Жаҳон киноиндустриясида ўз изини қолдирган “Калмар ўйини” сериали ортидан унинг юлдузлари яна экранларга қайтди. Бу сафар улар Netflix’да намойиш этилган “Бешиктебратар” (“Mantis”) фильми билан томошабинлар диққат марказига тушди.
Фильм 2025 йил 26 сентябрда платформада тақдим этилди ва қисқа вақт ичида бутун дунёда катта шов-шувга сабаб бўлди. Атиги бир ҳафта ичида уни 7 миллиондан ортиқ киши томоша қилган, умумий кўриш вақти эса 13,2 миллион соатга етган. Бу кўрсаткич фильмни Netflix’нинг энг кўп кўрилган учта фильми қаторига киритди.
Таниш чеҳралар ва янги синов
Картинанинг бош ролларини “Калмар ўйини” орқали миллионлаб мухлислар орттирган актёрлар — Им Ши Ван (333-рақамли ўйинчи) ва Пак Гю Ёнг (Кан Ноил) ижро этган. Улар иштирок этган “Бешиктебратар” нафақат Жанубий Корея, балки Вьетнам, Тайван ва Таиландда ҳам Netflix рейтингларида биринчи ўринни эгаллади.
Фильмдаги воқеалар ёлланма қотиллар ҳаёти атрофида кечади. Асар марказида Ли Ҳанул исмли тажрибали қотил турибди, у “Бешиктебратар” лақаби билан машҳур. У хизмат қилган йирик агентлик раҳбари вафот этгач, янги иш танлаш имкониятига эга бўлади. Аммо у ўз йўлини ўзгартириб, болаликдаги дугонасига ёрдам беришни афзал кўради — бу қарор уни бутунлай бошқа синовлар олдида қолдиради.
Им Ши Ван ушбу рол орқали нафақат драматик, балки психологик жиҳатдан ҳам мураккаб қаҳрамон образини яратган. Унинг ижроси томошабинлар томонидан юқори баҳоланди ва кўпчилик уни “Калмар ўйини”даги рольдан ҳам кучли деб атади.
Тасвир ва ижод жамоаси
Фильм режиссёри — машҳур корейс суратга олувчи Ли Те Сунг. Сценарий муаллифи эса тажрибали ёзувчи Бюн Сунг Ҳюн бўлиб, у сўнгги йиллардаги бир нечта триллер ва драмалар билан ном қозонган. Шунингдек, фильмда жанр усталаридан бири — актёр Чо У Жин ҳам иштирок этган.
Танқидчилар фикрича, “Бешиктебратар” корейс кинематографиясида янги босқич бўлиши мумкин. Унда жиноят ва драма элементлари мукаммал уйғунлашган, визуал таъсир ва саундтреклар эса фильмга халқаро даражада шиддат ва ҳиссиёт бағишлаган.
Томошабинлар ва муҳокамалар
Ижтимоий тармоқларда фильм ҳақидаги фикрлар тўлқин каби тарқалмоқда. Кўпчилик уни “Netflix’даги янги сенсация” деб атади. Айнан “Калмар ўйини” юлдузларининг қайта экранларга чиқиши ҳам мухлислар учун катта воқеа бўлди.
Фильмнинг муваффақияти Корея кинематографиясининг дунёдаги нуфузини янада оширмоқда. Netflix сўнгги йилларда айнан корейс триллер ва драма жанрларига катта эътибор қаратаётгани сир эмас — “Бешиктебратар” эса бу йўналишнинг янги намунаси сифатида баҳоланмоқда.
“Zamin”ни Telegram'да ўқинг!