08:35 / 15.04.2021
2 091

Ўзбекистон бобо ҳақида эшитганмисиз?

Ўзбекистон бобо ҳақида эшитганмисиз?
Фото: «Халқ сўзи online»
«Халқ сўзи online» Сирдарё вилоятининг Гулистон шаҳрида Ўзбекистон исмли инсоннинг фарзандлари ва набиралари яшаётгани тўғрисида маълумот берди. Нашрнинг ёзишича, шаҳардаги 12-мактаб директори Малика Алимардонова Ўзбекистоновна бўлиб, у Ўзбекистон исмли инсоннинг фарзанди ҳисобланади.

Гулистон шаҳридаги 12-мактаб директори ўзини таништирди: «Алимардонова Малика Ўзбекистоновна». Демак, отасининг оти Ўзбекистон. Хўш, исми Ватан номида бўлган бу киши ким эди?

— Бўрибой бобом Мирзачўлни ёппасига ўзлаштиришдан аввал Гулистон туманига,ҳозир биз авлодлари яшаётган маҳаллага кўчиб келган, — дейди Малика Алимардонова. — У вақтлари бу ерлар яйдоқ бўлган. Бобом ва улар билан бирга меҳнат қилганларнинг фидойилиги туфайли кейинчалик чўл ўрни бўстонга айланган. Бобом кўп йиллар бригадирлик қилган. Раҳматли отам у кишининг учинчи фарзанди, 1949 йилда туғилган. Ломоносов номидаги Москва давлат университети ва яна бир неча олий ўқув юртларида ўқиган. Маҳалламиздаги йирик паррандачилик фабрикасида иқтисодчи, Янгиердаги ана шундай хўжаликда эса директор бўлиб ишлаган.

Малика Алимардонованинг айтишича, Бўрибой бобонинг тўнғич фарзанди Рустам ҳам Москва давлат университетида таълим олган. Иккинчи ўғлининг оти эса Достон. Кенжасига Улуғбек деб исм қўйган. Эътибор берган бўлсангиз, барча исмлар ўзбекона, тарих ва миллат юзини акс эттирган отлар. Бу мустабид тузум даврида ҳам Ўзбекистонимизни улуғлаган оддий бир деҳқоннинг ўз Ватанига бўлган меҳр-муҳаббатининг ифодасидир.

Ҳа, дарвоқе Бўрибой бобо набираларидан бирига Гулистон деб ҳам исм қўйган, Мирзачўл бағрида қад кўтарган кўркам шаҳар шарафига. Гулистон Ўзбекистон ўғли ҳозир ўқитувчилик қилмоқда. Айтиш лозимки, Бўрибой бобо авлодларининг аксарияти эл-юрт ишида фидойи инсонлар, олий маълумотли мутахассислардир. «Бобомнинг «Мен кетмончи бўлиб ўтаётган бўлсам, сизларнинг қўлингизда қаламу китоб бўлсин» деган насиҳатлари у кишининг барча авлодлари учун умр мақсадига айланган» дейди нафақат Гулистон шаҳри, балки вилоят ва республика миқёсида ҳам намунали бўлган мактабга раҳбарлик қилаётган Малика Алимардонова.

... Яқинда каратэ бўйича республика мусобақасида Ўзбекистон бобонинг набираси, 4-синф ўқувчиси Бахтиёр иккинчи ўринни эгаллади, ғолибларни эълон қилиш асносида «Бахтиёр Ўзбекистонов» деган исм-фамилия ўзгача виқорли ва улуғвор жаранглади. Ният шуки, бу ном жаҳон майдонларидаги «Ўзбекистон» сўзи ёнида ҳам баралла янграсин, яъни «Бахтиёр Ўзбекистонов. Ўзбекистооон!» дея. Сўнгра бутун дунё лол қолсин, жаҳонда Ватанга бўлган муҳаббатини исмга жо қилган халқ борлигидан!

Сариқ белбоғ соҳиби Ўзбекистонов Бахтиёр Отабекович
Ва шуниси аниқки, ҳали ер юзида ўз мамлакати номини бу қадар ардоқлаган оддий бир деҳқон ҳам қайд этилмаган, Бўрибой акадек.

arenda kvartira tashkent


Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Жамият » Ўзбекистон бобо ҳақида эшитганмисиз?