Анжелина Жоли шахсий ҳаёти ҳақида кутилмаган баёнот берди

Ҳолливуд юлдузи Анжелина Жоли собиқ турмуш ўртоғи Брэд Питт билан ажрашганидан буён шахсий ҳаёти ҳақида жуда кам гапириб келади. Актриса бу сафар қарийб ўн йилдан бери ҳеч ким билан учрашмаганини илк бор очиқчасига маълум қилди.
Жоли бу ҳақда Yahoo Entertainment нашрига янги «Couture» фильмини тарғиб қилиш чоғида берган интервьюсида сўз очди. Картинада актриса Париж мода ҳафталигида ишлаётган вақтда кўкрак саратони ташхиси қўйилган америкалик режиссёр Максин Уокер образини гавдалантирган.
Фильмда Максин оператор Антон (актёр Луи Гаррел ижросида) билан ишқий муносабат ўрнатади. Жолининг айтишича, ушбу қаҳрамонни ижро этиш унга фарзандлар тарбиясига бутун эътибор қаратиш билан бир вақтнинг ўзида шахсий ҳаёт учун ҳам ўрин топиш мумкинлигини англатган.

«Ростини айтсам, қарийб ўн йил аввал ажрашганимдан бери ҳеч ким билан учрашмадим. Шунинг учун фарзандларим ва оиламга эътибор қаратганимда, ҳаётимнинг бу қисми мен учун муҳим эмасдек туюларди», — деди актриса.
Унинг қўшимча қилишича, қаҳрамонини тушуниш жараёнида аёл бир вақтнинг ўзида ҳам қизини севиши, унга бағишланган бўлиши ва айни пайтда аёл сифатида меҳр ва муҳаббатга эҳтиёж сезиши мумкинлигини англаган.
51 ёшли Анжелина Жоли ва 62 ёшли Брэд Питт 2016 йил сентябрь ойида, икки йиллик турмушдан кейин ажрашган. Уларнинг ажрим жараёни саккиз йил давом этган. Собиқ жуфтликнинг олти нафар фарзанди бор: Мэддокс, Пакс, Захара, Шайло ҳамда эгизаклар Вивьен ва Нокс.


Актрисанинг сўзларига кўра, қизлари улғайганидан кейин унга фақат она сифатида эмас, балки ўз ҳаёти билан яшашни ҳам маслаҳат бера бошлаган.
«Мен яна ўзимни қайта кашф этаётгандекман. Энди яна яшашим, яна эркин бўлишим керак. Ҳаёт мени бироз синдирган бўлиши мумкин», — деди Жоли.
Аввалроқ Variety нашрига берган интервьюсида ҳам у ҳаётга бўлган курашчанлик руҳи яна қайтаётганини таъкидлаган. Актрисанинг айтишича, бунинг асосий сабабчиларидан бири фарзандлари бўлиб, улар энди катта бўлгани учун онасининг яна фаол ҳаёт кечиришини хоҳламоқда.

Шу билан бирга, хориж нашрлари ёзишича, собиқ жуфтликнинг фарзандларидан Мэддокс, Захара ва Шайло фамилияларидан «Питт» қисмини олиб ташлаш учун ҳуқуқий қадамлар ташлаган. Вивьен ва Нокс эса расман эмас, рамзий тарзда отасидан узоқлашгани айтилмоқда.






























Изоҳлар 0
…