23:54 / 19.03.2021
2 183

Олимлар AstraZeneca вакцинаси билан эмлашдан кейин тромбоз ҳосил бўлиши сабабини тушунтиришди

Олимлар AstraZeneca вакцинаси билан эмлашдан кейин тромбоз ҳосил бўлиши сабабини тушунтиришди
Фото: REUTERS/Zorana Jevtic
Германиядаги Грайфсвалд университети олимлари AstraZeneca компаниясининг коронавирусга қарши вакцинаси у билан эмланган баъзи одамлар организмида ҳимоя механизмини ишга тушириши ва бунинг натижасида тромблар ҳосил бўла бошлашини маълум қилишди. Бу ҳақда NDR телеканали хабар берди.

Телеканалда таъкидланишича, олимлар Паул Эрлих номидаги тиббиёт институти мутахассисларига мурожаат қилиб, уларга тромбоз ҳосил бўлган беморлар қон намуналарини беришни сўрашган. 6 кишининг қони таҳлили ушбу ҳимоя механизми танада яралар битиши вақтида фаоллашишини кўрсатган. Бунда қон қуюлиб, яра битади. Олимларнинг таъкидлашича, эмлаш ҳам ушбу механизмнинг фаоллашишига хизмат қилган ва бу мияда қон қуйқалари ҳосил бўлишига олиб келган.

Олимларнинг таъкидлашича, эмланганларда бундай тромблар ҳосил бўлишига вакцинани ишлаб чиқишдаги хатолик, организмнинг вакцинага индивидуал реакцияси ёки касалликларга мойиллиги сабаб бўлиши мумкин. Олиб борилган тадқиқот даволашнинг махсус курсини ишлаб чиқиш имконини беради. Олимларнинг айтишича, тромбоздан дори воситасини эҳтиёт чораси сифатида олдиндан киритиш мумкин эмас, даволашни эса тромблар ҳосил бўлгандан кейин бошлаш лозим.

Тадқиқот натижалари нуфузли илмий нашр Lancet’да чоп этилиши режалаштирилган.

18 март куни Европанинг бир қатор давлатлари, жумладан Германия, Франция ва Италия Европа дори воситалари агентлиги (ЕМА) AstraZeneca вакцинасини хавфсиз деб топгандан кейин у билан аҳолини эмлашни давом эттиришга қарор қилди.

ЕМА’да вакцина хавфсиз ва коронавирусга қарши самарали экани, бироқ уни қўллаш натижасида тромблар ҳосил бўлиши мумкинлиги ҳақидаги огоҳлантириш вакцинанинг йўриқномасига қўшилиши айтилган.

arenda kvartira tashkent


Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Жамият » Олимлар AstraZeneca вакцинаси билан эмлашдан кейин тромбоз ҳосил бўлиши сабабини тушунтиришди