23:00 / 21.06.2021
3 479

Шерзод Асадов президент сайловига номзодлар эълон қилиниши ҳақида


Президент матбуот котиби ОАВ учун ўтказилган анъанавий брифингда бошланган ҳафтада давлат раҳбари иштирокида қандай тадбирлар режалаштирилгани тўғрисида маълумот тақдим этди. Шунингдек, Шерзод Асадов журналистлардан келиб тушган саволларга ҳам жавоб берди.

Брифингда иштирок этган Amerika Ovozi журналисти Навбаҳор Имомова президент матбуот котибидан Шавкат Мирзиёев президентликка яна ўз номзодини қўйиши ҳақида сўради.

Шерзод Асадов сайловга тайёргарлик жараёни бошланганини, Ўзбекистон ЕХҲТнинг ДИИҲБ миссиясини бир неча бор қабул қилгани, сайловни жаҳон стандартлари бўйича олиб боришга тайёргарлик кўрилаётганини билдирди.

«Демак, сайловолди жараёни старт берилишига унча кўп вақт ҳам қолмади, бу – июль ойи охири. Номзодлар ким, қачон ўз номзодини илгари суришини, биз албатта мана шу муддатгача кутишимиз керак. Биринчи навбатда, бу ҳар битта номзоднинг, ҳар бир фуқаронинг ўз конституциявий ҳуқуқи», деди президент матбуот котиби.
  • Маълумот учун, президент сайловини Ўзбекистон фуқаролари умумий, тенг ва тўғридан тўғри сайлов ҳуқуқи асосида яширин овоз бериш йўли билан амалга оширади. Ушбу лавозимга 35 ёшдан кичик бўлмаган, давлат тилини яхши биладиган, бевосита сайловгача камида 10 йил Ўзбекистон ҳудудида муқим яшаётган Ўзбекистон фуқароси сайланиши мумкин. Ўзбекистон президенти беш йил муддатга сайланади.
Ўзбекистонда навбатдаги президентлик сайловлари шу йилнинг октябрь ойи учинчи ўн кунлигининг биринчи якшанбасида ўтказилади.
Одатга кўра, Ўзбекистон президентлиги сайловларида асосий номзоддан ташқари бошқа партияларнинг етакчилари ҳам ўз номзодини илгари суради. Президент Шавкат Мирзиёев 2016 йил декабридаги сайловларда Либерал-демократик партиядан номзод бўлганди.

Июнь ойи бошида «Миллий тикланиш» партияси етакчиси Алишер Қодиров партия президентликка ўз номзодини июнь ойида эълон қилишни режалаштираётганини маълум қилганди. 

Бундан ташқари, куздаги сайловларда Адолат» СДП раиси Баҳром Абдуҳалимов, Халқ демократик партияси раиси Улуғбек Иноятов ва Экологик партия раиси Нарзулло Обломуродов ҳам номзод бўлиши кутилмоқда.

arenda kvartira tashkent


Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Жамият » Шерзод Асадов президент сайловига номзодлар эълон қилиниши ҳақида