00:52 / 18 февраля 2020
8 108

Абдулла Қурбонов уни қамоқхонада кўргани Юлдуз Усмонова келгани ҳақида гапириб берди (видео)

Абдулла Қурбонов уни қамоқхонада кўргани Юлдуз Усмонова келгани ҳақида гапириб берди (видео)
Хонанда Абдулла Қурбонов «Дарё» интернет-нашри учун эксклюзив интервью берди. Интервьюни журналист Феруз Муҳаммад ташкиллаштирди.

Абдулла Қурбонов суҳбат давомида қамоқхонага тушган вақтларида санъаткор дўстлари, танишлари орасидан фақатгина Юлдуз Усмонова уни йўқлаб боргани ҳақида гапириб берди.

- Шунча санъаткорларнинг ичида Юлдуз Усмонованинг мард тарафларидан биттаси — қамоқда эканлигимда Қашқадарёдаги қамоқхонага мени кўргани борган эканлар.

Қамоқхонага бориб, раҳбарларни чақириб, «шу бола менинг боламдай, менинг укам, мен энг яхши кўрган санъаткорлардан биттаси бу, унга эътиборни жиддийроқ қилинглар, бу ҳали халққа керак. Ҳар хил гап-сўзлар эшитяпмиз, ишқилиб болага тазйиқлар йўқми, ҳеч қанақа зулмлар йўқми?», деб мендан хабар олишга борганлар.

Майли, одамнинг нарсаси эмас, одамни эътибори муҳим, қанча санъаткорлар бўлган ўша пайт, қўрққан ҳаммаси, худди менга яқинлашса, уларни ҳам қамаб қўядигандек туюлган уларга. Тўғриси-да, қўрққан. Одамлардан эмас, Худодан қўрқишсин! Ўша пайт Юлдуз опа ҳеч нимадан қайтмасдан Қашқадарёга жамоа билан борган эканлар. Менинг қайси қамоқхонада эканлигимни суриштиришган.

Мени раҳбарият чақириб, «Юлдуз Усмонова сенга ким бўлади?», деб савол беришганда мен хавотирда бўлдим. Нима бало, опамгаям бир нарсалар бўлганмикан, деган фикрда бўлиб турганимда, «ўйлама, қўрқма, хавотир олма. У одамга ҳеч қанақа ёмонлик қилмаймиз, тўғри маънода сўраяпмиз, ким бўлади?», деганида, мен «опам бўладилар, ҳурмат қиламан, нима гап?» десам, шу ерга келдилар, лекин қонун доирасида учраштириш мумкин эмас, нимагаки, фамилия тўғри келмайди, «фақатгина оилангга рухсат, бошқаларга мумкин эмас деган қонун бор», дейишганда улар ҳам, опа ҳам тўғри тушунганлар.

«Майли, фақат менинг шахсий илтимосим, менинг келганимни чақириб, менинг номимдан икки оғиз ҳол-аҳволини сўраб қўйинглар», деганлари катта эътибор. Кўряпсизми эътиборни, мисол, менга жонлари ачиб, нима учун борганлар, қайсидир жиҳатим опага хуш келган, қайсидир характеримни яхши кўрадилар Юлдуз опам.

Худога шукр, Юлдуз опам билан ҳам битта саҳнада ижод қилиб келганмиз. Мустақиллик пайтлари, мустақиллик байрамларида, бирга нечта тадбирларда қатнашганман, эл-юрт хизматларида кўпинча бирга бўлиб қоламиз. Ростмана, тўйхонага опа билан баравар ёки ундан олдин келган бўлсам ҳам, менга навбат беришмоқчи бўлса, мен «Юлдуз опага бергин», дейман. Сабаби, ҳам устоз, ҳам биздан катта, ҳам аёл киши. Аёл киши боши билан, унча-мунча эркак киши қилмаган меҳрни берган шу одам. Шунинг учун ҳам опани яхши кўраман, - Абдулла Қурбонов.

Абдулла Қурбонов суҳбат давомида қамалишининг сабаби, нега ижодида турғунлик бўлаётгани, 2019 йилдаги у билан боғлиқ бир қанча шов-шувли вазиятларга ойдинлик киритган.
Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Фикрлар (0)