13:53 / 09.04.2022
1 108

Исматулла Иргашев Афғонистонда кўкнори етиштиришга қўйилган тақиқ ҳақида гапирди

Исматулла Иргашев Афғонистонда кўкнори етиштиришга қўйилган тақиқ ҳақида гапирди
Фото: Халқаро Пресс-клуб
«Толибон» ҳукумати бутун Афғонистон ҳудудида кўкнори етиштиришни тақиқлагани тўғрисида хабар берилганди. Ўзбекистон президентининг Афғонистон бўйича махсус вакили Исматулла Иргашевнинг «Gazeta.uz»га берган интервьюсида айтишича, «Толибон»нинг мазкур қарори турли террористик гуруҳларни опий сотишдан тушган даромад манбасидан маҳрум қилади.

БМТ маълумотларига кўра, дунёда афюн ишлаб чиқаришнинг 80 фоиздан ортиғи Афғонистон ҳиссасига тўғри келади. 2021 йили опий ишлаб чиқаришдан тушган даромад тахминан 1,8—2,7 миллиард доллар бўлган. Ташкилотнинг Гиёҳванд моддалар ва жиноятчилик бўйича бошқармаси 2021 йилда Афғонистонда афюн ишлаб чиқариш ҳажми 8 фоизга ўсгани ва 6800 тоннага етганини тасдиқлаган.

Иргашевнинг таъкидлашича, «Толибон» ҳукуматининг ушбу қарори ниҳоят оддий афғон деҳқонларига кўкнори ўрнига бошқа қишлоқ хўжалиги экинларини етиштиришга ўтиш, ички бозорни улар билан тўлдиришга ва афғонларнинг фаровон яшашига имкон яратади.

- Афғонлар табиатан тажрибали деҳқонлардир, улар фақат уруш йилларида афюнни фаол етиштира бошлашди, асрлар мобайнида улар мева-сабзавот ва полиз маҳсулотларининг барча турларини, шунингдек, гуруч, буғдой, картошка, помидор ва бошқаларни етиштириб келишган. Афғон халқининг бугуни ва келажагини таҳлил қилишда мана шу тарихий ҳақиқатга алоҳида эътибор қаратиш керак.

Бундан ташқари, Афғонистон муваққат ҳукумати қарори ҳозирги вақтда ҳануз мамлакат ҳудудида бўлиб турган турли террористик гуруҳларни опий сотишдан тушган даромад шаклидаги асосий молиялаштириш манбасидан маҳрум қилади
, — дейди махсус вакил.

Эслатиб ўтамиз, август охирларида «Толибон» ҳаракати Афғонистонда ҳокимият тепасига келгач, мамлакатнинг гиёҳванд моддалари етиштиришни тўхтатиши ҳақида ваъда берганди. «Энди гиёҳванд моддалар ишлаб чиқарилмайди ва контрабанда йўли билан бошқа давлатларга олиб ўтилмайди. Афғонистон афюн етиштирадиган мамлакат бўлмайди», — деган ҳаракат вакили Забиҳулла Мужоҳид. У шундай сиёсат олиб бориш учун «Толибон»га хориж давлатларининг кўмаги зарурлигини ҳам таъкидлаган.

arenda kvartira tashkent

Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Жамият » Исматулла Иргашев Афғонистонда кўкнори етиштиришга қўйилган тақиқ ҳақида гапирди