Қашқадарё вилояти Яккабоғ туманида VIII–IX асрларга оид тошдан қурилган кузатув минораси топилди. Бу ҳақда Маданият ва туризм вазирлиги ахборот хизмати хабар берди.
Унга кўра, вилоят маданий мерос бошқармаси мутахассислари томонидан олиб борилган изланишлар натижасида Яккабоғ тумани Татар тоғларида тахминан VIII–IX асрларга тааллуқли тошдан қурилган кузатув минораси дея тахмин қилинаётган объект аниқланди.
Мутахассислар томонидан ушбу объект гувургон, яъни зардуштийларнинг дахмаси бўлган деган тахминлар ҳам бор. Муқанна қалъасининг қурилиш услубига ўхшаш тош минорани атрофлича ўрганиш жараёнида ҳудудда сув тегирмони қолдиқлари ва эриган металл ашёлари топилди.
Мазкур объектдан маълум ҳарбий истеҳком ёки ишлаб чиқаришга мўлжалланган таъминот сифатида фойдаланилгани айтилмоқда. Ҳозирги кунда бошқарма томонидан янги топилган маданий мерос объектнинг тарихий қийматини ўрганиш ишлари олиб борилмоқда, олиб борилган изланишлар натижаси юзасидан қўшимча маълумот берилади.
«Замин» янгиликларини «Вконтакти»да кузатиб боринг