10:39 / 15.01.2021
2 435

Аёл ҳокимлар: «Қўша-қўша ортиқча уйлар ва бизнес лойиҳалар қилолмаганмиз»

Аёл ҳокимлар: «Қўша-қўша ортиқча уйлар ва бизнес лойиҳалар қилолмаганмиз»
Коллаж: Дарё
Коррупцияга қарши курашиш агентлиги амалдорларнинг даромадлари декларация қилинишини назарда тутувчи қонун лойиҳасини ишлаб чиқди. 2019 йилда Бандлик ва меҳнат муносабатлари тайёрлаган қонун лойиҳасидан фарқли ўлароқ (вазирлик лойиҳаси бўйича, ушбу тартиб 2020 йил 1 январдан жорий этилиши керак эди), агентлик таклиф қилаётан лойиҳада қуйидан тортиб юқоригача бўлган барча мансабдорлар — ҳатто президент ва бош вазир ҳам декларация тўлдириши таклиф қилинган. Ҳужжат лойиҳаси ижтимоий тармоқларда қизғин муҳокама қилинмоқда.

«Дарё» мухбири Миролим Исажонов ушбу масала юзасидан аёл ҳокимларнинг айримларига мурожаат қилиб, уларнинг фикри билан қизиқди. Қуйида ушбу аёл ҳокимларнинг фикр ва мулоҳазаларини Сизларнинг эътиборингизга ҳавола қиламиз:

«Тадбиркорлик ҳам қилувчи мансабдорларга қийин бўлиши мумкин» – Гавҳар Алимова, Каттақўрғон шаҳар ҳокими, сенатор

«Ўзим амалдор бўлсам-да, жуда оддий оиладан чиққанман. Мени хавотирга соладиган катта бойлигим йўқ. Очиғини айтсам, Тошкентда ҳам уйим бор. Аммо уни кредитга харид қилганман. Самарқанддаги хонадоним ҳам, автомашинамиз ҳам кредитга олинган. Ортиқча мол-дунём йўқ, бойвачча эмасман. Ушбу қонун лойиҳасининг ишлаб чиқилиб, қабул қилинаётгани жуда тўғри иш бўлмоқда. Оила аъзоларимнинг ҳам йиллик даромади декларация қилинишидан хавотирланмайман.

Даромад декларациясини тўлдириш мансабдор бўла туриб, тадбиркорлик фаолиятини ҳам юритувчилар ва порахўрлар учун қийин бўлади, назаримда. Лекин улар ҳам мол-мулкини қариндош-уруғининг номига олиб қўйиши мумкин. Афсуски, бизда шунақа одат бор — дарров бировнинг номига иш қилади, бировнинг номига олиб қўяди. Бизнесини ҳам бировнинг орқасидан юритадиганлар йўқ эмас. Гўёки ўзи оппоқ, соф порахўр бўлмай туради-да, бировнинг номидан иш қилади. Тўғрими? Буни ўзингиз ҳам яхши биласиз. Яна бир бор таъкидламоқчиман, ушбу қарорга муносабатим жуда ижобий ва уни қўллаб-қувватлайман
».

«Маҳаллий бюджетларнинг ошишига олиб келади» — Дилфуза Уралова, Боёвут тумани ҳокими, Олий Мажлис Сенати аъзоси

Фото: Сирдарё вилояти ҳокимлиги ахборот хизмати
«Бугун мамлакатимизда ҳар бир соҳада ислоҳотлар амалга ошириляпти. Янги Ўзбекистонга янгича қараш ва янги қонунчилик билан кириб боряпмиз. Туман ҳокими ва сенатор сифатида бу қонун лойиҳасини қўллаб-қувватлайман, амалдорлар, албатта, даромадлар декларациясини тўлдириб бориши керак. Мазкур тартиб биринчи ўринда шаффофликни таъминлайди, иккинчидан маҳаллий бюджетларнинг ошишига олиб келади. Энг муҳими, коррупциянинг олди олинади ва давлат тизимида ишлайдиган раҳбарларнинг ҳалол, пок яшашига хизмат қилади, деган фикрдаман. Даромадлар декларациясини тўлдириш хотиржам яшашнинг ҳам бир омили ҳисобланади.

