14:45 / 11.05.2021
1 017

Алламжонов: «Журналистларимизни қўллаш ўрнига қўрқитиб қўйсак, уларнинг ўрнини ташқаридагилар эгаллаши аниқ»

Алламжонов: «Журналистларимизни қўллаш ўрнига қўрқитиб қўйсак, уларнинг ўрнини ташқаридагилар эгаллаши аниқ»

Миллий масс-медиани қўллаб-қувватлаш ва ривожлантириш жамоат фонди васийлик кенгаши раиси Комил Алламжонов Telegram’даги саҳифасида кейинги пайтда журналистлар билан боғлиқ муаммолар тез-тез кўзга ташланиб тургани ҳақида пост қолдирди.

«Отабек Сатторий билан боғлиқ шов-шувли очиқ суд жараёни якунланди. Сурхондарёлик блогерга олти ярим йил берилди. Мен суд ҳукми ҳақида фикр билдира олмайман, бундай ваколатим йўқ. Ва Отабекнинг қанчалик айбдорлиги ҳақида ҳам маълумотга эга эмасман.

Ҳозир айтмоқчи бўлганларим, умуман, матбуотимиз ҳаётига тааллуқли. Кейинги пайтда журналистлар билан боғлиқ муаммолар тез-тез кўзга ташланиб турибди. Матбуотчилар қандай қийинчиликларга дуч келаётганини ҳам биляпмиз.

Аммо мен бир гапни ишонч билан айта оламан: ўзимизнинг журналистларни қўллаш, ҳимоя қилиш ўрнига оғзини очолмайдиган даражада қўрқитиб қўйсак, уларнинг ўрнини бошқалар – ташқаридан туриб фитна чиқарадиганлар эгаллаши аниқ! Ундайларнинг нияти маълум – жамоатчилик фикрини аллакимлар учун манфаатли томонга буриш, содда одамларимизнинг ҳис-туйғуларини қўзғатиб, шу орқали оммани бошқариш. Бу йўлда на ҳақиқатга ўрин бор, на виждонга!» дейди Комил Алламжонов.

Унинг ёзишича, чўчиб қолган блогер ёки журналист анонимга айланиб кетиши мумкин.
«Қолаверса, чўчиб қолган блогер ёки журналист анонимга айланиб кетиши мумкин. Журналист ёки блогерлик кўпинча одамнинг қон-қонида бўлади. Атрофдаги ҳаётга бефарқ бўлмаган бу ҳақиқий ватанпарварлар ҳар қандай ҳолатда барибир ёзаверади. Техника асрида информация оқимини тўсишнинг ягона йўли интернетни давлат миқёсида бутунлай ўчириб қўйишдир.

Албатта, танловни ҳамма ўзи қилади. Бизнинг чақирувимиз – соғлом ва қонуний муносабатларни йўлга қўйиш. Қонун ҳамма учун: блогер, журналист учун ҳам, ҳоким, вазир учун ҳам бирдек ишлаши керак. Шундагина ҳукмларнинг адолатли эканлигига шубҳа камаяди.

Ватан – бизники! Ва ҳеч ким шу заминда яшаб фаолият юритаётган ўзимизнинг журналист ва блогерларчалик Ватанимиз, миллатимиз тараққиёти учун қайғурмайди.

Ҳурматли ҳамкасблар! Албатта, танлаган соҳамиз жуда қалтис, лекин юрт тараққиётида бу жуда муҳим йўналиш. Буни давлат раҳбари ҳам бир неча бор таъкидлаганлари бежиз эмас. Шаштингизни туширманг. Биз осон бўлмаган йўлдамиз. Шу пайтгача ҳамманинг овозини баравар ўчириш ҳеч кимнинг қўлидан келмаган. Бундан кейин ҳам шундай бўлади. Аллоҳ барчамизни асрасин», дейилади постда.

Маълумот учун, 10 май куни жиноят ишлари бўйича Музработ туман судида блогер Отабек Сатторий устидан суд жараёни ниҳоясига етди ва суд ҳукми эълон қилинди. У туҳмат ва товламачилик моддалари билан айбдор деб топилиб, 6,5 йилга озодликдан маҳрум қилинди. Жазо умумий тартибли колонияларда ўталади.

Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Фикрлар (0)


Янгиликлар » Жамият » Алламжонов: «Журналистларимизни қўллаш ўрнига қўрқитиб қўйсак, уларнинг ўрнини ташқаридагилар эгаллаши аниқ»