Ўзбекистонда хизмат кўрсатган артист Юлдуз Турдиева санъаткорлар оиласида туғилмаган бўлса-да, болаликдан хонанда бўлишга қизиққан. У мақом қўшиқларини ўрганиб, давраларда ижро этган. Юлдуз Турдиева Ўзбекистонда танилиб улгурмасидан аввал уни турк ва озарбайжонлик мухлислар яхши билишарди. Чунки у халқаро танловларда мақом қўшиқларини ижро этиб, тингловчилар меҳрини қозонганди.
“Онамнинг бизнесини касод қилганман”
Юлдуз Турдиева 1985 йили Бухоро вилоятида дунёга келган. Оддий оилада туғилганига қарамай, у болаликдан мақом қўшиқларига қизиққан. Хонанда болалиги билан боғлиқ воқеаларни қуйидагича эслайди.
Фото: Instagram / @yulduz_turdiyeva_official
— Эрка қиз бўлганман, ота-онам нима десам ҳам, йўқ дейишмасди. Аммо ниҳоятда қўрқоқ бўлганман. Ҳатто мактабга кетаётганимда йўлимдан мушук чиқиб қолса ҳам, қўрқиб уйга қайтиб келардим. Бу одатлар ҳалигача сақланиб қолган. Шу билан бирга, ниҳоятда меҳрибон ва қўли очиқ қиз бўлганман. Онам уйимиз ёнида кичик дўконча очганди. У ерда шоколад, печенье каби майда-чуйда ширинликлар ҳам сотиларди. Уларни олиб, синфдошларимга тарқатардим. Онам “Шунча шоколад қани? Нима қилдинглар, бизнесни касод қилиб?” деса, индамай тураверардим, дейди хонанда Юлдуз Турдиева.
“Гап-сўзлардан қўрқардим”
Юлдуз Турдиеванинг санъаткор бўлишига қаршиликлар бўлган. Аммо уни биринчи навбатда ота-онаси қўллаб-қувватлаган.
Фото: Instagram / @yulduz_turdiyeva_official
— Санъаткор бўлса, ундай бўлади, бундай бўлади, деган гап-сўзлар ҳамиша бўлган. Шу боис яқинларим ҳамиша атрофимда бўлишга, ёмон ниятли одамлардан ҳимоя қилишга ҳаракат қилган. Ўн беш ёшимга қадар онам ҳамиша ёнимда бўлган. Ҳеч бир тадбир ёки кўрик-танловга ёлғиз юборишмасди. Кейинчалик бу вазифани акам бажарган, ҳозирги кунда эса турмуш ўртоғим мен билан бирга, дейди хонанда.
“Устозимнинг ўғлига кўнгил қўйганман”
Хонанда турмуш ўртоғи билан санъат коллежида ўқигани ва қайнотасидан таҳсил олгани ҳақида сўзлаб берди.
Фото: Instagram / @yulduz_turdiyeva_official
— Турмуш ўртоғим билан тенгдошмиз, у билан Бухоро санъат коллежида бирга ўқиганмиз. Қайнотам иккимизга устозлик қилган, кейин Бухородан бирга Тошкентга келиб, Ўзбекистон давлат консерваториясига ҳужжат топширганмиз. Мен қўшиқ айтардим, турмуш ўртоғим эса довул чаларди. Аммо ҳеч қачон бу инсон билан оила қуришим ҳақида ўйлаб кўрмаганман. Иккинчи курсда ўқиётганимда менга бўлган муносабатлари ўзгараётганини сезиб қолганман. Курсдошлардан рашк қилишни бошлаган. Ёзги таътил кунлари мен Тошкентда қолардим, у қайнотам билан тўй хизматларига чиқиш учун Бухорога кетарди. Икки ой мен учун ниҳоятда оғир ўтганини ҳис қилардим. Чунки Улуғбек энг яқин курсдошим ва ҳимоячим эди. Хуллас, устозимнинг ўғлига кўнгил қўйганман, дейди Юлдуз Турдиева.