Ҳисобли бу дунёда ҳар бир нарсанинг ҳисоботини бериб борсак, фақат яхши бўлади, деб ўйлайман. Барибир эртага шунча нарсани ҳеч ким кўтариб кетолмайди. Онанинг қорнидан қандай туғилган бўлсак, эртага у дунёга ҳам қўлимизда ҳеч нарсасиз кетамиз. Ҳаётимиз йўлида фақат ўзимиз эмас, фарзандларимиз ва қариндошларимиз ҳам ҳаракат қилсагина, йўл очилаверади, даромад келаверади.

Асосийси, ҳар бир ишимизда барака бўлсин. Бунинг учун эса пок ишлаб, мард ва эркин бўлиб юришингиз лозим. Йиллар давомидаги хулосаларим асосида шуни айтаманки, ушбу қарор лойиҳаси амалиётга жорий қилинса, банк ва қурилиш соҳасидаги амалдорлар декларация тўлдиришда қийналиши мумкин
».

«Декларация тўлдириш мени хавотирга солмайди» — Зулайҳо Маҳкамова, Тўрақўрғон тумани ҳокими:

Фото: Тўрақўрғон туман ҳокимлиги ахборот хизмати
«Президентимиз томонидан ҳокимликларга тизимли равишда эътибор қаратилган, маошим ҳам яхши. Қўшимча даромад топиш мақсадида томорқамиздан самарали фойдаланамиз, мол боқамиз. Оиламиз аъзоларининг ҳаммаси меҳнат қилади, иш ҳаққи олишади. Уларнинг даромади ҳам декларация қилинишига ижобий қармайман. Ортиқча даромадимиз йўқлиги туфайли 2009 йили кредитга уй олганман. Ўн икки йилдан бери кредит тўлаб келаман.

Машинамиз ҳам кредит ҳисобига келган. Ҳар ойда оладиган маошимиздан маълум миқдорда ўтказамиз. Оиламизнинг тўрт нафар аъзоси ҳам ишлайди. Биримиз уй, яна биримиз автомашина кретидини тўлаймиз. Қолганларнинг ойлиги кундалик эҳтиёжлар учун ишлатилади. Демоқчиманки, бизда қўша-қўша ортиқча уйлар ва бошқа мол-мулклар йўқ, бизнес лойиҳалар ҳам қилолмаганмиз. Шу боис ҳам даромадлар декларациясини тўлдириш мени хавотирга солмайди.

Бу қарорнинг қабул қилинаётгани жуда қувонарли ҳолат. Мазкур тартиб йўлга қўйилса, бошқарув тизимидаги бир қанча муаммолар юзага чиқади ва ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар томонидан ўрганилиб, ечими топилади, деб умид қиламан
».

«Амалдорлар ҳам ризқига ярашасини ейди» — Садбархон Мамитова, Бўстон тумани ҳокими.

Фото: Андижон вилояти ҳокимлиги ахборот хизмати
«Ҳар бир инсон эҳтиёжига яраша ҳаёт кечирса бўлаверади. Ортиқча нарса Яратганга ҳам хуш келмайди, деб ўйлайман. Кўп йиллар турли ташкилотларда раҳбар сифатида фаолият юритган бўлсам-да, аммо яшаш тарзим оддий. Олти сотих уйда яшайман, оилавий аҳволим бой ҳам, ўта камбағал ҳам эмас, аммо ўз эҳтиёжим учун барча шароитни яратганман. Менимча, инсон бешала бармоғини оғзига тенг тиқса, тиқилиб қолса керак. Ҳар бир одам қандай йўл орқали даромад топса ҳам, барибир ризқига ярашасини ейди. Амалдорлар ҳам худди шундай.

Даромадлар декларациясига доир қонун лойиҳасига муносабатим жуда яхши. Амалдорларнинг даромадини ҳам ҳисоб-китоб қилиш вақти келди назаримда. Аслида раҳбарлик лавозими ҳам бир вазифа, имконият. Лекин шуни суиистеъмол қилиб, барча мансабдорлар номига путур етказаётганлар ҳам афсуски, бор. Декларация тизими йўлга қўйилса, амалдорларнинг банкдаги ҳисобрақами, омонатлари, пул айланмалари ҳам ҳисоб-китоб қилинса керак, деб ўйлайман
».

arenda kvartira tashkent


Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Жамият » Аёл ҳокимлар: «Қўша-қўша ортиқча уйлар ва бизнес лойиҳалар қилолмаганмиз»