18:38 / 21.07.2023
2 601

“Тан олинмаган фарзандман”: Ботир Қодиров 15 та фарзанди борлиги ва унга Шерали Жўраевнинг қўшиқларини айтишни тақиқлашгани ҳақида

Фото: Instagram / @botirqodirovofficial

Хонанда Ботир Қодиров YouTubeъдаги “Чотки TV” каналига берган интервьюсида отаси томонидан тан олинмагани ва фарзандларининг сони ҳақидаги саволларга  жавоб берди.

— Ўз вақтида тан олинмаган фарзандман. Ўша пайтда катта оила қилишни ва уларни адолат билан бошқаришни ният қилганман. Ҳозирги кунда 15 нафар фарзандим бор ва уларнинг ҳар биридан фахрланаман. Тўғри, улар битта онадан эмас, аммо уларнинг ҳаммасини тан оламан. Фарзандларимнинг бари бир-бирини танишади ва дўстона муносабатда бўлишади. Бошқа оиламдан бўлган фарзандларим биринчи оиламга келиб, бемалол ўйнашади. Фарзандларим учун албатта вақт ажратаман. Уларнинг барини йиғиб, истироҳат боғига ёки овқатланишга олиб бораман. Узун стол буюртириб, мириқиб овқатланамиз.

Жигарларнинг бир-бирига бўлган муносабати илиқ эканлигидан хурсандман. Ўйлашимча, ҳаммаси эркак кишининг ўзига боғлиқ. Инсон фарзанд кўрдими, уни тан олиши керак. Аксинча иш тутиш эса, номарднинг иши ҳисобланади. Хотиндан қўрқиб иш тутиш эркак кишига хос бўлган иш эмас. Чиройли ёки мансабдор аёлининг кетиб қолишидан қўрқиб, бошқа оиласидан бўлган фарзандини тан олмаслик ёки уни яшириш эркак кишига хос иш эмас. Туғдиргандан кейин болани тан олиб, вояга етгунига қадар унга меҳр бериш, улғайтириш оталик бурчи деб биламан.

Рости, фарзандидан воз кечадиган ёки битта аёл билан муносабатларини узиб, бошқа оила қурганидан кейин фарзандларини ҳам унутиб қўядиган эркакларнинг ишини тушунмайман. Тўғри, хотин кўчада миллионта бўлиши керак. Биттасига уйлансангиз, у аёлингиз бўлиб кетаверади. Аммо фарзанд эркакнинг бир бўлаги, унинг вужудидан яралган инсон. Бунинг савол-жавоби жуда оғир бўлади, сиз фарзандингиздан воз кечдингизми, кун келиб сиздан ҳам воз кечишади. Бу қайтар дунё, — дейди Ботир Қодиров.

Бошловчи хонандадан отаси ҳақида очиқча гапиришини сўраганида, Ботир Қодиров қуйидагича жавоб берди.

Фото: Instagram / @botirqodirovofficial

— Бу саволга жавобни қиёматга қолдирганман. Сизга бир қизиқ ривоятни айтиб бераман. Бир оилада ўғил фарзанд дунёга келибди. У ота-онаси билан бахтли яшабди. Аммо бола 5 ёшга тўлганида ота-онаси айрим сабабларга кўра ажрашибди. Аммо ота фарзандидан хабар олар, бола ҳам ота томон қариндошлари билан борди-келди қилар экан. Бобо-бувисининг уйига борар, улар орасидаги муносабат ниҳоятда илиқ экан. Бола 20 ёшга тўлганида бир қучоқ орзу-умидлар билан отаси яшайдиган шаҳарга келади ва ундан ёрдам сўрайди.

“Сени ўқитаман” деган ота гапининг устидан чиқмайди. Бир куни боланинг олдига отасининг тан соқчиси келиб, уни хўжайинининг олдига олиб боради. Ота боласига жуда қийин шарт қўяди, яъни у берган фамилиядан воз кечишини сўрайди. Чунки у пайтда бола ўз кучи билан танилиб келаётган бир пайт эди. Бола онасининг олдига бориб, бўлган воқеаларни айтиб беради. Охири отасининг эмас, онасининг фамилияси билан мақсадларини амалга оширишга қарор қилади.

Аммо бу осон кечмайди. 20 ёшига қадар фалончининг ўғли бўлган инсон бирдан фамилиясини ўзгартирса, одамлар ҳар хил қабул қилишади. Миш-мишлар, ортиқча гап-сўзлар... Аллоҳнинг инояти билан бола ўз кучи билан мақсадларини амалга оширади, ҳатто отасининг фамилиясисиз ҳам машҳурликка эришади. Ва у отасининг хатти-ҳаракатларининг жавобини қиёматга қолдиради. 
Баъзи одамлар “Ботир очиғини айтмайди, қўрқади”, деб ўйлашлари мумкин. Аммо мен ҳеч нарсадан қўрқмайман, агар исташса, ген экспертиза қилдиришга ҳам тайёрман, — дейди хонанда Ботир Қодиров.

Хонанда бетоб бўлганида онасини тушида кўргани ҳақида сўзлаб берди.

— Яқинда бурнимни операция қилдирдим. Аслида унақа оғир амалиёт эмас. Аммо ўша куни онам тушимга кирди. Руҳлар олами бор, онам мендан хавотир олганини сездим, — дейди хонанда Ботир Қодиров.

Ботир Қодировга Шерали Жўраевнинг қўшиқларини куйлашни тақиқлашгани ва бу ҳуқуқ фақат Шоҳжаҳон ва Зоҳиршоҳ Жўраевга берилгани ҳақида айтиб ўтди.

— Тўй хизматларининг бирида Шерали Жўраевнинг қўшиғини ижро этганим билан боғлиқ видеони Instagram тармоғига жойлагандим. Уйимга огоҳлантириш хати келди. “Бу қўшиқни куйлашингиз мумкин эмас, бу ҳуқуқ фақат Шоҳжаҳон ва Зоҳиршоҳ Жўраевларга берилган”, деган мазмундаги огоҳлантириш хати экан. Аччиғим чиқди ва ўша куни уларнинг продюсерига қўнғироқ қилдим. У ака билан илгари бирга ишлаганимиз учун мени “Мени Шоҳжаҳон ёки Зоҳиршоҳ билан учраштиринг, мен ҳеч қандай ёмон иш қилганим йўқ-ку, уларга нима ёқмабди”, дедим. Аммо у мени учраштиргани йўқ.

Аслида, менинг муаллифлик қўшиқларим кўп, тўйларга фалончининг эмас, айнан ўзимнинг қўшиқларимни айтишим учун таклиф қилишади. Аммо қўшиқ яшаши учун уни қайта-қайта ижро этишса, яхши-ку. Бунинг қандай ёмон томони бор? Бу дунёдан ҳеч бир инсон зиғирча нарсани ҳам ўзи билан олиб кетолмаган. Қўшиқ учун талашиш қанчалик тўғри экан?! Шахсан мен қўшиқларимни ижро этишларига қарши эмасман, қайтанга бошқалар ҳам ижро этишса, уларнинг умри узайиб бораверади, — дейди Ботир Қодиров.



Ботир Қодиров, Шерали Жўраев, Тан олинмаган фарзанд

arenda kvartira tashkent

Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Маданият » “Тан олинмаган фарзандман”: Ботир Қодиров 15 та фарзанди борлиги ва унга Шерали Жўраевнинг қўшиқларини айтишни тақиқлашгани ҳақида