
Актёр Азиз Раметов “IntervyuUZ” дастурида меҳмон бўлиб, “Застава” сериали суратга олинаётган пайтда юз берган ҳаёт-мамот лаҳзасини эслади. Унинг айтишича, ўша куни Алишер Узоқов уни оғир фалокатдан асраб қолган.
Азиз Раметов воқеани қуйидагича ҳикоя қилади:
“Алишер ака мен учун ҳақиқий ака. "Застава" сериалида отда чопаётган пайтимиз от чарчадими, тақаси тошга сирғалиб кетди ва бир оёғи қия ҳолатга тушди. От йиқилиб кетмасин деб ўзимни ён томонга ташладим, эгарни ушлаб қолдим. Қарасам, олдимизда катта харсанг тош турган экан ва от унга урилди. Шу пайтда бўйним косасидан чиқиб кетди, суякка тақалиб қолди. Бир қўлим билан эгарни маҳкам ушлаб, бошимни елкамга қўйдим.”
Шу лаҳзада Алишер акам вазиятни кўриб, менинг олдимга отда чопиб келган:
“Алишер акам Азиз, ушла! деб отни тўхтатиб қолдилар. Мансур акам эса кўзлари ёшга тўлиб, Азизжон укам! деб югуриб келди. Алишер акам ҳам йиғлаб, бақириб Мансур ака бир нима қилинг деб ёрдам сўради. Мансур акам ҳолатни кўриб, дарҳол рациядан чиқиб, ёрдам чақирдилар.”
Раметовнинг айтишича, суратга олиш гуруҳида табиб бўлган киши ҳам бор эди — у ҳам шифокор, ҳам каскадёр экан:
“У киши ҳаммаси яхши, бўйнингиз косасидан чиққан деб вазиятни тушунтириб, босқичма-босқич бўйнимни жойига солди. Ўша пайт ҳиқ-ҳиқ қилиб яна нафас ола бошлаганман.”
Азиз Раметовнинг ушбу ҳикояси тингловчиларни ларзага солди. Актёр ўша кунни эслар экан, Алишер Узоқовга ҳаётини сақлаб қолгани учун чуқур миннатдорчилик билдирди.
“Zamin”ни Telegram'да ўқинг!Меҳмон гуруҳидаги фойдаланувчилар ушбу мақолага изоҳ қолдира олмайди.