“Қишда ойнасиз ижара уйда яшаганмиз”
Юлдуз Турдиева турмуш ўртоғи билан ўртаҳол оилада камол топган. Бундан ташқари, ўша йиллари Тошкентда доимий рўйхатда турмаган инсонларнинг яхши ишга жойлашиши ҳам муаммо эди. Хонанда ҳаётидаги энг оғир кунларни қуйидагича эслайди.
Фото: Instagram / @yulduz_turdiyeva_official
— Турмуш ўртоғим билан Тошкентга келганимизда ҳеч нарсамиз йўқ эди. Ишонасизми, бир йил ичида 10 та ижара уйда яшашимизга тўғри келган. Шароити яхшисининг пули тўғри келмасди. Ёки пули тўғри келганининг шароити қониқарсиз даражада бўларди. Биринчи қаватдаги дераза ойнаси йўқ хонадонда яшаганимиз ҳеч эсимдан чиқмайди. Кимдир кириб келса, нима қиламан, деб тонг отгунга қадар ухлолмасдим. Ҳатто бундай ижара уйга ўғлимни олиб келишга қўрқиб, уни қайнонамга ташлаб келгандим. У пайтларда пропискасизларни яхши ишга олишмасди. Шу боис турмуш ўртоғим билан ишга жойлашишга қийналганмиз. Ҳатто қониқарсиз даражадаги уйни ижарага олишга ҳам пулимиз қолмаганди. Ўшанда турмуш ўртоғимнинг дўстларидан бирининг бир хонали уйига кўчиб ўтгандик. У уйда ўндан ортиқ киши яшаб, битта қозондан овқат ердик, дейди хонанда Юлдуз Турдиева.
“Мени ғолибликка ундаган ҳис — она меҳри”
Ижара уйдаги шароит сабаб боласидан айро яшашга мажбур бўлган хонанда халқаро мусобақага катта миқдордаги мукофот пули қўйилгани ҳақидаги хабарни ўқиб қолади. Оналик меҳри уни танловда иштирок этиш ва ғалаба қозонишга ундайди.
Фото: Instagram / @yulduz_turdiyeva_official
— Боламни соғиниб юрган пайтимда Озарбайжонда ўтказиладиган Байналхалқ муғом фестивали ҳақидаги эълонни ўқиб қолганман. Бош соврин учун 15 минг АҚШ доллари деган жойини ўқиб, кўзларим порлаб кетган. Ўзимча бу пулга уй сотиб олиш ҳақида режалар тузганман.
“Қора бахши” қўшиғи — Озарбайжон юраги дейиларкан. Ўзбекистон давлат консерваториясида ишлайдиган Очил Матжоновдан қўшиқни ўргатишини сўраганман. Ўн икки кун давомида консерваториядан кетмай, қўшиқни ўрганганман. 2009 йили ўтказилган муғом фестивалида ғолиб бўлиб, илк катта мукофотни қўлга киритганман. Тошкентга қайтганимдан кейин уй олиш ҳаракатига тушганман. Ҳаммаси ниятга яраша бўлар экан, ўша пайтда 15 000 АҚШ долларига шаҳар марказидан икки хонали уй берарди. Уй сотиб олиб, оилам билан унга кўчиб ўтганмиз. Бу фестивал ҳаётимга қувонч олиб кирган. Ғолиб бўлишимга эса оналик меҳри сабаб бўлган, дейди хонанда.
“Баҳодир Йўлдошев мени четлаштирмоқчи бўлган”
Юлдуз Турдиева “Шарқ тароналари”да қатнашган йили режиссёр Баҳодир Йўлдошевдан танбеҳ эшитгани ва йиғлаб юборган кунларини қуйидагича эслайди.
