Онколог шифокорнинг ғайриодатий газаги барчани ҳайратга солди

Онколог шифокорнинг ғайриодатий газаги барчани ҳайратга солди
ҚисқачаAI ёрдамида тайёрланганКўрсатиш
  • Саратон шифокори Амит Гаргнинг музлатилган нўхатни турли усулларда истеъмол қилиш услуби интернетда кенг муҳокама қилинди.
  • Доктор Гаргнинг таъкидлашича, музлатилган нўхат янги узилган маҳсулотлар каби озиқавий қийматга эга бўлиб, у вино бокалида пармезан пишлоғи, сариёғ ва туз билан, эзилган ҳолда нон устига суртиш учун дип сифатида, ёки грек ёгурти, фета пишлоғи, ялпиз ва зайтун ёғи билан аралаштириб истеъмол қилинади.

Саратон касалликлари бўйича шифокор Амит Гаргнинг одатий газаклари ижтимоий тармоқларда қизғин муҳокамага сабаб бўлди. Айниқса, унинг музлатилган нўхатни ғайриодатий усулларда истеъмол қилиши кўпчиликнинг эътиборини тортди.

45 ёшли доктор Гарг музлатилган нўхатни яхши кўришини айтиб, бундай сабзавотлар янги узилган маҳсулотлар каби озиқавий қийматга эга бўлиши мумкинлигини таъкидлаган. Унинг газаклар ҳақидаги видеоси интернетда тарқалиб, қарийб 30 минг киши унга муносабат билдирган.

Шифокор нўхатни уч хил усулда истеъмол қилади. Унинг биринчи вариантида музлатилган нўхат вино бокалига солиниб, унга пармезан пишлоғи, сариёғ ва туз қўшилади. Яна бир усулда нўхат эзилиб, дип тайёрланади ва нон бўлагига суртилади. Учинчи вариантда эса нўхат грек йогурти, фета пишлоғи, ялпиз ва зайтун ёғи билан аралаштирилади.

Доктор Гарг сабзавот ва меваларга сариёғ қўшишни ҳам ёқтиради. Бу одат черносливга ҳам тааллуқли. Айрим интернет фойдаланувчилари эса бундай газакда калория жуда кўплигидан ҳайратланган.

Шунга қарамай, шифокор ўз танловини ҳимоя қилмоқда. Унинг айтишича, тадқиқотлар янги ва музлатилган нўхат таркибида оқсил, клетчатка, С витамини, ҳамда В гуруҳи витаминлари бўйича ўхшаш кўрсаткичлар мавжудлигини кўрсатади.

«Музлатилган сабзавотлар яхши муқобил ва улар узоқроқ сақланади», — деди 63 минг нафар обуначиси бор шифокор Need To Know нашрига.

Сариёғ таркибида тўйинган ёғлар кўп бўлиб, холестерин миқдорини ошириши мумкин. Зайтун ёғи соғломроқ муқобил саналса-да, доктор Гарг сариёғ сабзавотларга қўшимча таъм бериб, уларни истеъмол қилишни осонлаштириши мумкинлигини таъкидлайди.

Бироқ унинг рецепти барчага ҳам ёқмаган. «Йўқ, нўхат эмас», «Сариёғ қаерда?» ва «Черносливни сариёғ биланми?» каби изоҳлар қолдирилган. Айримлар эса бу ғояни маъқуллаб, нўхатни яхши кўришини билдирган.

Доктор Гаргнинг бошқа севимли газаклари орасида ёнғоқлар, грек йогурти, резавор мевалар, олма, ҳумус ва бодринг каби сабзавотлар бор.

Саратон шифокори сифатида у интернетдаги овқатланишга оид нотўғри маълумотлардан огоҳлантиради. Унинг таъкидлашича, айрим маҳсулотлар саратонни «озиқлантиради» ёки битта маҳсулот касалликнинг олдини олади, деган даъволарга ишониш тўғри эмас.

«Овқатланиш бунчалик оддий эмас. Мукаммал бўлиш шарт эмас, узоқ муддатга мўлжалланган соғлом одатларга эътибор қаратинг», — деди шифокор.

У рационда етарли миқдорда оқсил, мева-сабзавотлар, бутун донли маҳсулотлар, дуккаклилар ва ёнғоқлар бўлишини, юқори даражада қайта ишланган маҳсулотларни эса чеклашни тавсия қилади. Шунингдек, клетчаткага бой овқатланиш йўғон ичак ва тўғри ичак саратони хавфининг пасайиши билан боғлиқ эканини қайд этган.

Изоҳлар 0

…

Мавзуга оид янгиликлар