Голливудда катта шов-шув яратадиган навбатдаги лойиҳа ҳақида маълумот тарқалди. Машҳур актриса Анжелина Жоли ва 2005 йилда бутун дунё эътиборини қозонган “Жаноб Смит ва Смит хоним” фильмининг режиссёри Даг Лайман орадан йигирма йилга яқин вақт ўтиб яна бир майдонда бирлашмоқда.
Маълум қилинишича, Жоли бош ролда суратга тушадиган янги фильм “The Initiative” (“Ташаббус”) деб номланади. Universal Pictures студияси лойиҳа ҳуқуқларини сотиб олиш жараёнининг якуний босқичига кирган. Картина “жосуслик оламидаги бир кун” шиори билан эълон қилинмоқда. Бу эса 2001 йилда Дензел Вашингтон ва Итан Хоук иштирокида суратга олинган машҳур криминал драмага ишора сифатида баҳоланмоқда.
Фильм марказида Брэйт исмли ақлли ва жозибали жосус аёл туради. Анжелина Жоли ижро этувчи бу қаҳрамон ўз услубида ҳаракат қилиб, қоидаларни бузиши билан ажралиб туради. Унинг элита жосуслар гуруҳига Чарли номли янги аъзо қўшилгандан сўнг воқеалар шиддат билан ўзгариб, улар хавфли ўйин марказига тушиб қолади.
Сценарий муаллифи сифатида “Учта Х: Жаҳон ҳукмронлиги” ва “Автобаан” фильмлари билан танилган Ф. Скотт Фрейзер иш олиб бормоқда. Продюсерликни эса Голливудда яхши ном қозонган Жо Рот ва Жефф Киршенбаум ўз зиммасига олган. Улар жорий йил бошида Netflix учун “Ма’буда ва аждаҳо” фильми ҳамда “Сендан бошқа ҳаммаси” романтик комедиясини ҳам ишлаб чиққан эди.
49 ёшли Анжелина Жоли учун “Ташаббус” — жангарилик триллер жанрига яна бир маротаба йирик қайтиш деб баҳоланмоқда. Сюжет, қаҳрамонлар ва фильмнинг динамик йўналиши унинг кинокарьерасида навбатдаги муҳим қадам бўлиши мумкин.
Маълумотларга кўра, картинани суратга олиш ишлари 2026 йилнинг биринчи чорагида бошланиши кутилмоқда. Чарли образини қайси актёр ижро этиши эса ҳозирча ошкор этилмаган ва сир сақланмоқда. Бу эса фильм атрофидаги қизиқишни янада кучайтирмоқда.
Жоли ижросидаги янги жосус қиёфаси Голливуд саҳнасини яна бир марта титратиши ва унинг ижодий меросида янги саҳифа очиши кутилмоқда.
«Замин»ни Telegram’да ўқинг!