13:48 / 13.10.2021
2 489

Шавкат Мирзиёев: «Толибон» раҳбарияти билан музокаралар олиб бориб тўғри йўл танлаганимиз маълум бўлди

Шавкат Мирзиёев: «Толибон» раҳбарияти билан музокаралар олиб бориб тўғри йўл танлаганимиз маълум бўлди
Навоийдаги сайловчилар билан учрашув чоғида Шавкат Мирзиёев яна бир бор Афғонистондаги вазиятга тўхталиб ўтди, деб хабар беради ЎзЛиДеп матбуот хизмати.

«Афғонистондаги вазиятни ҳаммамиз кўриб турибмиз. Қўшни танланмайди-ку, қўшнимизда вазият ёмон деб қаергадир кўчиб кета олмаймиз-ку. Бундан 2 йил аввал мен ‘Толибон’ раҳбарияти билан музокаралар олиб борганимда ҳамма ҳайрон бўлганди. Лекин бугунги кунга келиб тўғри йўл танлаганимиз маълум бўлди. Мен тинчлик бўлиши учун, жафокаш афғон халқига ҳам енгиллик бўлиши учун аввалги раҳбарияти билан бир йилда олти марталаб учрашдим, гаплашдим.

Албатта, ҳамма давлат раҳбари биринчи навбатда ўз давлати ҳақида ўйлайди. Мен ҳам биринчи навбатда ўз халқимни ўйлашга мажбурман, менга кафолатланган тинчлик керак! Бирорта ўқ отилмайдиган, барча масалалар музокаралар билан ҳал бўладиган тизим керак.

Шу билан бирга, мудофаа тизимимизни ислоҳ қилишда давом этамиз. Яқин тарихни эслайлик, танк қисмларидаги аскарлар танк минишмасди, аскарлар картошка тозалашарди. Бу соҳада ҳам жиддий ислоҳотлар ўтказдик. Ҳарбийларимиз 42 давлат ҳарбийлари ўртасидаги мусобақада 2-ўринни олгани ҳам бежиз эмас
», — дейди Шавкат Мирзиёев.

Эслатиб ўтамиз, ЎзЛиДеПдан президентликка номзод Шавкат Мирзиёев 11 октябрь куни қашқадарёлик сайловчилар билан бўлиб ўтган учрашувда ҳам Афғонистон чегарасидаги вазиятга тўхталиб ўтганди: «Бизнинг ягона мақсадимиз — Ўзбекистонга Афғонистондан ўқ отилмасин».

Шунингдек, Президент Шавкат Мирзиёев 27 август куни Навоий вилоятига ташрифи доирасида Афғонистондаги вазият, «Толибон» билан олиб борилаётган мулоқот ҳақида ҳам тўхталиб ўтганди. «Менга халқимнинг тинчлиги керак, осойишталиги керак. Фақат ва фақат ўзбек халқимнинг, жонажон Ўзбекистоннинг тинчлигига таъсир кўрсатадиган омил бўлса, ким бўлишидан қатъи назар, мулоқотга киришишга тайёрман», — деган эди ўшанда Президент.

arenda kvartira tashkent


Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Жамият » Шавкат Мирзиёев: «Толибон» раҳбарияти билан музокаралар олиб бориб тўғри йўл танлаганимиз маълум бўлди