Мунажжимлар башорати: 14 июль куни юлдузлар Сизга нималарни ваъда қилмоқда?

  • Ҳаёт тарзи
  • 14-07-2018, 00:35
  • 1 260
  • Мунажжимлар башорати: 14 июль куни юлдузлар Сизга нималарни ваъда қилмоқда?
    ҚЎЙ (21. 03 — 20. 04)

    14 июль куни истакларингизни бир нуқтага жамлаб, энг аввало қай юмушни адо этиш ҳақида яхшилаб ўйлаб олишингиз керак. Бу рўзғордаги ёки молиявий муаммолардан иборат бўлиши мумкин. Қай бири муҳимлигини ўйлаб олгачгина ҳаракатлар содир этишни бошланг. Кун мобайнида ё дўстлар, ё уйдагилар билан орангизда келишмовчиликлар юзага келиш эҳтимоли бор. Лекин сиз ён беришга ҳаракат қилинг. Ҳаётда катта бир мақсадни кўзлаб йўлга чиққан бўлсангиз, бу мўлжалдан ҳечам адаша кўрманг. Шунда ишда мавқе, оилада обрў ва ўрнингиз мустаҳкам тортади.

    БУЗОҚ (21. 04 — 21. 05)

    Кунингиз ёмон ётмайди. Барча ишлар режа бўйича кетади. Лекин ора-сирада совуққон лаҳзаларни ҳам бошдан кечиришингизга тўғри келади. Агар масалага реал назар билан боқа олсангиз, бундай вазиятларда қолиб кетмайсиз. Куннинг иккинчи ярмида анчадан бери кўришмаган бир танишни учратиб қолишингиз, у сизга қандайдир ёқимсиз хабар етказиши кутилади. Қалбингиз қийнала бошлаши мумкин. Бироқ бу ҳолат узоқ давом этмаслиги тайин. Кечқурун барчаси унутилади. Оила аъзоларингиз меҳридан, эътиборидан баҳра ола бошлайсиз иншооллоҳ.

    ЭГИЗАКЛАР (22. 05 — 21. 06)

    14 июль куни тадбиркорлар ўзи анчадан бери ҳамкорлик қилишни мўлжаллаб юрган инсон билан учрашишлари мумкин. Бу йўлда шубҳаларга зинҳор ўрин берманг. Тузиладиган келишувлар оқибатда омадли кечади. Молиявий масалада жуда эътиборли бўлишингиз талаб қилинади. Таваккалчиликка берилиб дуч келган лойиҳага пул тикиб қўйманг. Бундан ҳаракатлар одатда инқирозга юз туттиради. Кечқурун айримларнинг саломатлиги ёмонлашиб, юрак ва ошқозон қисмида жиддий муаммо юзага келиши мумкин.

    ҚИСҚИЧБАҚА (22. 06 — 23. 07)

    Бугун димоғдорлик, ўта мағрур қиёфа сизга сира яхшилик келтирмайди. Камтарликдан қўймасин. Акс ҳолда ёқимсиз ва хавфли вазиятларда қолиб кетишингизга тўғри келиши мумкин. Муҳаббатда ҳам ҳушёрликни оширмасангиз, сизга очиқчасига душманлик қилишга тайёр кимсалар касрига қолишингиз ҳеч гап эмас. Ишхонадаги ҳамкасблар билан муносабатларни илиқ ҳолатда сақлаб қолишга ҳаракат қилинг. Куннинг иккинчи ярмида қўшимча даромад келтирувчи иш таклиф этишлари кутилади. Албатта рози бўлинг. Саломатлигингиздан бугун шикоятингиз бўлмайди.

    АРСЛОН (24. 07 — 23. 08)

    14 июлда ўзгалар ваъдасига ишониб қолманг. Ишонгингиз келса фақат ўзингизга ишонинг. Эрталабдан хаёлни бир нуқтага жамлаб, аниқ мақсадлар сари олға босаверинг. Муваффақиятлар манзили у қадар олис эмас. Кечгача албатта етасиз. Агар рўзғор ташвишларини аралаштирмасангиз, ишда мавқеингиз ортиши турган гап. Ҳар бир ишни бажаришда яқин ўтмишдаги хатоларни эсга олинг. Бу нарса сизга ўша хатолар такрорланмаслигида яқиндан ёрдам бериши мумкин. Кечқурун сизни оилавий меҳмонга таклиф этишлари кутилади. Меҳмондорчиликда зарарли одатлар асирига айланиб қолманг.

    ПАРИЗОД (24. 08 — 23. 09)

    Бугун паризод буржи остида таваллуд топганлар яқиндагина танишган одамларга ишониб кетавермасликлари тавсия этилади. Эсда тутинг, яхши танимаганларга кўнгилни кенг очиб қўйиш ярамайди. Бу сизга зиён етказиб қўйиши мумкин. Ишда тактикани ўзгартиришингизга тўғри келади. Шунда кўзланган мақсадларга етишингиз осон кечади. Молиявий муаммоларни ижобий ҳал этиш ниятингиз бўлса, хафақонликка умуман эрк берманг. Сурункали хасталикка йўлиққанлар ҳавонинг иссиғида кўп юрмасликлари керак. Ўзингизни ниҳоятда эҳтиёт қилинг.

