Ўзбекистонда пенсия ёши 2028 йилдан оширилиши мумкин

Ўзбекистонда пенсия ёши 2028 йилдан оширилиши мумкин
ҚисқачаAI ёрдамида тайёрланганКўрсатиш
  • Ўзбекистонда 2028 йилдан бошлаб пенсия ёши ҳар йили 3 ойдан оширилиб, 2039 йилга келиб эркаклар учун 63, аёллар учун 58 ёшга етказилиши режалаштирилмоқда.
  • Ушбу ўзгаришлар фуқароларнинг пенсия тизимидаги иштироки ва пенсия олиш даври ўртасидаги мутаносибликни таъминлаш ҳамда аҳолининг ўртача умр кўриш давомийлигининг ортиб бораётганини инобатга олган ҳолда таклиф этилмоқда.

Ўзбекистонда пенсия ёшини босқичма-босқич ошириш режалаштирилмоқда. Янги тартибга кўра, 2028 йилдан бошлаб пенсия ёши ҳар йили 3 ойдан ошириб борилади. Натижада 2039 йилга келиб эркаклар учун пенсия ёши 63 ёшга, аёллар учун эса 58 ёшга етказилиши мумкин.

Бу ҳақда бугун, 15 сентябрь куни жамоатчилик муҳокамасига тақдим этилган “Аҳоли фаровонлигини таъминлаш ва пенсия таъминоти тизимини ислоҳ қилиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Президент фармони лойиҳасида маълум қилинган.

Ҳужжатда таъкидланишича, мазкур ўзгаришлар фуқароларнинг пенсия таъминоти тизимидаги иштироки билан пенсия тўловларини олиш даври ўртасидаги мутаносибликни таъминлаш мақсадида таклиф этилмоқда. Шунингдек, аҳолининг ўртача умр кўриш давомийлиги ортиб бораётгани ҳам инобатга олинган.

Фармон лойиҳасида Иқтисодиёт ва молия вазирлиги ҳамда Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Ижтимоий ҳимоя миллий агентлигининг бир қатор таклифларини маъқуллаш назарда тутилган.

Жумладан, 2027 йил 1 январдан бошлаб умумий белгиланган пенсия ёшини бир йилга қисқартирган ҳолда пенсия тайинлаш амалиётини бекор қилиш таклиф этилмоқда.

Шу билан бирга, 2028 йил 1 январдан пенсия ёшини ҳар йили 3 ойга ошириб бориш белгиланади. Бу жараён босқичма-босқич амалга оширилиб, 2039 йилда эркаклар учун 63 ёшга, аёллар учун эса 58 ёшга етказилиши режалаштирилган.

Пенсия ёши оширилаётган даврда пенсияолди ёшидаги фуқароларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилиш бўйича қатор кафолатлар ҳам белгиланмоқда.

Хусусан, фуқаронинг пенсияолди ёшида эканини сабаб қилиб, уни ишдан бўшатиш ёки ишга қабул қилишни рад этишга йўл қўйилмайди.

Шунингдек, ишсиз деб эътироф этилган фуқаролар учун пенсияга 2 йил олдин муддатидан аввал чиқиш ҳуқуқи сақлаб қолинади.

Ерости ишларида, меҳнат шароити зарарли ва оғир бўлган ишларда тўлиқ иш куни давомида меҳнат қиладиган эркакларга 50–55 ёшдан, аёлларга эса 45–50 ёшдан қонунчиликда белгиланган тартибда имтиёзли пенсияга чиқиш имконияти ҳам сақланиши кўзда тутилмоқда.

Бундан ташқари, пенсия олувчиларга амалда татбиқ этиладиган солиқ, транспорт ҳамда соғлиқни сақлаш соҳасидаги имтиёзлар ўз кучида қолдирилади.

Яна бир муҳим жиҳат — эркакларга 60 ёшдан, аёлларга эса 55 ёшдан жамғариб бориладиган пенсия маблағларини олиш ҳуқуқи берилиши режалаштирилмоқда.

Лойиҳага мувофиқ, Иқтисодиёт ва молия вазирлиги 2026 йил 1 декабрга қадар Ўзбекистон Республикасининг “Фуқароларнинг давлат пенсия таъминоти тўғрисида”ги ҳамда “Фуқароларнинг жамғариб бориладиган пенсия таъминоти тўғрисида”ги қонунларига, шунингдек, Солиқ кодексига мазкур фармон лойиҳасидан келиб чиқадиган тегишли ўзгартириш ва қўшимчаларни киритиш бўйича қонун лойиҳасини Вазирлар Маҳкамасига киритиши белгиланган.

Айни пайтда мазкур ҳужжат ҳали якуний қарор эмас. Президент фармони лойиҳаси бўйича жамоатчилик муҳокамаси жорий йилнинг 30 сентябрига қадар давом этади.

Шундан сўнг билдирилган таклиф ва мулоҳазалар инобатга олинган ҳолда ҳужжатнинг якуний мазмуни шакллантирилиши мумкин.

Zamin.uz сайтини Google'га қўшинг"Zamin"ни Telegram'да ўқинг!

Изоҳлар 0

Мавзуга оид янгиликлар