10:30 / 05.02.2021
1 515

Бухородаги кўп қаватли уй портлаши оқибатида 12 киши жароҳатланган

Бухородаги кўп қаватли уй портлаши оқибатида 12 киши жароҳатланган
Фото: Бухоро вилояти прокуратураси
Бухоро шаҳридаги Ислом Каримов кўчасида қурилаётган 9 қаватли бинода содир бўлган портлаш юзасидан жиноят иши қўзғатилди. Бу ҳақда Бухоро вилояти прокуратураси маълум қилди.

Хабар берилишича, 2021 йил 4 февраль куни 17:30 да Бухоро шаҳар Ислом Каримов кўчасида жойлашган White Group Trading МЧЖ томонидан қурилган 9 қаватдан иборат бўлган кўп қаватли уйнинг 3-қаватида табиий газни улаш жараёнида газнинг қувурдан сизиб чиқиши натижасида портлаш юзага келган.

Бухоро вилояти ҳокимлиги ҳодиса оқибатида 6 киши жабрланганини маълум қилганди. Прокуратуранинг хабар беришича, жами 12 киши жабрланган.

Кўп қаватли уйда бўлган А.Мирзаев, Н.Самадов ва И.Сотиболдиевлар, портлаш жараёнида йўлдан транспорт воситаларида йўловчи сифатида кетаётган Ф.Жўраева, Ш.Ўринова, Н.Розиқова, Б.Жўраев, М.Маҳмудова, Б.Собирова, Ш.Идиева, Ф.Юлдашева ва Ш.Асадовалар турли даражадаги тан жароҳатлари олиб, Республика шошилинч тиббий ёрдам илмий марказининг Бухоро филиалига олиб келинган.

А.Мирзаев оғир, Ш.Асадова енгил ва қолган барча фуқаролар ўрта оғир тан жароҳати олишган. Ҳозирда уларга шифокорлар томонидан тиббий муолажалар кўрсатилмоқда.

Вилоят ҳокимлиги хабарида Аҳад Ризоевнинг аҳволи оғирлиги маълум қилинганди. Прокуратура маълумотида эса бундай исм-шарифли одам ҳақида ахборот берилмаган. Прокуратура жабрланувчилардан фақат А.Мирзаевнинг аҳволи оғирлиги ҳақида ёзган. Катта эҳтимол билан давлат ташкилотларидан бири жабрланувчининг фамилиясини адаштириб юборган.

Фото: Бухоро вилояти прокуратураси
Етказилган тан жароҳатлари бўйича судга оид тиббиёт ва зарар етказилганлиги бўйича судга оид баҳолаш ҳамда судга оид қурилиш техникавий экспертизалар тайинланди.

Ҳолат юзасидан вилоят ИИБ ҳузуридаги Тергов бўлими томонидан Жиноят кодексининг 259-моддаси 2-қисми «б» банди (оғир оқибатлар келиб чиқишига сабаб бўлган ёнғин хавфсизлиги қоидаларини бузиш) билан жиноят иши қўзғатилди.

Ушбу модда бўйича айбдор деб топилганлар муайян ҳуқуқдан маҳрум қилиниб, 2 йилдан 5 йилгача озодликни чеклаш ёхуд 5 йилгача озодликдан маҳрум қилиш жазосини олади.

Дастлабки тергов ҳаракатлари вилоят прокуратураси томонидан назоратга олингани ва натижаси бўйича қонуний қарор қабул қилиниши таъминланиши таъкидланган.

Dasturlash foundation


Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Жамият » Бухородаги кўп қаватли уй портлаши оқибатида 12 киши жароҳатланган