароҳатлари оқибатида воқеа жойида вафот этган. Бу ҳолат марҳуманинг танасида кўплаб шикастлар мавжудлиги ҳақидаги экспертиза хулосаси билан тўлиқ исботини топган.

- Ф.Ш. тергов жараёнида ушбу ҳодиса қандай юз берганлигини батафсил тушунтириб, ҳаққоний ва ишончли кўрсатма берган. Шу боис суд Ф.Ш.нинг суддаги кўрсатмаларини жавобгарликни енгиллаштириш мақсадида айтилган важ, дея баҳолаган ва ҳақиқатга мос келмайди, деб ҳисоблаган.

Суд Ф.Ш.ни Жиноят кодексининг 266-моддаси 2-қисми (транспорт воситалари ҳаракати ёки улардан фойдаланиш хавфсизлиги қоидаларини бузиш одам ўлимига сабаб бўлиши) билан айблаган. Шунингдек, судланувчига Жиноят кодексининг 59-моддаси 8-қисми ва 61-моддаларига асосан, аввалги ҳукми юзасидан ўталмай қолган жазо муддати қисман қўшилиб, транспорт воситаларини бошқариш ҳуқуқидан 2 йил-у 6 ойга ҳамда 6 йил муддатга озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланган. Асосий жазо муддати 2019 йил 19 ноябрдан бошлаб ҳисобланиши белгиланган.

Маълумот учун: Ф.Ш. 1990 йилда Сурхондарё вилоятининг Денов туманида туғилган. Унга нисбатан жиноят ишлари бўйича Самарқанд вилояти Нуробод туман судининг 2019 йил 25 ноябрдаги ҳукмига кўра, Жиноят кодексининг 266-моддаси 1-қисми ва 45-моддасига асосан транспорт воситаларини бошқариш ҳуқуқидан 2 йилга маҳрум қилиш ҳамда иш ҳақининг 15 фоизини давлат даромади ҳисобига ушлаб қолган ҳолда 2 йил ахлоқ тузатиш ишлари жазоси тайинланган.

Dasturlash foundation


Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Жамият » Актриса Гавҳар Шарипованинг ўлимига сабабчи бўлган ҳайдовчига қандай жазо тайинлангани маълум бўлди