    ТАРОЗИ (24. 09 — 23. 10)

    14 июлда иш жойингиздаги юмушларни кўнгилдагидек адо этишда қалбингизгагина қулоқ тутинг. У сизни тўғри йўлга бошлайди. Ҳаётга, муаммоларга оптимистик назар билан қаранг. Ўзингизга бўлган ишончни сўндирмасликка ҳаракат қилинг. Куннинг иккинчи ярмида сизни хизмат сафарига юборишлари мумкин. Бу сафар учун қайтиб келгач, мўмайгина мукофот пули оласиз. Овқатланиш режимини бузманг ва бу йўлда ортга чекинманг. Кечқурун албатта тоза ҳавода сайр қилинг. Кун давомида атрофдагилар билан жанжаллашиб қолмасликка ҳаракат қилинг.

    ЧАЁН (24. 10 — 22. 11)

    Кунингиз жуда кўп чалкашликлардан иборат бўлиши кутилмоқда. Қай ишга қўл урманг, мушкулотлар кўндаланг бўлиб куйдириши мумкин. Ҳойнаҳой, анчадан бери мириқиб дам олмаган кўринасиз. Бунақаси кетмайди. Саломатлик топилмайди. Иш эса ҳар куни бисёр. Дам олиш ҳақида ўйлаб кўринг. Умумий жисмоний ҳолатингиз жойида бўлади. Лекин кайфиятингиз тушкунга мойилроқ бўлиши эҳтимолга яқин. Кечқурун дўстлардан бири билан баҳслашиб қолишингиз кутилади. Шу нарса кайфиятингизга салбий таъсир кўрсатса керак.

    ЎҚОТАР (23. 11 — 21. 12)

    14 июль куни ақлга суянган ҳолда шошилмасдан иш бошлашингиз керак. Кўр-кўрона ҳаракатлар содир этишингиз жиддий хатоликларга сабаб бўлиши мумкин. Тадбиркорлар қалбига қулоқ тутса, фойдали шартномаларни кун давомида имзолашлари тайин. Бошқалар эса мабодо миясида иш билан боғлиқ ажойиб ғоя туғилса, дарҳол раҳбариятга бу ҳақда маълум қилишлари лозим. Бугун муҳаббатда омадингиз чопади. Оила қурмаган бўлсангиз, кечқурун сиз романтик лаҳзалардан баҳра оласиз.

    ТОҒ ЭЧКИСИ (22. 12 — 20. 01)

    Ишда ҳам, шахсий ҳаётда ҳам сиз ҳақсиз. Ҳақ эканингизга умуман шубҳа қилманг. Шунда келажак пойдеворини мустаҳкам қура бошлайсиз. Молиявий муаммоларнинг адабини едириш учун бугун жуда қулай ва муваффақиятли кечишини унутманг. Фақат пул сарфлашда ақлга суянинг. Рўзғордаги камчиликларни бартараф этишда яқинларингиз билан бамаслаҳат иш тутишингиз керак бўлади. Қариндошлар сизни ҳар жабҳада қўллаб-қувватлашга тайёр туришади. Саломатликни эҳтиёт қилинг.

    ҚОВҒА (21. 01 — 19. 02)

    14 июлда молиявий соҳада омадингиз чопиши кутилмоқда. Кун бўйи кимлардандир олган қарзларни ҳам узасиз, оила учун зарур ашёлар харид қиласиз. Хуллас, пулингиз кўп, белингиз бақувват бўлади худо хоҳласа. Ҳамкасблар қаршисида раҳбарлардан мақтов эшитиш-чи? Бу ҳам кўнглингизни тоғдек кўтаради. Бир сўз билан айтганда, бугун сизнинг кунингиз. Фақат режалаштирилмаган сафар, учрашув ва харидлар муваффақият келтирмайди. Кечқурун ёлғиз қолиб, эртанги кун режасини тузсангиз ҳам ортиқчалик қилмайди.

    БАЛИҚ (20. 02 — 20. 03)

    Кун балиқ буржи вакиллари учун ҳаяжонли ва бир жиҳатдан хавотирли бошланиши мумкин. Ҳар бир арзимас ҳодиса ёки гапни юракка яқин олавермасангиз, тушдан кейин вазият буткул ўзгариши аниқ. Майда-чуйда ишларни бажариш тўғри келса, бардошли бўлинг. Шахсий ҳаётда жуфтингизга нисбатан миянгизда пайдо бўладиган хунук хаёлларни ҳайдаб солинг. Унинг садоқатига шубҳа қилманг. Гуноҳ бўлади. Кечқурун илож топсангиз, оилавий кичик байрам уюштиринг. Кўнгиллар ёзилади. Оиладаги ришталар янада мустаҳкам тортади.

    Манба: Hordiq.uz

    » » Мунажжимлар башорати: 14 июль куни юлдузлар Сизга нималарни ваъда қилмоқда?
    Яндекс.Метрика