Юлдуз Усмонованинг елкасидаги "йўлбарс" татуировками ёки наклейка? Хонанда жавоб берди (видео)

ҚисқачаAI ёрдамида тайёрланганКўрсатиш
- Ўзбекистон халқ артисти Юлдуз Усмонова «ИнтервюТВ»га берган интервюсида елкасидаги йўлбарс тасвири туширилган татуировка ҳақида гапириб, уни Голландияда яшаган пайтида қилдирганини ва ҳозир афсусда эканлигини маълум қилди.
- Хонанда бу ишни ёшликдаги хатоларидан бири деб атаб, ёшларга бундай ишни қилмасликни маслаҳат берди.
Ўзбекистон халқ артисти Юлдуз Усмонова «ИнтервюТВ»га берган интервюсида елкасидаги йўлбарс тасвири туширилган татуировка ҳақида гапирди. Хонанда уни Голландияда яшаган пайтида қилдирганини айтиб, бугун бундан афсусланаётганини яширмади.
Суҳбат давомида журналист санъаткордан аввалги суратларида ўнг елкасида кўринган йўлбарс тасвири татуировками ёки вақтинчалик наклейка эканини сўради. Юлдуз Усмонова бу ҳақиқий татуировка эканини маълум қилди.
«Наклейка эмас. Мен татуировкани Голландияда яшаб турган пайтимда қилдирган эканман. Ҳали ҳам олдиролмаяпман. Татуировка қилдирмоқчи бўлганлар, илтимос, қилдирманглар. Бу жуда ярамас нарса экан. Қаерларга бормадим, лекин ҳозир лазердан бошқа нарса чиқмаган экан. Тўлиқ кетказиб бўлмаяпти. Ярими кетди, қолган қисми хиралашиб қолган», — деди хонанда.
Санъаткор бу ишини ёшликдаги хатоларидан бири деб атаб, бугунги ёшларга ўз тажрибасидан келиб чиқиб маслаҳат берди.
«Мен сизларга бир нарсани айтаман: ёшликда турли хатоларга йўл қўйганман, кўп нарсаларни бошимдан ўтказганман. Олдинга қараб интилганман. Татуировкани ҳам ўша аҳмоқгарчилик пайтида қилдирган эканман. Бундай қилманглар. Бу аҳмоқгарчилик», — дея таъкидлади у.
Бошловчи хонанданинг ўз хатосини очиқ тан олганини мардлик сифатида баҳолади. Бунга жавобан Юлдуз Усмонова инсон аввало ўз виждони ва Аллоҳ олдида жавобгар эканини айтди.
«Мен сизнинг олдингизда хато қилганимни тан олсам-олмасам, Аллоҳнинг олдида қандай қилиб тан олмайман? Барибир унинг олдида жавоб беришим бор. Агар хатойим бошқаларга ибрат бўлса, ундан сабоқ олишсин. Бундай ишни қилманглар, катталарнинг гапига қулоқ солишга ҳаракат қилинглар», — деди хонанда.
Ушбу эътироф ижтимоий тармоқ фойдаланувчилари орасида ҳам муҳокамаларга сабаб бўлди. Изоҳларда кўплаб кузатувчилар санъаткорнинг ўз хатосини яширмай тан олганини олқишлади.






























Изоҳлар 0
…