Фото: Instagram / @yulduz_turdiyeva_official
— “Шарқ тароналари” фестивалига тайёргарлик бир неча ой давом этарди. Илк марта қатнашган йилим бир инсон келиб, фарзандининг тўйида иштирок этишимни қаттиқ илтимос қилган. “Йўқ, бу ердан кетолмайман”, деганман. Аммо у инсон ҳам оёқ тираб туриб олган. Охири репетиция бўлмайдиган вақтга тўйни тўғрилаб, бориб келишни режа қилганмиз. Аксига олиб, ўша вақтда режиссёр Баҳодир Йўлдошев мени излаб қолган экан. Тўйга кетганим ҳақида эшитиб, роса жаҳли чиққан. Менга қаттиқ танбеҳ бериб, фестивалдан четлаштирмоқчи ҳам бўлган. Йиғлаб вазиятни тушунтирганим ҳам фойда бермаган. Фақатгина эртаси куни “Майли, бу сенга охирги огоҳлантириш” деган, дейди хонанда.
Биотоки борлиги ростми?
Хонанда ноёб хислатли инсонлар тоифасига киради, унда биоток кучли бўлгани учун темир жисмлар унинг танасига ёпиша олади.
Фото: Instagram / @yulduz_turdiyeva_official
— Бу қобилият ҳисобланадими-йўқми, билмайман. Қўлимга, юзимга қошиқ ва санчқилар ёпишади. Бундай хислатим борлигини болалигимдаёқ билганмиз, дейди Юлдуз Турдиева
“Сиз турмуш ўртоғингиздан кўп пул топасиз”
Юлдуз Турдиева турмуш ўртоғи нега созандалик қилмаётгани ва унга нисбатан салбий фикр билдирадиган инсонларга қуйидагича жавоб берган.
Фото: Instagram / @yulduz_turdiyeva_official
— Илгари тўй ва концертларда турмуш ўртоғим созандалик қиларди. У профессионал ва ўз касбини севадиган инсон эди. Аммо оила қурганимиздан кейин маъмурлик ва созандалик қилиш уни бир оз чарчатиб қўйди. Шундан кейин “Улуғбек, сиз созандалик қилмай, ёнимда бўлсангиз бўлди”, дедим. Чунки маъмурликнинг ҳам бош оғриқлари кўп. “Сиз турмуш ўртоғингиздан кўп пул топасиз”, деб унга нисбатан негатив фикр билдираётганлардан ранжийман. Чунки одамлар билан ишлаш қийин, агар у маъмурлик қилмаганида, мен бемалол қўшиқ айтолмаган бўлардим, дейди Юлдуз Турдиева.
Фото: Instagram / @yulduz_turdiyeva_official
Юлдуз Турдиева 2023 йилда икки ўғилдан кейин қиз фарзандли бўлди. 38 ёшида дунёда келган қизалоғига Меҳрибон деб исм қўйди. Ҳомиладорлик ва туғуруқдан кейин тўлишганини кўпчилик кузатувчилари танқид қилишди. Хонанда бундай гап-сўзларга эътибор бермаслиги, муҳими ўзи ва фарзанди соғ эканлигини айтиб ўтди. “Замин” янгиликларини “Facebook”да кузатиб боринг
Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босингМавзуга оид янгиликлар
“Ҳизбуллоҳ” бир суткада Исроилга қарши 20 га яқин ҳарбий амалиёт ўтказди
Рамзан Қодиров Ғарб давлатларига ҳужум қилишга чақирди: “Ҳақиқий уруш қандайлигини ҳис қилишсин”
Ҳар пайшанба жисмоний тарбия ва спорт куни сифатида белгиланади
Суперлига. ОКМК сафарда "Пахтакор"ни мағлуб этди ва 11 йиллик қора анъанага чек қўйди
Халқаро жиноят судининг ордери Исроилни нега қўрқитяпти?
Италия суди Қуддус Исроил пойтахти эмаслиги ҳақида қарор чиқарди
Мeтаболизм секинлашганининг белгилари
2026 йилда бўлажак мундиалнинг фаворитлари рейтинги тақдим этилди