16:45 / 04.08.2020
1 404

Рани Мукержи ва Адитя Чопра: Муҳаббатга айланган дўстлик ҳикояси

Рани Мукержи ва Адитя Чопра: Муҳаббатга айланган дўстлик ҳикояси
Рани Мукержи ва Адитя Чопра ўртасидаги муносабатлар кўплаб шов-шувларга сабаб бўлган. Улар ишқий муносабатларини ошкор қилмаган ҳамда кўпчилик санъаткорлар сингари муносабатларидан реклама мақсадида ҳам фойдаланмаган.

Фото: Lianetta
2014 йил 21 апрель куни Рани Мукержи ва Адитя Чопра турмуш қуриб, мухлисларини ҳайратда қолдирди. Уларнинг тўйи Италияда фақат қариндошлари ва яқин дўстлари даврасида бўлиб ўтди. Фақат тўйларидан кейингина Рани Мукержи турли интервьюларда Адитя билан муносабатлари ва никоҳи ҳақида гапириб берди.

«Бизнинг муносабатларимиз бошланганда у менинг продюсерим эмасди. Биз Адитя рафиқаси билан ажрашганидан сўнггина учрашишни бошлаганмиз. Мен ўз продюсери билан учрашиб юрадиганлардан эмасман», – дейди актриса интервьюларидан бирида.

Фото: Lionetta
Рани Адитя билан илк учрашуви Sampan ресторанида бўлганини айтади. Ўша пайтда Адитя Чопра ҳали биттагина фильм ишлаган эди. Аммо «Ўғирланмаган келин» фильми уни аллақачон машҳур қилиб улгурганди. Адитя Чопра Ранини ёш актриса унга эргашади, деб ўйлади, аммо бундай бўлмади. Бу ҳолат уни хафа қилди, албатта. Кейин у Ранини Каран Жоҳарга тавсия қилади ва уни «Ҳаётда ҳамма нарса бўлади» фильмида рол ўйнашга таклиф қилади.

Аввалига Адитя ва Рани жуда яқин дўстлар эди. Улар энг қийин вазиятларда ҳам бир-бирини қўллаб-қувватлади. Бу дўстлик бора-бора севгига айланди. Адитя Ранининг ота-онасидан қизининг қўлини сўраганида, улар буни ижобий қабул қилади ва ҳатто хурсанд бўлди.

Фото: Onmanorama
Рани интервьюларидан бирида Адитя ҳақида шундай дейди: «Биз бир-биримизга жуда ўхшаймиз. У ота-онасини севади ва ҳурмат қилади. Мен учун ота-онам бутун дунём. Адитяда салбий жиҳатлар деярли йўқ. У ҳеч кимга озор бермайди. Мен ҳар доим турмуш ўртоғим жуда яхши инсон бўлишини хоҳлаганман. У билан танишганда, мен ўзимни топдим. Ва у мен билан учрашганда ўзини топди. Бу муносабатларда жуда муҳимдир».

Адитя Чопранинг онаси интервьюсида Рани ўғлига қандай ижобий таъсир кўрсатганини айтади: «Ади ҳозир бутунлай бошқа одамга айланган. У хурсанд ва юзида доим табассум. Рани уни яхши томонга ўзгартирди. Улар бахтли экан, мен қандай хурсанд бўлмай?!»

2015 йил 9 декабрь куни Адитя Чопра ва Рани Мукержи хонадонида қиз фарзанд дунёга келди. Унга Адира деб исм қўйди. Бу ном улар исмининг биринчи бўғинидан олинган. Адитя ва Рани қизларини матбуотдан узоқроқ тутишга ҳаракат қилади. Шу сабабдан қизининг тармоқдаги фотосуратлари кўп эмас.
Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Фикрлар (0)

Маданият янгиликлари