10:20 / 27.03.2021
2 579

«Сизга ким рухсат берди?» — Шерзод Қудратхўжа Олий Мажлисга телефон билан киргани ҳақида

«Сизга ким рухсат берди?» — Шерзод Қудратхўжа Олий Мажлисга телефон билан киргани ҳақида
Халқаро пресс-клубда «Бугун парламент ОАВ, журналист ва блогерлар билан ишлашни қандай йўлга қўяди?» мавзуида йиғилиш ўтказилди. Унда Шерзод Қудратхўжа Олий Мажлис биносига телефон билан кириш мумкин бўлмагани, интернет ҳам чеклангани ҳақида гапирди.

«Эсимда, ўтган чақириқдаги парламент даврида бизни мутахассис сифатида Қонунчилик палатасига чақиришди. Ўшанда Пресс-клуб энди фаолиятини бошлаган йиллар эди. Кирсам, телефонимни олиб қўйишди. Мен илтимос қилиб, телефонимни қайтариб олиб, парламентга кириб кетдим.

Депутатлар билан даврада гаплашиб ўтирувдик, кимдир менга телефон қилди. Телефонни олсам, депутатлар ҳайрон: «Сиз қандай қилиб телефонни парламентга олиб кирдингиз? Сизга ким рухсат берди?» дейишди. «Сизларчи?» десам, «Биз телефон билан киролмаймиз», дейишди. Мен «Ахир сизлар ижтимоий тармоқни қандай кузатасиз?» деб сўрадим.

Депутатлар учун эски компьютерлар ўрнатилганди. Мана, Расул Кушербаев билади. Уларда интернет ҳам чекланган экан ўшанда. «Ҳамма ресурсларга киролмаймиз», дейишганди. Фақат интранет, яъни ички сайт қилинган экан.

Мана, ўша пайтдаги бизнинг ёпиқлигимиз, ҳатто депутатларимиз журналистлардан қочиб юрган давр эди. ОАВ билан гаплашмаган. Битта-иккита одам гаплашган мард бўлиб. Интернетда, ижтимоий тармоқда депутатнинг бўлиши мумкин эмас бўлган. Ва буни улар табиий ҳол деб ўйлашган», — дейди Халқаро пресс-клуб раҳбари.

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси спикери ўринбосари Одилжон Тожиев ҳозир депутатлар мулоқот ёки ижтимоий тармоқларни кузатиш учун парламентда телефонлардан эркин фойдаланишини маълум қилди.

«Facebook» ёки «Telegram» каби тармоқларда депутатларнинг деярли 90 фоизи ўз саҳифасини очган, атиги 10 фоиздан ортиғи ҳали аккаунтига эга эмас. Шу озчилик орасида ҳам кимлардир аккаунт очган, лекин тартиб-қоидаси билан, мунтазам ва фаол юритмаган. Бу кўрсаткични 100 фоизга олиб чиқамиз, депутатларимиз билан гаплашиб-келишиб олдик», — қайд этди депутат.

Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Фикрлар (0)


Янгиликлар » Жамият » «Сизга ким рухсат берди?» — Шерзод Қудратхўжа Олий Мажлисга телефон билан киргани ҳақида